Ҳайитинглар бир, давлатинглар ҳам битта бўлиши керак

1290
0

Ҳайитинглар бир, давлатинглар ҳам битта бўлиши керак

Муборак Рамазон ойи ҳам ниҳоясига етиб, Аллоҳдан умидвор рўза тутган мусулмонлар муборак Ҳайит байрамини кутишмоқда. Ойни кўриб рўза тутишни бошлаган бу мусулмонлар энди ойни кўриб рамазон байрамини нишонлашмоқчи.

 Аммо, афсуски, мусулмон юртларининг кофирга малай ҳукуматлари – “Ойни кўриш” ҳукмига қарши – бу сафар ҳам Ҳайит кунини олдиндан белгилашга журъат қилдилар. Масалан, Қирғизистонда Ҳайит куни 21-апрел қилиб белгиланди. Шу муносабат билан биз Ҳайитни олдиндан белгилаш амалини шаръий ва сиёсий жиҳатларига ойдинлик киритмоқчимиз.

 Дастлаб ушбу амалга тааллуқли шаръий жиҳатга эътибор қаратамиз:

  1. Шаръий ҳукмга мувофиқ, Рўза Рамазон ойи ҳилолини кўриш билан бошланса, унинг якунланиши шаввол ойининг ҳилолини кўриш билан бўлади. Ушбу кўриш гувоҳлиги қабул қилинадиган икки мусулмон кишининг ўз кўзи билан кўриши орқали бўлади. Демак, ойни кузатмасдан ва уни кўрингани ёки кўринмагани шаръий тасдиғини топмасдан туриб Ҳайит кунини олдиндан белгилаб қўйиш жоиз эмас. Шу сабабли агар бу йил 20-апрелда ойни кўрингани шаръий тасдиғини топса, унда 21-апрел Рамазон ҳайити куни бўлади. Агар ой кўринмаса, унда 21-апрел Рамазоннинг 30-куни ҳисобланади ва бу кун оғиз ёпиқ бўлади. Бу биз саҳиҳ ижтиҳод деб суянган Исломий райдир. (Бунга Ҳизб ут-Таҳрир амири, улуғ олим Ато Абу Роштанинг райини илова қиламиз). Агар бундан бошқа саҳиҳ ижтиҳод бўлса, у ҳолда унга эргашган одамлар учун бу шаръий ҳукм бўлади ва унга амал қилишдан масъулдирлар. Эътиборга лойиқ жиҳат, саҳиҳ Исломий райга асосланмасдан туриб астрономик ҳисобларга таянган ёки саҳиҳ ижтиҳодга асослангмаган фатволарга эргашган одамлардан бу жавобгарлик соқит бўлмайди. Энди ихтилофли Исломий райларга келадиган бўлсак, улар мусулмонлар ўртасида қарама-қаршилик пайдо қилмаслиги керак. Ва бу борада мусулмонлар ўртасида ҳикматли ва чиройли баҳс олиб борилиши керак. Зеро шариатнинг талаби шундай. Кутилаётган Халифалик давлати – мусулмонлар бирлиги борасида – бундай ихтилофларга чек қўяди, ин ша Аллоҳ.
  2. Демак, бу йил 21-апрелда оғзиларини очмоқчи бўлаётганлар ўз амалларини саҳиҳ ижтиҳоддан олишлари керак. Яъни, қайси мазҳабдаги қандай ижтиҳодга ёки қайси мужтаҳиднинг ижтиҳодига суянаётганларини билишлари керак. Агар бундай бўлмаса шаръий ҳукм бажарилмаган ҳисобланади. Биз таянган саҳиҳ ижтиҳод бўйича ойни кўрингани шаръий тасдиғини топмаса, у ҳолда олдиндан белгилаб қўйилган вақт бўйича оғизни очиб олиш жоиз эмас. Шундай қилган одамлар шу куннинг қазосини тутиб беришлари вожиб бўлади.
  3. Агар ой кўрилгани шаръий тасдиғини топмаса, саҳиҳ ижтиҳодга таянмаган ҳолда олдиндан белгиланган вақт бўйича Ҳайит намозини ўқиш жоиз эмас, чунки, бу кун рўзадор бўлиши керак бўлади. Беш вақт намознинг ҳар бирини адо этишни ўз вақти бўлгани каби Ҳайит намозини ҳам адо этиладиган ўз вақти бор, бу вақт Ҳайит кунидир. Масалан, сиз вақти кирмай туриб пешин намозини ўқиб олмайсиз-ку.
  4. Қирғизистон ҳукумати ибодатларда Ҳанафийлик мазҳабини ушлашини даъво қилади ва дарҳақиқат, Қирғизистон аҳолисининг кўпчилиги ушбу мазҳабга эргашувчилар ҳисобланади. Ҳанафий мазҳаби бўйича Ҳайит намози каби жамоат намозларини адо этишда изни омм, яъни ҳукуматнинг умумий рухсати шарт. Шу сабабли, агар 21-апрел ҳайит куни бўлмай қолса ҳукумат дарҳол кейинги куни ҳайит намозини адо этишга буюриши вожиб. Акс ҳолда ҳукумат гуноҳкор бўлади. Чунки, давлат қайси саҳиҳ ижтиҳодга таянганини эълон қилгани йўқ. (Бошқа мазҳабдагилар ҳайит намозини ўз мазҳаблари ҳукмига мувофиқ адо этишади).
  5. Агар давлат Ҳайит намозини вақти кирмасдан, бир кун олдин ўқишда қайсарлик қилиб туриб олса, бу куни намоз ўқишга борилмайди, чунки бу кун рўза куни ҳисобланади. Шунингдек, давлат кейинги кун учун умумий рухсат бермаса, унда одамлар зиммасидан Ҳайит намозини адо этиш соқит бўлади. Бироқ, зиммамиздан соқит бўлар экан деб ётиб олиш жоиз эмас, ҳар бир одам ўз имкониятидан келиб чиққан ҳолда давлатдан Ҳайит намозини ўз вақтида адо этилишини талаб қилиши вожиб.

 Энди Ҳайитни олдиндан белгилашнинг сиёсий жиҳатларига тўхталамиз:

 Ёдингизда бўлса, 2014-йили ҳам Рамазон ҳайити давлат ва муфтиёт томонидан олдиндан белгилаб қўйилган эди. Аллоҳнинг ҳикмати билан ўша вақтда уларнинг бу борадаги айблари очилиб қолганди. Шунда улар “бу сиёсий ҳайит бўлди” деб, зимдан ўз айбларига иқрор бўлишди ва бу воқеа халқ хотирасида “сиёсий ҳайит” сифатида сақланиб қолди. Аслида, нафақат бу, балки ҳар йилги ҳар бир ҳайит ҳеч қачон “сиёсат”дан ҳоли бўлмаган. Гувоҳи бўлиб турганиздек, мусулмон ўлкаларининг ҳар бири турли кунларни белгилаб олади ёки ҳар бири турли услублар билан аниқлайди ёки бир нечтаси бирлашиб бошқаларига хилоф тарзда белгилашади… ва ҳаказо.

 Агар чуқурроқ назар ташласак, бу “сиёсий ҳайит”ларнинг оламий сиёсатда, шунингдек, халқаро сиёсатда ўзига хос ўринлари борлигини кўрамиз.

 Оламий сиёсат жиҳатидан қаралганда, дунё бир неча асрлардан бери мустамлакачи капитализм зулми остида эзилиб келмоқда. Бу мустамлакачилар – фақат Исломгина мустамлакачи капитализмни қулатиб, дунёни унинг зулмидан қутқаришини – жуда яхши билишади. Шунинг учун оламий сиёсатни Исломга қарши йўналтиришади. Ҳайитларни турли кунларга белгиланиши кофирларни Исломга қарши курашига хизмат қилади. Зеро, мусулмонларнинг ҳайитни бир кунда нишонлаши уларни бу борадаги фикр ва туйғуларини бирлаштиради. Бу ўз навбатида, мусулмонларнинг бошқа масалаларда ҳамжиҳатлигига ҳисса қўшади ва барча мусулмонларнинг бир давлатда бирлашишини янада яқинлаштиради. Шу сабабли, кофирлар ҳайитни турли кунларда ёки турли услублар билан белгиланишидан манфаатдор.

 Ҳайитни олдиндан белгилашни халқаро сиёсатга тааллуқли жиҳатига келсак, бу мусулмон ҳукмдорларни қайси хўжайинга, қай даражада қуллик қилишига боғлиқ. Масалан, Қирғизистонда Россиянинг таъсири кучли бўлган вақтларда унга эргашиб белгилаб келди. Кейинчалик, Американинг турткиси билан Қозоғистон ва Ўзбекистон – Россия таъсирини камайтиришга хизмат қилгани учун – ҳайитни Марказий Осиё давлатлари ўзаро келишиб белгилайдиган бўлишди ва шундай қилишди ҳам. Россиянинг Украинадаги муваффақиятсизликлари ортган сари Марказий Осиё давлатларининг Россиядан бўйинтовлашлари ҳам ортиб борди. Бунда улар кўпроқ Туркиянинг қўллоб-қувватлашига таянишаётган эди (Туркия орқасида ҳам Америка турганига аҳамият бермадилар). Бироқ, Туркияда содир бўлган зилзила Марказий Осиё ҳукмдорларига оғир зарба бўлди. Улардан баъзилари айрим масалаларда яна қайта Россияга бош уришга мажбур бўлиб қолишди. Шу сабабли ҳам бу йил Қозоғистон ва Қирғизистон ҳайитни белгилашда Россияга эргашишга шошилди. Ўзбекистон эса улардан фарқли позицияни ушлади. Ўзбекистон “уламолари”нинг айтишича, улар ойни кузатиш учун бутун дунёга вакилларини жўнатишибди ва муфтиёт 20-апрелда ҳайитни эълон қилиши хабар қилинди (қайд этиб ўтсак, улар ҳам ойни ўз кўзлари билан кузатиш борасида ҳеч нарса айтгани йўқ, шундай бўлса-да яхши гумонда яхши хабардан умид қилиб кутиб қоламиз).

 Булардан кўриниб турганидек, бизнинг ҳукумат тепасидагиларнинг ҳайитни белгилаш манбаси – Шариат эмас – балки кофир хўжайинларининг кайфияти. Ҳозир халқаро сиёсатда яккаланиб бораётган Россия мусулмон давлатларининг эътиборини жалб қилиш учун – Исломга яхши эътибор беришини таъкидлаб – Рамазон 29 кундан янгиланишига урғу бериб қўйганди, айрим малайлар унинг “топқирлигига” дарров ёпишиб олишди. Баъзилари эса шошилмади. Масалан, Ўзбекистон ҳукумати ўзини дарров эргашиб кетгандек кўрсатмай, салобатини сақлаб турибди. Биринчидан, у Россия мустамлакачилигидан биринчилардан бўлиб кўпроқ бўйинтовлаган ва бошқа хўжайинларидан нажот излаган ҳукумат ҳисобланади. Иккинчидан, бу орқали халқнинг ҳам кўнглини олади. Масалан, конституциявий ислоҳот бўйича референдум арафасида мамлакатда Ислом динига катта эътибор қаратаётгандек кўринади.

 “Давлат динга аралашмайди” деб аталган чалғитувчи тушунчани тиқиштираётган мустамлакачилар ва уларнинг малайлари динга – ҳатто ҳайитни белгилашга қадар – мана шундай аралашишади. Бироқ, кўпинча улар парда ортида қолиб, қўлларидаги “муфтиёт” қуролини ишга солишади. Бунга бугунги кунда ҳам гувоҳ бўлмоқдамиз.

 Баёнот бераётган муфтиётларнинг сўзларига эътибор берсангиз, уларнинг барчаси астрономик ҳисобларга таянишаётганини кўрасиз. Бу ўзи аслида мустамлакачи кофирлар тиқиштирган нарса, буни эса бизнинг ҳокимлар хушомад қилиб қабул қилиб олишган ва буни халққа сингдиришни муфтиётларга тайинлашган. Агар яхшилаб текшириб кўрсангиз, уларнинг ҳеч бири Ислом учун жон куйдирмаётганини кўрасиз. Ҳатто, муфтиётлар келтираётган шаръий матнлар мана шу малайликка парда тортишдан бошқа нарса эмаслигини, бу хўжайинларига “шариатдан йўл топиб бериш” эканлигини кўрасиз. Масалан, бундан аввалги йилларда Рамазон 29 кунда тугаганида Қирғизистон муфтиёт ходимлари одамларни 30 кун рўза тутдириш билан банд бўлишган эди, у пайтларда улар ҳеч қачон Рамазон 29 кунда янгиланишига далиллар излашган эмас, ҳатто, бунга қарши соҳта далилларни келтиришган. Бу йил эса рўзани 29 кун бўлиши борасида соҳта далиллар келтириш билан оворалар.

 Юқорида айтиб ўтилганлардан келиб чиққан ҳолда Қирғизистон мусулмонларига мурожаат қиламиз:

 Эй ҳокимият эгалари ва муфтиёт ходимлари, ҳайитни нотўғри белгилашнинг юқорида келтириб ўтилган сабабларини кўриб туриб ҳам барча аҳолининг масъулиятини зиммангизга олдинлар, Аллоҳдан қўрқинглар! Мустамлакачи кофирларнинг дунёси учун охиратингларни қурбон қилманглар, бунинг эвазига сиз истаган дунё матолари эса энг арзимас нарсалардир.

 Эй мусулмонлар, Ҳайитни белгилаш каби ҳукмларга зид иш тутишда – адаштирувчилар гуноҳларингизни сиз билан бирга кўтарамиз десалар ҳам – бу нарса сизларни Аллоҳнинг олдидаги жавобгарликдан соқит қилмайди. Шу сабабли сизлар бундай мункарларни қайтариб, тўғрисига яъни, шариатга эргашишингиз вожиб. Бунинг учун ўз Исломингизни ўрганиб, тўғри амал қилишга ҳаракат қилинглар. Шунингдек, кофирлар ва уларнинг малайлари макр-ҳийлаларини йўқ қилиб, мусулмонлар ўртасидаги иҳтилофли масалаларга чек қўйиб, барча мусулмонлар учун Ҳайитни бир кун қилиб белгилаб берадиган Ислом Давлатини барпо этиш йўлидаги фикрий-сиёсий курашга қўшилинглар!

 Эй мусулмонлар, сизларнинг Китобингиз бир, Пайғамбарингиз бир, қиблангиз бир, Аллоҳ қабул қиладиган амалларингиз асоси ҳам бир, ҳатто, Ҳайтингиз бир, демак борадиган еримиз ҳам бир – жаннат бўлиши учун – давлатингиз ҳам бир бўлиши керак.

 Қирғизистондаги Ҳизб ут-Таҳрирнинг матбуот бўлими

  1. 04. 2023

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here