Судандаги қуролли жанглар ҳамда унинг сиёсий курашларга таъсири

3047
0

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Саволга жавоб

Судандаги қуролли жанглар ҳамда унинг сиёсий курашларга таъсири

Савол: Скай Ньюз арабийя ўз сайтида АҚШнинг 2023 йил 23 апрел якшанба куни эрталаб ўз дипломатларини эвакуация қилганини қуйидагича ёритди: (Якшанба куни эрталаб АҚШ президенти Жо Байден бир неча кундан бери шиддатли жангларга саҳна бўлаётган Судандан америкалик дипломатларнинг эвакуация қилинганини маълум қилди. Байден ўз баёнотида «Америкалик ҳарбийлар бугун (якшанба) куни менинг буйруғим билан АҚШ ҳукумати ходимларини Хартумдан олиб чиқиш операциясини амалга оширишди», деди)… Aрабий 21 ҳам 2023 йил 23 апрел куни ўз сайтида бундай хабар тарқатди: (Америкалик дипломатларнинг эвакуация қилингани ҳақида Судан ҳарбийлари ҳеч қандай изоҳ бермади. Бироқ улар аввалги баёнотда Қўшма Штатлар, Британия, Франция ва Хитойнинг ўз дипломатлари ва бошқа фуқароларини Хартумдан эвакуация қилмоқчилигини айтиб, бунинг «дарҳол бошланиши кутилаётгани»ни қўшимча қилишган эди)…

Ушбу эвакуация Суданда бўлаётган жангнинг давом этишини англатадими? Хусусан, Бурҳон ҳам, Ҳамидатий ҳам Американинг малайлари эканини инобатга олсак, бу жангларни қандай изоҳлаш мумкин? Ёки улардан бири Британия ва Европага мойил бўлиб қолдими ва шунинг учун жанглар бўляптими? Кейин, бу жанглар охирида қандай ечим кутилади? Ташаккур.

Жавоб: Жавоб тиниқ бўлиши учун конституциявий декларациядан ва унга қарши ҳарбий тўнтаришдан бери бўлаётган воқеа-ҳодисаларни кўриб чиқамиз:

Биринчи: Конституциявий декларация босқичи:

  • «Конституциявий декларация» ҳарбий кенгашдан иборат Америка малайлари ҳамда фуқаролик тузилмадан иборат Британия ва Европа малайлари устидан ўз ҳукмини ўтказар эди. 2019 йил 17 августда икки томон ўртасида имзоланган бу декларация 2020 йил 3 октябрда имзоланган Жуба келишувидан сўнг вақти ўзгартирилди. Яъни ўтиш даври 51 ойга узайтирилиб, бошқарув фуқаролик тузилмасидагиларга 2021 йил ноябр ойида ўтадиган бўлди… Конституциявий декларацияда кўплаб куч марказлари ҳарбий тузилмадан фуқаролик тузилмага ўтказиш белгилангани боис, бу нарса Бурҳон билан Ҳамидатийга ёқмади. Шу сабабли, фуқаролик тузилма ушбу марказларни эгаллашига икки ойча вақт қолганда давлат тўнтаришига уриниш аниқлангани эълон қилинди. Давлат тўнтаришига (инқилобга) уриниш ким тарафидан амалга оширилди денг, даволаниб қайтганига 5 кун бўлмаган ўзларининг одами Бакровий тарафидан. (Судан мудофаа вазири генерал-лейтенант Ясин Иброҳим инқилобга уринишнинг олдини олинганини, унда генерал-майор Абдулбоқий Бакровий етакчилик қилганини, у билан 22 нафар турли унвондаги офицерлар, унтер-офицерлар ва аскарлар қатнашганини маълум қилди… Би-Би-Си, 2021 йил 21 сентябр).
  • Биз ушбу инқилобга уринишни диққат билан ўргансак, унинг сунъий бўлганига гувоҳ бўламиз: Чунки (бу инқилобга уриниш етакчиси Баҳрул Жабал операциясида Бурҳон билан, Дарфур ғарбида эса Шамсиддин Каббоший билан бирга хизмат қилган… Арабий 21, 2021 йил 22 сентябр). Булар Судан армияси ва суверен кенгашининг юқори мартабали қўмондонларидир. Бошқача ибора билан айтганда, Бакровий ҳарбий қўмондонликдаги юқори мартабали Америка малайларига жуда яқин ва ишончларини қозонган кимса. Шунинг учун ҳам инқилобга уриниш ҳақиқий эмас эди. Яъни инқилобга уриниш суверен кенгаш етакчилиги фуқаролик тузилмага ўтишидан олдин бошқарувни тартиблаштириб олиш ниятида Бакровий билан ҳарбий етакчиликнинг келишуви асосида бўлган. Бунинг ортидан (оммавий ахборот воситаларида ҳарбий тўнтариш амалга оширилаётгани ҳақида гап тарқалар экан, Судан армияси душанба куни эрталаб бош вазир Абдуллоҳ Ҳамдук билан бирга ҳукуматнинг аксарият аъзоларини, кўплаб расмийлар ва журналистларни ҳибсга олди. Ал-Жазира, 2021 йил 25 октябр). Ҳибсга олинган Ҳамдук маъмурияти томондан чиқарилган баёнотда бундай дейилди: (Бўлиб ўтган воқеалар конституциявий декларацияни йиртиб-парчалаш ҳамда қўзғолон ютуқларига қарши қилинган тўлиқ инқилоб ҳисобланади. Ал-Жазира, 2021 йил 25 октябр).
  • Бундан кўриниб турибдики, демак, Озодлик ва ўзгариш кучларидан иборат фуқаролик тузилма билан Ҳарбий кенгаш ўртасида 2019 йилда имзоланган келишув бир тузоқ эди. Бу тузоқ суверен кенгаш раислиги биринчи ҳарбийларга, ундан кейин фуқаролик тузилмага берилиши айтилган тузоқ бўлиб, уни ҳарбий кенгаш ўз ортида турган Америка билан биргаликда қўйган. Шунинг учун Озодлик ва ўзгариш кучлари – сизлар суверен кенгаш раислигини яъни Судандаги бошқарувни дастлабки 21 ойдан кейин ўз қўлингизга оласизлар, дея алдаб-авралган. Агар ҳақиқатда бу амалга ошганда эди, у ҳолда, Британия ва Европанинг юртдаги малайлари АҚШнинг Судандаги нуфузига таҳдид соладиган тарзда армия раҳбарияти ва уни молиялаштириш ишларида кенг қамровли ўзгаришлар ясашга муваффақ бўлардилар. Бу эса Америка рухсат бермайдиган ишдир.

Шундан сўнг, одамлар орасида – инқилоб масаласи тунда Бурҳон билан Ҳамидатий ўртасида конституциявий декларацияни барбод этиш ниятида уюштирилган, деган гаплар тарқалди… Кейин одамлар – баъзилари холис ниятда, баъзилари фуқаролик тузилмасидагиларнинг ундови билан – кўчаларга чиқишди ва бошланган норозилик намойишлари кунлаб, ҳатто ойлаб давом этди…

Иккинчи: доиравий келишув босқичи:

Aввалги инқилоб масаласи фош бўлиб, норозилик намойишлари кўчаларга тарқалганидан кейин, фуқаролик тузилмани тузоққа туширишнинг иккинчи босқичи бошланди. Яъни ҳарбий ва фуқаролик тузилмалари ўртасида музокаралар бошланиб, 2022 йил 5 декабрда доиравий келишув имзоланди. Бизнинг 2022 йил 11 декабрдаги саволга жавоб нашримизда бу ҳақда қуйидаги сўзлар келганди: («… Келишувнинг иккинчи қисми қуйидагиларни ўз ичига олади: «Ўтиш даври ваколати тўлиқ фуқаролик ҳокимиятига ўтказилади… Давлатда фахрий вазифаларни бажарадиган президент бўлади… Ижроий табақага фуқаролик тузилмадан чиққан бош вазир раислик қилади»… Келишувда яна айтилишича, «Армия сиёсатдан ҳамда иқтисодий, тижорий ва инвестиция фаолиятларидан узоқлашади. Тезкор қўллаб-қувватловчи кучлар ва қуролли ҳаракатлар кучлари интеграция ва демобилизация комиссияси томонидан келишиладиган тартибларга мувофиқ ҳамда хавфсизлик ва ҳарбий ислоҳотлар режаси доирасида армия таркибига киритилади…»). Келишув 2023 йил 6 апрелда якуний имзолашни, 2023 йил 11 апрелда фуқаролик ҳукумати тузишни тақозо қилар эди. Лекин ишлар қуйидагича тус олди:

  • Ўша куни 2023 йил 6 апрелда, яъни ўтиш даври конституцияси имзоланиши керак бўлган ва ўтиш даври ҳукумати тузилишига беш кун қолган кунда АҚШ ташқи ишлар вазирининг Африка ишлари бўйича ёрдамчиси Молли Ҳамидатий ва Судандаги сиёсий жараён матбуот котиби Холидумар Юсуф билан телефон суҳбати ўтказди: (Молли суверен кенгаш раисининг ҳар икки ўринбосари, яъни Тезкор қўллаб-қувватловчи кучлар қўмондони Ҳамидатий ва сиёсий жараён матбуот котиби Холидумар Юсуф билан телефон орқали суҳбатлашди. Бундан бир неча кун аввал суверен кенгаш раиси ва армия қўмондони Бурҳон билан ҳам телефон орқали гаплашган эди… Судан Трибюн, 2023 йил 6 апрел).
  • «Arabicpost» веб-сайти 2023 йил 19 апрел чоршанба куни Нью-Йорк Таймс газетасининг ўша кунги хабарларидан иқтибос келтирган ҳолда жорий йилнинг 15 апрел куни содир бўлган тўқнашувнинг илк соатларига оид энг долзарб маълумотларни тақдим этди: (14 апрел жума куни оқшомда Бурҳон билан Ҳамидатий ўртасида хорижлик вакиллар иштирокида музокаралар учрашуви бўлиб ўтди. Юқори мартабали ҳарбий қўмондонлардан бирининг уйида кечки овқатдан олдин ўтказилган ушбу музокарада ваъдалар берилди ва ён беришлар тақдим қилинди… «Arabicpost», 2023 йил 19 апрел).
  • Ана шундан сўнг 2023 йил 15 апрел шанба куни армия билан Тезкор қўллаб-қувватловчи кучлар ўртасида тўсатдан шиддатли тўқнашувлар бошланди. Бу эса бошқарувни Британия малайи бўлган фуқаролик кучларга ўтказиш борасидаги умидларга берилган навбатдаги зарба бўлди… Шу тарзда, Судандаги америкапараст ҳарбий тузилма билан британияпараст фуқаролик тузилма ўртасида давом этиб келаётган сиёсий зиддият Бурҳон билан Ҳамидатий ўртасидаги жанговар майдонга кўчди. Биз 2023 йил 19 март куни нашр қилинган саволга жавоб нашримизда бундай дегандик: (Шу боис, ҳарбий тузилма Тезкор қўллаб-қувватловчи ва бошқа кучларни армияга қўшишда Бурҳон ва Ҳамидатийнинг келиша олмаганликларини баҳона қилиб, доиравий келишув ижросини кечиктиришнинг уддасидан чиқиб келяпти. Бу нарса вазият ва шартлар келишувни ўзгартиришга ҳамда фуқаролик тузилманинг ҳар қандай ҳақиқий таъсиридан уни тозалашга йўл очгунга қадар давом этади. Бурҳоннинг «яқин орада» деган сўзининг маъноси ҳам мана шу. У бундай деган эди: (Мамлакат фуқаролик бошқарувини ўрнатиш йўлидан кетмоқда, яқин орада фуқаролик ҳукумати ўрнатилиши мумкин. Иттиҳод, 2023 йил 19 март). Ана шунда доиравий келишув ҳарбий тузилма талабларига мос равишда татбиқ қилинади ва келишув ижроси яқинда ёки кейинроқ бўлишидан қатъий назар, Бурҳоннинг «яқин орада», деган гапи амалга ошади! Агар келишув ҳарбий тузилма талабларига мос равишда бўлмаса, Тезкор қўллаб-қувватловчи кучларни армияга қўшиш Бурҳон билан Ҳамидатийнинг келишолмаётгани сабабли қийин бўляпти, деган нарса баҳона қилиниб, доиравий келишувнинг бекор қилиниши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Яъни конституциявий декларацияни янгича услуб билан бекор қилиш сценарийси яна такрорланади…). Иқтибос тугади.
  • Мухолафатчи сиёсий кучлар армия билан Тезкор қўллаб-қувватловчи кучларга мурожаат қилиб, уларни ўзаро ўрталаридаги жангларни тўхтатишга чақира бошлади. Ҳолбуки, бу кучлар армия ҳамда Тезкор қўллаб-қувватловчи кучларнинг ҳар иккисига ҳам қарши эди. Энди эса уларни ўзаро ўрталаридаги жангларни тўхтатишга чақирадиган бўлиб қолишди. Шунингдек, армия тузилмасини сиёсий ҳаётдан узоқлаштириш ва фуқаролик ҳукуматини ўрнатишдан иборат ўзларининг талабларини ҳам унутиб қўйишди: («Озодлик ва Ўзгариш кучлари марказий кенгаши ўз баёнотида Қуролли кучлар ва Тезкор қўллаб-қувватловчи кучлар қўмондонлигини соғлом фикр билан ҳаракат қилишга, ҳарбий тўқнашувларни зудлик билан тўхтатиб, музокара столига қайтишга чақирди ҳамда ечилмаган муаммоларни ҳал этиш варианти тинч йўл билан ҳал этишдан иборат эканини таъкидлади». Ал-Жазира, 2023 йил 16 апрел). Шу тариқа мухолафат бошқача мухолафатга айланиб қолди. Яъни сиёсий мухолафат – мухолиф куч эмас, балки армия билан Тезкор қўллаб-қувватловчи кучлардан иборат сохта мухолафат кучлари ўртасини яраштирувчи бўлиб қолди!
  • АҚШ Давлат департаменти баёнотида бундай дейилди: (Блинкен жабрланганларга гуманитар ёрдамлар етказилишига рухсат берилиши учун ўт очишни тўхтатиш зарурлигини таъкидлади. Скай Ньюз, 2023 йил 18 апрел). Тўқнашувни тўхтатишни эмас, балки ўт очишни тўхтатишни истаётган Блинкеннинг бу чақириғини томонлар дарҳол қабул қилишди. Армия ўтиш даври суверен кенгаши аъзоси Шамсиддин Каббоший орқали қуйидагича маълум қилди: («Суверен кенгаш сешанба куни кечқурундан бошлаб 24 соатлик оташкесимга рози бўлди». Арабийя, 2023 йил 18 апрел). Америка ўзининг ташқи ишлар вазири Энтони Блинкен орқали талаб қилган сулҳга Тезкор қўллаб-қувватловчи кучлар ҳам рози бўлди. Унинг баёнотида бундай дейилади: («АҚШ ташқи ишлар вазири жаноб Энтони Блинкен билан бўлиб ўтган мулоқотга асосланган ҳолда ҳамда тинч аҳолининг қатнови ва ярадорларнинг эвакуациясини кўзлаб, хавфсиз йўл очиш учун бизни ўт очишни тўхтатишга чақирган қардош ва дўст давлатларнинг саъй-ҳаракатларига асосланиб, 24 соатлик оташкесимга рози эканимизни билдирамиз». alrakoba.net, 2023 йил 18 апрел). Бу – Бурҳон билан Ҳамидатийнинг америкаликларга эргашиб, уларнинг буйруқларини дарҳол бажараётганликларини исботлайди. Агар америкаликлар жангни бутунлай тўхтатишни жиддий талаб қилсалар, ҳар иккиси ҳам ўша заҳоти тўхтатишади. Бироқ Америкаликлар улардан 24 соатлик сулҳни талаб қилишди. Бу эса, жангни давом эттиришга америкаликларнинг рухсат берганини англатади.
  • 2023 йил 19 апрелдa AҚШ давлат департаменти матбуот котиби ўзининг исми ошкор этилмаслиги шарти билан Шарқул Авсатга бундай баёнот берди: («AҚШ Давлат департаменти Судандаги ҳарбий можаро бўйича ишчи гуруҳ тузди. Бу ишчи гуруҳ Судандаги воқеалар билан боғлиқ департаментнинг режалаштириш, бошқариш ва логистика ишларини назорат қилиш билан шуғулланади… Бизнинг асосий эътиборимиз зудлик билан оташкесимга эришишга қаратилган». У яна бундай қўшимча қилди: «Биз Тезкор қўллаб-қувватловчи кучлар билан Судан Қуролли кучларига 24 соатлик оташкесимни таъминлашлари учун босим ўтказишда давом этамиз ва ҳар иккисини ҳам барча кучларнинг оташкесимга риоя қилишини таъминлашга чақирамиз». Шарқул Авсат, 2023 йил 19 апрел). Бу икки томон ўртасидаги можарони айнан америкаликлар бошқараётганини ва улар ўз мақсадларига эришмагунча жангларни ҳозирча бутунлай тўхтатмоқчи эмасликларини тасдиқлайди.
  • Байден ўз баёнотида («Америкалик ҳарбийлар бугун (якшанба) куни менинг буйруғим билан АҚШ ҳукумати ходимларини Хартумдан олиб чиқиш операциясини амалга оширишди», деди. Шунингдек, Жибути, Эфиопия ва Саудияга миннатдорчилик билдириб, «операциямизнинг муваффақияти учун муҳим ёрдамларни кўрсатишди», дея уларни олқишлади. Судандаги можаро тарафларидан бири бўлган Тезкор қўллаб-қувватловчи кучлар Қўшма Штатлар билан келишилган ҳолда Хартумдаги АҚШ элчихонасидан америкалик дипломатлар ва уларнинг оила-аъзолари эвакуация қилинганини якшанба куни эрта тонгда маълум қилди. Кейинроқ CNN «барча америкалик дипломатлар ва уларнинг оила-аъзолари Америка ҳарбий самолётларида Суданни хавфсиз равишда тарк этганини» билдирди. Кейин «Дипломатларнинг кетиши билан АҚШнинг Хартумдаги элчихонаси ёпилди», дея қўшимча қилди… Скай Ньюз арабий, 2023 йил 23 апрел). Aрабий 21 ҳам 2023 йил 23 апрел куни ўз сайтида АҚШ президенти Жо Байденнинг эвакуацияга оид баёнотини нашр қилиб, бундай қўшимча қилди: (Америкалик дипломатларнинг эвакуация қилингани ҳақида Судан ҳарбийлари ҳеч қандай изоҳ бермади. Бироқ улар аввалги баёнотда Қўшма Штатлар, Британия, Франция ва Хитойнинг ўз дипломатлари ва бошқа фуқароларини Хартумдан эвакуация қилмоқчилигини айтиб, бунинг «дарҳол бошланиши кутилаётгани»ни қўшимча қилишган эди)… Буларнинг барчаси жангнинг янада авж олишини кўрсатмоқда…
  • Америка 2023 йил 25 апрел сешанбага ўтар кечадан эътиборан 72 соатлик сулҳ эълон қилди: (Блинкен ўз баёнотидa, «Сўнгги 48 соат ичида давом этган қизғин музокаралардан сўнг, Судан Қуролли кучлари билан Тезкор қўллаб-қувватловчи кучлар 24 апрел куни ярим тунда бошланиб, бутун мамлакат бўйлаб 72 соат давом этадиган оташкесимни татбиқ этишга келишиб олдилар», деди. Блинкеннинг таъкидлашича, «Қўшма Штатлар Судан Қуролли кучлари билан Тезкор қўллаб-қувватловчи кучларни шу вақт мобайнида ўт очишни тўхтатишга тўлиқ амал қилишга чақирган». Ал-Жазира мубашир, 2023 йил 25 апрел).

Ушбу доиравий келишув босқичидаги воқеа-ҳодисалар кўриб чиқиладиган бўлса, оташкесимни Aмерика назорат қилаётгани, воқеаларни бошқариб, икки малайи ўртасида ҳарбий можарога ўтин қалаётгани аён бўлади… Судан армияси билан Тезкор қўллаб-қувватловчи кучлар ўртасида юз берган бу тўқнашувлар Судандаги сиёсий курашни кескин равишда янги майдонга, яъни Британия ва Европа малайларини самарали бошқарув марказидан узоқлаштириш учун Америка томонидан чизилган майдонга кўчирмоқда. Ана шунда Америка майдоннинг барча томонини ўзи назорат қилади. Уни ҳалок бўлган ва жароҳатланган инсонларнинг сони ҳам, Судан ва унинг ҳарбий механизмининг вайрон бўлиши ҳам умуман ташвишлантирмайди. Булар Американинг энг охири хаёлига келадиган нарсалардир. Чунки унинг учун энг муҳими Суданда ёлғиз ўзи ҳукмронлик қилиши ҳамда Британия ва Европанинг бу борада у билан низолашмаслигидир.

Учинчи: Ҳамидатийнинг Бурҳонни ағдаришга уриниши ортида Британия билан Европа турибдими, деган саволга келсак, бундай бўлиши эҳтимолдан узоқ. Буни қуйидаги ишлар тасдиқлаб турибди:

  • Американинг минтақадаги малайлари курашаётган томонлар билан доим алоқада бўлиб келди. Агар Америка Ҳамидатийни инглизлар ва европаликлар тарафига ўтиб олди, деб билганда эди, Судан армиясига қонуний миллий ҳарбий муассаса деган эътиборда қараб, ўша малайларини Судан армиясини қўллаб-қувватлашга ундаган бўларди. Шунингдек, Тезкор қўллаб-қувватловчи кучларни ўз қонунийлиги масаласини армия билан кўриб чиқишга чақирган, яъни уни қонунийликдан маҳрум қилган бўларди. Дарҳақиқат, Саудия ҳар икки томон билан алоқада бўлиб келди. Бунга қўшимча, бугун Ал-Жазира телеканали Миср ташқи ишлар вазиридан иқтибос келтирган ҳолда, унинг Судандаги икки томон (Бурҳон ва Ҳамидатий) билан алоқада экани тўғрисида хабар тарқатди.
  • АҚШ давлат котиби ҳар икки томон билан алоқада бўлиб, уларни ўт очишни тўхтатишга чақирар эди: (Судан Тезкор қўллаб-қувватловчи кучлар қўмондони Муҳаммад Ҳамадон Дақлу Ҳамидатий ўзининг твиттердаги саҳифасида «Биз АҚШ Давлат котиби билан ушбу қонунбузарликларни ҳал этиш йўлларини муҳокама қилиш учун навбатдаги суҳбатни кутяпмиз», деди. Ал-Жазира, 2023 йил 18 апрел). (АҚШ Давлат котиби Судан армияси қўмондони Бурҳон ва Тезкор қўллаб-қувватловчи кучлар қўмондони Муҳаммад Ҳамадон Дақлу (Ҳамидатий) билан боғланиб, улардан гуманитар сулҳ тузишни талаб қилганидан сўнг сулҳга эришилди. Ал-Жазира нет, 2023 йил 18 апрел).
  • Агар Тезкор қўллаб-қувватловчи кучлар европаликлар фойдасига инқилоб қилаётган бўлганда эди, Озодлик ва Ўзгариш кучлари албатта унинг ёнини олган бўларди. Чунки Озодлик ва Ўзгариш кучлари армиянинг ҳокимиятдан кетишини ва фуқаролик бошқаруви ўрнатилишини кечаю кундуз талаб қилиб келади. Яъни ҳозирги тўқнашувлар бошланишидан олдин ҳам армия ва унинг қўмондони Бурҳонга очиқ қаршилик қилиб келар эди. Аммо ҳозирга келиб, оташкесимга чақирмоқда. Бошқача қилиб айтганда, Ҳамидатийнинг Бурҳонга қарши курашишга демократия ундаганлиги ҳақидаги сафсатасига қарамай, Озодлик ва Ўзгариш кучлари Ҳамидатий томонга ўтгани йўқ. (Судандаги Озодлик ва Ўзгариш кучлари армия ва Тезкор қўллаб-қувватловчи кучлар қўмондонларини зудлик билан ҳарбий тўқнашувларни тўхтатиб, музокара столига қайтишга чақирди. Шарқ газетаси, 2023 йил 16 апрел).

Кўриниб турибдики, бу тўқнашувлар Судандаги Европага тобе кучларни шокка тушириб қўйди. Улар бир тарафни бошқа бир тарафга қарши қўллаб-қувватлашаётганини билдирганлари йўқ. Шундай қилиб, Ҳамидатийнинг Британия томонига ўтиб олганлиги тўғрисидаги шубҳалар тарқади. Дарҳақиқат, у Бурҳон каби Америкага малайликда давом этмоқда.

Тўртинчи: Хулоса:

  • Бугунги кунда Судан армияси билан Тезкор қўллаб-қувватловчи кучлар ўртасида бўлаётган бу тўқнашувлар можароси ҳам, оташкесими ҳам Америка томонидан бошқарилаётган тўқнашувлардир. Мақсад, Судандаги сиёсий курашни кескин равишда янги майдонга, яъни Британия ва Европа малайларини самарали бошқарув марказидан узоқлаштириш учун Америка томонидан чизилган майдонга кўчиришдир. Ана шунда Америка майдоннинг барча томонини ўзи назорат қилади. Американи ҳалок бўлган ва жароҳатланган инсонларнинг сони ҳам, Судан ва унинг ҳарбий механизмининг вайрон бўлиши ҳам умуман ташвишлантирмайди…
  • Америка ўзининг Судандаги нуфузи Европанинг ҳеч қандай қаршилигисиз давом этишини хоҳлайди. Зеро, узун тарих давомида шундай бўлиб келди. Дарҳақиқат, унинг Судандаги нуфузи Умар Башир замонида қарийб 30 йил давом этди… Башир керак бўлмай қолганда эса, Ҳамидатий каби Башир томонидан тайёрланган ҳамда Бурҳон каби улар биргаликда ишлаган одамларни олиб келди… Озодлик ва Ўзгариш кучларидаги Британиянинг одамлари Американинг одамларига қарши ҳаракатга келган пайтда эса, аҳмоқликлари туфайли уларни аввал конституциявий декларация, сўнг доиравий келишув, деган нарсалар билан алдаб-авради.
  • Британиянинг икки одамдан бирини (яъни Ҳамидатийни) ўзига мойил қилиб олдими, шунинг учун ҳарбий тўқнашув бўлдими, деган гапга келсак, бунга далолат қиладиган ҳеч қандай ишоралар йўқ. Билъакс, барча ишоралар бунинг тамоман тескарисини кўрсатяпти. Зеро, бизнинг тўғри деб билган фикримизга биноан ва юқорида таъкидлаганимиздек, Бурҳон билан Ҳамидатийнинг ҳар иккиси ҳам Американинг итоаткор қуролларидир.
  • Бу тўқнашувнинг давом этиши ва қандай оқибатга олиб келиши масаласига келсак, юқорида айтганимиздек, бундан Британиянинг малайларини (Озодлик ва Ўзгариш кучлари ва бошқалардан иборат фуқаролик тузилмани) йўқ қилиш кўзланган. Зотан, бу амалга ошиб бўлди ёки амалга ошиш арафасида турибди. Бироқ конституциявий декларацияга қарши аввалги инқилоб прецеденти ва унинг халққа ошкор бўлиб қолиши Америка ва унинг гумашталарини бу сафар тўқнашувлар муддатини бир мунча узайтиришга мажбур қиляпти. Фақат тўқнашувлар кескин суратда эмас, балки ора-сирада бўлиб туради. Бундан қуйидаги ишлардан бирини амалга ошириш кўзланган:

а)   Агар Америка Бурҳон ва Ҳамидатийдан иборат малайлари ўртасида келишув-ярашувни амалга ошириш ўзи учун афзал деб билса, уни амалга ошириб, европаликларга тобе кучлар билан тузилган доиравий келишувни ортига улоқтиради. Шу тариқа европаликларга тобе кучлар Суданда янги воқеликни ўрнатаётган Америка малайлари олдида четга чиқиб қолади…

б)   Мабодо, европапараст кучларни ортга улоқтиришнинг имкони бўлмай қолса, Америка жанубни Судандан ажратиб олгани каби Суданнинг қолганини ҳам бўлиб ташлашдан тап тортмайди. У Ғарб ва Дарфурни бўлиб ташлаб, у ерга Ҳамидатийни ҳукмдор қилиб тайинлайди. Чунки Ҳамидатийнинг – у ердаги олтин конини назорат қилаётгани ҳисобга олинса – айни минтақани назорат қилиши эҳтимоли кучли.

в)   Агар европапараст кучлар манёвр қилиш ниятида Американинг малайларидан бири (масалан Ҳамидатий)нинг орқасида саф тортса, Америка бу малайидан бир четга чиқиб, бошқа бир малайига бўйсунишни, иккинчи малайидан эса европапараст кучлар тортган сафни бузиб ташлаш учун Судандаги ҳарбий тарангликни бошқаришни талаб қилиши мумкин…

Бешинчи: Шундай қилиб, бу малайларнинг ўз хўжайинлари каби одамларнинг аҳволи ва хавфсизлиги ҳақида қайғурмаслиги аён бўлди. Зеро, уларнинг ўз тахтларида ястаниб ўтиришдан ва хўжайинларининг буйруқларини бажаришдан бошқа ташвишлари йўқ. Мана, одамлар рамазоннинг охирги ўн кунлигида ўзаро табрик улашиш ва бир-бирларини зиёрат қилиш учун ҳайит байрамини кутиб турган бир пайтда, бу қотил жиноятчилар одамлар хавфсизлигига рахна солишди… Шунингдек, одамлар қонини тўкиб, вайронагарчиликларни содир этишди, уларни уйларига қамаб, ишларини тўхтатиб қўйишди. Буларнинг барчасини Аллоҳ, Росули ва мўминларнинг душманларини рози қилиш учун содир этишди. Шунинг учун одамлар Америка ва Британия малайларидан иборат ҳар икки тарафни ҳам рад қилиб, уларни ағдаришга ҳамда Судан фарзандлари орасидаги холис онгли ёшларга, яъни Пайғамбарлик минҳожи асосидаги рошид Халифалик давлати лойиҳасини кўтариб чиқаётган ва маъруфга буюриб, мункардан қайтараётган Ҳизб ут-Таҳрир аъзоларига нусрат-ёрдам бермоқлари даркор. Ана шунда Ҳизб аъзолари юртни бутун малайлардан тозалаб, уни ривожлантирадилар, унинг парчаланиши ва бўлинишини олдини оладилар. Сўнг Аллоҳ уларга раҳм қилиб, куч-қудратли қилади.

وَالْمُؤْمِنُونَ وَالْمُؤْمِنَاتُ بَعْضُهُمْ أَوْلِيَاءُ بَعْضٍ يَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَيَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنْكَرِ وَيُقِيمُونَ الصَّلَاةَ وَيُؤْتُونَ الزَّكَاةَ وَيُطِيعُونَ اللهَ وَرَسُولَهُ أُولَئِكَ سَيَرْحَمُهُمُ اللهُ إِنَّ اللهَ عَزِيزٌ حَكِيمٌ

«Мўмин  ва  мўминалар бир-бирларига дўстдирлар. Улар маъруфга буюриб, мункардан қайтарадилар, намозни тўкис адо этадилар, закотни (ҳақдорларга) ато этадилар, Аллоҳ ва Росулига  итоат қиладилар. Ана ўшаларга Аллоҳ раҳм қилур. Шак-шубҳасиз, Аллоҳ қудратли, ҳикматлидир» [Тавба 71]

5 шаввол 1444м

25 апрел 2023м

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here