Лавров: Россия, Ўзбекистон ва Қозоғистон газ иттифоқи фаол муҳокама қилинмоқда
Хабар: Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон иттифоқ тузиш масаласини фаол муҳокама қилишаётганини маълум қилди.
“Қозоғистон, Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги газ иттифоқи барча иштирокчилар учун фойдали”, деди Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Самарқандда бўлиб ўтган брифингда.
“Уч давлат, жумладан, президентлар даражасида ҳам энергия хавфсизлигини мустаҳкамлашга имкон берадиган ушбу кенг кўламли лойиҳани муҳокама қилишда олдинга силжиш бор. Бу ерда ҳамма учун имтиёзлар бўлади, чунки газ етказиб берувчилар бор. Бу масалага қизиқувчилар ҳам бор.Томонлар транзит шартлари ва нарх-наво бўйича келишиб олса, ҳамма ютади”, – деди Сергей Лавров.
“МДҲ вазирлар кенгаши йиғилишида газ иттифоқи масаласи муҳокама қилинмади, чунки унинг МДҲга бевосита алоқаси йўқ”, – деди Лавров.
Изоҳ: Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев президентликка қайта “сайланганидан” сўнг илк хорижий сафарини Москвага амалга оширган эди. Ушбу ташриф доирасида Россия президенти Владимир Путин Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида “уч томонлама газ иттифоқи”ни тузишни таклиф қилди. Гарчи аввалига Қозоғистон президенти Тўқаев бу таклифни кўриб чиқишга тайёрлигини маълум қилган бўлсада, кейинчалик Қозоғистон ҳам, Ўзбекистон ҳам бу каби иттифоқда иштирок этишдан бош тортгандек хабарлар пайдо бўлди.
Аммо, Россия Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков 2022-йил 8 декабр журналистларга берган интервюсида ўзбек ҳукумати номидан жавоб бериб, Ўзбекистон Россиянинг “уч томонлама газ иттифоқи” тузиш ғоясидан воз кечгани ҳақидаги маълумотни рад этди. Унинг сўзларига кўра, агентлик нотўғри маълумот берган, сўзларни нотўғри талқин қилган.
“Биз нима дейилганини биламиз. Ҳеч ким сиёсий шартлар эвазига газ ҳақида гапирмаяпти. Бу иттифоқ тузиш ғояси контекстида бу гап йўқ”, – деди Песков. Аввалроқ, Россия Бош вазири ўринбосари Александр Новак 5-декабр куни берган баёнотида: “Биз мулоқотни давом эттиришга келишиб олдик. Биз Ўзбекистонга газ етказиб бериш ҳажмини оширишни таъминлашга тайёрмиз, чунки Ўзбекистонда газ истеъмоли ортиб бормоқда ва яқин келажакда ўсади. Ва газ бўйича бу ҳамкорликни кенгайтириш имконияти мавжуд. Техник тафсилотлар яқин орада ишлаб чиқилади”, деган эди.
Кейинчалик, Россия президенти Владимир Путин ЕОИИ саммити якунлари бўйича Бишкекда ўтказилган матбуот анжуманида: “Айтганча, ҳамма тайёр. Ва биргаликда ишлашни хоҳлашади, ҳатто қўшма сармояларга ҳам тайёр. Бу яхши, катта иш – келажак учун яхши истиқболга эга. Бу иш бошланди, яхши бошланди. Ишончим комилки, натижалар яхши бўлади. Ҳозир Москвага ҳамкасблар келишади – Қозоғистон, Ўзбекистон. Миллер (Газпром раҳбари) ҳам у ерга боради. Бош вазир ўринбосарлари даражасида иш олиб борилмоқда”, – деб хулоса қилган эди. Бугунга келиб эса ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон иттифоқ тузиш масаласини фаол муҳокама қилишаётганини маълум қилди.
Россия расмийларининг президент бош бўлиб бераётган бу каби баёнотлари ва тушинтиришлари Россия Украина уруши ортидан санкцияга тушган рус гази учун муқобил йўналиш ва бозор – асосан Хитойга – топиш учун минтақа давлатларига тинимсиз босим ўтказиб келаётгани ва ҳатто улар учун ҳеч қандай танлов қолдирмаётганини кўрсатади.
Абдураҳмон Одилов