Садир Жапаров ва Владимир Путин телефонда гаплашди
Хабар: Қирғизистон президенти Садир Жапаров 10 апрел куни Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди.
Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, икки давлат раҳбарлари Қирғизистон-Россия муносабатларининг долзарб масалалари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар ҳамда интеграция бирлашмалари доирасидаги ўзаро ҳамкорликни муҳокама қилдилар.
“Бундан ташқари, Садир Жапаров ва Владимир Путин икки томонлама ва кўптомонлама форматдаги бўлажак тадбирлар жадвали юзасидан фикр алмашдилар. Томонлар икки халқ ва давлатлар фаровонлиги йўлида ўзаро муносабатларни янада мустаҳкамлаш ниятини тасдиқладилар”, – дейилади хабарда.
Изоҳ: 2022-йил 23-ноябрда Ереванда ўтган саммитида Арманистон КХШТ коллектив хавфсизлик Кенгаши декларацияси ва Арманистонга кўмак кўрсатиш бўйича ҳамкорликдаги чоралар тўғрисидаги ҳужжатларни имзолашдан, январ ойида эса Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти (КХШТ)нинг “Мустаҳкам биродарлик – 2023” қўшма ўқув машғулотларини ўтказишдан бош тортган эди. Бугунга келиб Арманистон НАТОнинг Defender Europe-2023 ҳарбий-ўқув машқларида қатнашадиган бўлди. Арманистоннинг бу қадами Россия таъсиридан чиқиш учун ташланган қадам бўлиб, агар Арманистон ҳам бу йўналишда қатъий туриб, Ғарбга бўлган юзланишида давом этадиган бўлса, Россия кавказорти минтақаси устидан назоратини йўқотишга олиб келади. Чунки, минтақадаги икки давлат – Грузия ва Озарбайжон аллақачон расмий Кремлдан масофа сақлаб, Ғарб билан илиқ муносабатлар ўрнатишга ҳаракат қилиб келади. Армнистонни Россиядан узоқлашишига ундаган асосий омил бу – озар-арман урушида Россиянинг бетараф позицияни ушлагани ва бош вазир Никол Пашиняннинг қатор илтимосларига қарамай урушга КХШТ кучларини жалб қилмаганида бўлди. Россиянинг айнан мана шу позициясидан кейин арман ҳукумати Россиядан узоқлашиш ва Ғарб томон юзланиш сиёсатини кучайтириб юборди. Болтиқбўйи республикалари – Эстония, Латвия ва Литва Россия орбитасидан чиқиб кетганига анча бўлган ва бу давлатлар НАТОнинг тўлақонли аъзоси ҳисобланади.
Россия Арманистонни ҳам қўлдан чиқарадиган бўлса Россия билан “дўстона” алоқалар ўрнатган, уни қўллаб-қувватлаётган Марказий Осиё республикаларигина қолади. Табиийки, Россия ўзининг томорқаси сифатида кўришга одатланган бу минтақани қўлдан чиқармасликка қаттиқ ҳаракат қилади. Бу йўлда у ҳатто минтақада беқарорликлар келтириб чиқариши ҳам эҳтимолдан узоқ эмас. Афсуски, бизнинг давлат раҳбарлари ҳамон қуллик психологиясидан халос бўлишгани йўқ. Уларнинг қалбидан Россиядан бўлган қўрқув ҳисси кўтарилганича йўқ. Шу сабабли ҳам бу раҳбарлар ўз курси ва амалларини сақлаб қолиш илинжида Россияга ялтоқланиш, унга яхши кўринишга ҳаракат қилишади. Улар чўкиб бораётган рус кемасидан халос бўлиш ўрнига унга тобора яқинлашиб, ўртадаги алоқа ва муносабатларини янги босқичга олиб чиқиш йўлида ҳаракат қилишмоқда. Улар рус империализми ҳеч қачон маҳаллий халқ фаровонлиги йўлади ҳаракат қилмаслигини ва фақат ўз манфаатлари йўлида ҳаракат қилишини англаб етишга ҳам ожизлик қилишади.
Абдураҳмон Одилов