Хитойнинг Украина бўйича «тинчлик ташаббуси»

1924
0

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Саволга жавоб

Хитойнинг Украина бўйича «тинчлик ташаббуси»

Савол:

Арабийя веб-сайти 2023 йил 27 февралда қуйидагича хабар қилди: (Кремл: Хитойнинг «тинчлик ташаббуси»ни олқишлаймиз, бироқ, ечимга эришиш қийин). Явм канали веб-сайтининг 2023 йил 27 февралда қилган хабарида бундай дейилади: (Кремл Хитойнинг «тинчлик ташаббуси»га қизиқиш билан қараётганини, аммо уни батафсил ўрганиш кераклигини айтиб ўтди). Путин 2023 йил 21 февралда (Стратегик ҳужум қуролларини янада қисқартириш ва чеклаш бўйича Қўшма Штатлар билан имзоланган келишувдан Россиянинг чиқишини маълум қилди. Анадолу, 2023 йил 21 феврал). Бу баёнотлар Байденнинг 2023 йил 20 февралда Киевга сафар қилиши ва Украина президенти Зеленский билан учрашиши ортидан янгради. Байден Киевга қилган сафари чоғида (Украина сешанба куни эълон қилинадиган 500 миллион долларлик янги ҳарбий ёрдам пакетини олади, дея таъкидлади. Скай Ньюс Арабийя, 2023 йил 20 феврал). Бу баёнотлардан олдин Хитой ташқи ишлар вазири Ван И хавфсизлик бўйича Мюнхенда бўлиб ўтган конференцияда Хитойнинг Украина бўйича тинчлик ташаббусига эга эканини таъкидлаб, («Бу уруш авж олишда давом этиши мумкин эмас», деган эди… Си-Эн-Эн Арабийя, 2023 йил 18 феврал).

Савол шуки, Хитой Украинадаги урушни тўхтата оладими? Нима учун Хитой уруш бошланганидан бир йил ўтиб бундай ташаббус билан чиқмоқда? Нега Россия бу ташаббусни олқишлаб, кейин эса, ечимга эришиш қийин эканини таъкидлади? Бу ташаббуснинг муваффақияти эҳтимоли қандай?

Жавоб:

Юқоридаги саволлар жавобини аниқлаштириш учун қуйидагиларни кўриб чиқамиз:

Биринчи: Россия-Украина урушига таъсир ўтказувчи давлатлар:

  • Америка: президент Байден бошчилигидаги Америка Ғарб дунёсига АҚШнинг етакчилик қилиши ҳақидаги Европада юзага келган шубҳаларни йўққа чиқара олди. Байден маъмурияти, шунингдек, Украинанинг Россия ҳужумига қарши тура олиши учун унга ҳарбий ва ноҳарбий ёрдам кўрсатиш бўйича Ғарбнинг саъй-ҳаракатларини ҳам бирлаштирди. Унинг бу ишларига Россияга қарши иқтисодий санкциялар қўллашда Ғарбни бирлаштирганини ҳам қўшимча қилиш мумкин. У нафақат Россиянинг энергия артерияларини Европадан узиб қўйишга муваффақ бўлди. Балки, Россияга қарши санкция қўллаган давлатлар қаторига Европадан узоқ бўлган Япония, Жанубий Корея ва Австралия каби давлатларни ҳам киритди. Бундан ташқари, Трамп маъмурияти даврида шубҳа остига тушиб қолган НАТО иттифоқига ҳаёт бағишлади. Бир сўз билан айтганда, Байден маъмурияти Украинага қурол беришни кучайтириб, ўзининг мақсади Россияни Украинада мағлуб этиш эканини бидирди.
  • Европадаги катта давлатлар: Британия позициясини Американинг Россияга қарши позициясидан ажратиш мумкин бўлмай турган бир пайтда, Германия ва Франция ҳам айни шу позицияга эргашди. Зеро, Россиянинг энергия артериялари Европадан бутунлай узиб қўйилиши билан бир қаторда, Германия Россияга қарши позициясини кучайтириб бораверди. Ҳатто Германия ташқи ишлар вазираси Бербок Украинага танклар етказиб бериш бўйича Европа позицияларини бирлаштиришга ҳаракат қилиб, (Биз бир-биримизга қарши эмас, Россияга қарши урушга кирмоқдамиз…, деб айтди. Шуруқ, 2023 йил 24 январ). Россиянинг собиқ президенти Медведев эса, уни «фойдали аҳмоқ» деб таърифлади. (Анадолу, 2023 йил 29 январ). Яъни Бербок Европанинг Украина можаросининг бир томони эканини тан олди. Францияга келсак, ниҳоят у ҳам Россияга қарши Американинг ортидан эргашган Европа давлатлари карвонига қўшилди. Зеро, Франция президент Макроннинг Россия президенти билан бўлган алоқалари туфайли иттифоқчилари танқидига учраб келаётган эди. Скай Ньюс Арабийянинг 2023 йил 19 февралда берган хабарига кўра, Франция президенти Макрон Мюнхен конференциясидан қайтиш чоғида (Мен Россиянинг Украинада мағлуб бўлишини ва Украина ўз позициясини ҳимоя қила олишини истайман), деди.
  • Россия: авваллари рус армияси халқаро миқёсда кучли бўлиб кўринар эди. Бироқ, Украинадаги уруш Киев ва Харков яқинида ва ниҳоят Херсонда мағлубиятга учраган Россия армиясининг жиддий заиф нуқталарини очиб берди. Рус армияси Россия буюклигининг таянчи эди. Энди эса, унинг халқаро буюклигининг таянчи сифатида ядровий кучидан бошқа ҳеч нарсаси қолмади. Иқтисоди эса, аввалдан заиф… Сиёсий жиҳатдан олиб қараганда, Америка ва Европа Россияни халқаро миқёсда изоляция қилиб қўйишда катта муваффақиятга эришди. Бундан ташқари, Россияда уруш бўйича ички якдиллик мавжуд эмас. Сафарбарлик жорий қилинган пайтда кўплаб руслар чет элга қочиб кетди.

Иккинчи: ушбу барча халқаро ўзгаришларнинг Хитойга таъсири

  • Хитой Америка учун устувор бўлган масалалар рўйхатида ўзининг биринчи ўринда, яъни Россиядан олдинги ўринда турганини тушуниб турибди. Зеро, Америка Тайван масаласида Хитойга қарши чиқиб, уни қийин аҳволга солиб қўймоқда. Жанубий Корея билан мисли кўрилмаган ҳарбий машғулотларни ўтказиш билан эса, уни курашга чорлаяпти. Россиянинг санкциялар сабабли кўрган зиёнларини қоплашга, ҳалокатли қуроллар билан унга ҳарбий ёрдам кўрсатишга ҳаракат қилмаслиги учун АҚШ Хитойга бир тарафдан, таҳдид қилаётган бўлса, яна бир тарафдан, Huawei ва бошқа технологик компанияларига қарши уруш очиб, унинг иқтисодига яширин тарзда эмбарго жорий қилмоқда. Бу нарсани электрон чиплардан ҳарбий мақсадларда фойдаланиб, АҚШ миллий хавфсизлигига таҳдид соляпти, деган баҳона билан Американинг Хитойни электрон чиплардан узиб қўйишида ҳам кўриш мумкин. Хитой бугунги кунда Америка Японияни қуроллантириб, бу билан Хитойнинг орқасидан пичоқ урганини ҳис қиляпти. Зеро, Америка келажакда Японияни янада кўпроқ қуроллантириб, пичоқни Хитойнинг юрагига урмаса агар, бу нарса Хитойнинг орқасидан берилган зарбалигича қолади. Америка бунга қўшимча, Осиёда «AUKUS» ва «QUAD» каби ҳарбий иттифоқларни ҳам тузди. Буларнинг барчаси Хитой ва унинг армияси учун жиддий қийинчиликларни келтириб чиқармоқда.
  • Хитойнинг Америка каби муҳим иқтисодий ҳамкорлари ҳисобланган Европа давлатларига келсак, улар Вашингтоннинг координация (ишларни биргаликда мувофиқлаштириш) истагига бўйсунишди. Зеро, Россия Украинада уруш оловини ёққанидан кейин ҳамда Европанинг Россия таҳдидларидан ўз қитъасини ҳимоя қилиш учун Америка хавфсизлик соябонига эҳтиёж сезиши ортидан ушбу координация жонлана бошлади. Хитой эса, Россия-Украина уруши туфайли қайта жонланган Американинг Европа давлатларига етакчилик қилиши уларни Хитойга нисбатан АҚШ позициясини эгаллашга ундаётганини кўриб турибди. Бундан ташқари, капиталистик давлатлар ва уларнинг Шарқий Осиёдаги «ғарблашган» тарафдонларини назарда тутувчи «ҳамфикр давлатлар» атамаси пайдо бўлди ҳамда НАТОнинг Шарқий Осиёдаги роли ҳақида гап-сўзлар урчий бошлади. Бу эса Хитой учун «Америка кўп давлатларни Пекинга қарши қўя олади», деган жиддий таҳдиддир.
  • Россияга келсак, унинг заифлиги Хитойнинг кичик ҳамкорига айланишига олиб келмоқда. Айниқса, халқаро майдон Россия учун аста-секин торайиб боряпти. Чунки Европа Россиянинг нефть ва газидан деярли воз кечди. Илгари Россия Европа энергиясининг асосий артерияларини ушлаб келган бўлса, ҳозирда қўлида деярли ҳеч нарса қолмади. Айни пайтда Европа ва Америка Россия учун ўз эшикларини ёпиб қўйган. Улар Россияни бошқа давлатлар остонасида ҳам қувиб етиб, бу давлатлардан рус нефти учун белгиланган «нархлар чегараси»га риоя қилишни талаб қилишмоқда. Буларнинг барчаси Россияни Хитойга ўзининг энергия ва хом ашёларини сотиш имконини яратиб берадиган деярли ягона дарвоза сифатида қарашга мажбур қилди. Ғарб буни «Россиянинг Хитойга тижорий жиҳатдан ялиниши» деб атайди. Бу ҳолат Хитойни энг муҳим савдо йўналиши ҳисобланган Европа ва Америка билан бўлган муносабатларида қийин аҳволга солиб қўймоқда.
  • Хитойнинг ўзига келсак, у Украинадаги урушга нисбатан ноаниқ позицияни эгаллаб келаётган бўлса-да, бироқ, уруш оқибатлари ўзининг фойдасига бўлмаётганини кўриб турибди. Бунга ҳеч қандай шубҳа йўқ. Маълумки, Хитой Россия билан унинг Украинага қилган ҳужумидан бироз олдин «чексиз иттифоқ» ҳужжатини имзолаган эди. Америка ва Европа давлатлари Хитойдан Россия агрессиясига нисбатан қарши позиция эгаллашни талаб қилишганда эса, Хитой ноаниқ позицияни эгаллаб, на Россия урушини қўллаб қувватлашини билдирди ва на ўзининг иттифоқчиси бўлган Россияга ёрдам кўрсатишини. Балки Россияга хавфсизлик кафолатларини беришга рози бўлмагани учун урушнинг аланга олишида Американи айблаш билан кифояланди. Гўёки Хитой Россиянинг Украинада янги тартибни жорий қилиб, у ерда хавфсизликни ўрнатишини ва Ғарб давлатларини ўзининг янги халқаро мақомини тан олишга мажбур қилишини кутаётган эди. Чунки бу нарса Хитойнинг халқаро миқёсда, айниқса, Тайванда яхшироқ мақомни эгаллашини англатиши билан хитойликлар туйғуларини қўзғаши мумкин эди. Аммо Россиянинг заифлиги ҳамда Украинадаги жанг майдонларида учраган мағлубиятлари кўрина бошлагач, Хитой беқарор позиция эгаллай бошлади, гўёки у Россия билан иттифоқчи бўлишдан чекинаётгандек.
  • Ғарбнинг Хитойга нисбатан душманлик анқиб турган шунча позицияси Хитойни Америка ва Европа давлатларига қарши худди шундай позицияни эгаллашга ундагани йўқ. Хитой, шунингдек, Россияни қўллаб-қувватлашини ҳам билдирмади. Чунки Хитойнинг юксалиши ва эгаллаган янги мавқеи унинг ташқи савдосига боғлиқ. Зеро, Америка ва Европа давлатлари бозорлари Хитой буюклигининг асосий артерияси ҳисобланади. Россиянинг ҳолати эса бундан фарқ қилади. Чунки унинг халқаро мавқеининг асоси иқтисод ва халқаро савдо эмас, балки Совет Иттифоқидан қолган ҳарбий меросидир. Бироқ, бошқа томондан, Хитой Россия билан Осиё ва Осиёдан ташқаридаги очиқ денгизларда қўшма ҳарбий машғулотларни давом эттирди. Эҳтимол у Америка билан бирор бир воқеа юз берган тақдирда ўзининг эҳтиёжи тушадиган Россияни йўқотмаслик учун ҳамда Ғарб давлатлари билан бўлган савдо алоқалари ўз иқтисодининг артерияси ҳисоблангани сабабли уларни ҳам қўлдан бой бермаслик учун ўртада туришни истагандир…

Учинчи: шу боис, юқоридаги позициялар сабабли Хитой ҳар икки томон билан бўлган муносабатлари мувозанатли бўлмаса ҳам, томонлар ўртасидаги кризисни ҳал қилишга ташаббус кўрсатаётган қандайдир воситачи бўлиш ҳақида ўйлай бошлади. Буларнинг барчаси шуни англатадики, Хитой Россиянинг Украинага бостириб киришидан кейин ўз осмонида қора булутлар қуюқлаша бошлаганини кўрди. Бу қора булутлар Украина бўйича Хитой тинчлик ташаббуси туғилишининг биринчи сабабчиси ҳисобланади. Аммо бу ташаббуснинг юзага келишига иккинчи сабаб ҳам бор бўлиб, у Россиянинг вазиятидир. Агар биринчи сабаб иккинчи сабаб билан бирлашмаганда эди, биринчи сабабнинг ўзидан бирор бир жиддий ташаббус келиб чиқмаган бўларди. Қуйида буни атрофлича кўриб чиқамиз:

  • Россия сафарбарлик эълон қилиб, ярим миллионга яқин янги аскар жалб қилган бўлса ҳам, шунингдек, бугунги кунда Донбассдаги Бахмут шаҳри атрофида бўлгани каби қайта ҳужумга ўтган бўлса ҳам, бироқ урушда ғалаба қозонишнинг имкони йўқлигини тушуниб етди. Чунки у фақатгина Украина армияси билан эмас, балки, ўзи таърифлаганидек, «НАТОнинг имкониятлари» билан тўқнаш келмоқда. НАТО Россияни мағлуб этиш мақсадида Украинани оғир қуроллар билан таъминлаяпти. Афтидан, нафақат Украинада, қолаверса халқаро миқёсда ҳам Россияни тор-мор этишдан иборат Американинг кучли иродасига юз тутганини Россия тушуниб етган кўринади. Зеро, Финландия ва Швеция НАТОнинг янги аъзолари бўлиш арафасида турибди. Маълумки, бу икки давлат географик жиҳатдан Россияга энг яқин давлатлар ҳисобланади. Бундан ташқари, тарих давомида Россиянинг энг ашаддий душмани бўлиб келган Германия ҳам тез суръат билан ҳарбийлашяпти. Шарқда эса, Япония армияси тез орада Россия учун катта таҳдидга айланиб бормоқда. Зеро, у Иккинчи жаҳон уруши пайтида Россия босиб олган Курил оролларини ундан талаб қилиб келади. Шу боис, Украина ва халқаро майдондаги бундай ўзгаришлар хавфсизлик масаласида Россияга оғир юкларни юклаб, унинг жуда кўп заиф томонларини – айниқса, у мисли кўрилмаган иқтисодий санкцияларга юз тутган экан – очиб беряпти.
  • Россиянинг заифлигини кўрсатувчи ҳамда Украинадаги уруш натижалари ҳақидаги янги эътирофларини ифодаловчи ушбу белгилар, шунингдек, ўз армияси ва иқтисодининг заифлашувини ҳамда атрофидаги халқаро вазиятнинг ёмонлашувини тўхтатиб қолиш йўлларини излаши… буларнинг барчаси, яъни Россиянинг ҳозирги вазияти Хитой кўтариб чиққан «тинчлик ташаббуси»нинг иккинчи сабабидир. Тинчлик ташаббусининг ушбу иккинчи сабаби аҳамият жиҳатидан биринчи сабабдан, яъни Хитой юз тутган вазиятдан кам эмас. Демак, тинчлик ташаббусига мана шу икки нарса сабабчидир. Бу шуни англатадики, Россия Украинадаги урушни тўхтатишни истайди-ю, лекин ўз обрўсини ҳам сақлаб қолмоқчи бўляпти.

Шунинг учун (урушнинг Хитойга бўлган халқаро салбий таъсирлари ва Россиянинг Украинадаги ғалабасидан умидсизликка тушишидан иборат) ҳар икки сабабнинг бирлашиши Хитойнинг Украина бўйича тинчлик ташаббусини келтириб чиқарди. Уруш бошланган пайтда, бир йил олдин бу ҳолат йўқ эди. Афтидан, Хитой Россиянинг урушни тезда ўз фойдасига ҳал қилишини кутган кўринади. Шунинг учун уруш бошланишида бундай ташаббуслар билан чиқмаган. Лекин ҳозир, Россия ғалабадан деярли умидсизликка тушганидан ва ўз обрўсини сақлаб қолиш учун унинг музокараларга мойиллиги кўриниб қолганидан кейин Хитой ушбу ташаббус билан чиқди.

Юқорида айтилган гаплардан Украина бўйича Хитой тинчлик ташаббусининг асл моҳияти ҳамда унинг шу вақтга қадар кечикканлиги сабаби тушунилмоқда. Бундан ташқари, ташаббусда мамлакатлар суверенитетини ҳурмат қилиш ҳам очиқ айтилган бўлиб, бундан Ғарб ва Украинани қизиқтириш кўзланган. Шу боис, Хитой ташқи ишлар вазири ташаббусни эълон қилар экан, Украина суверенитетини қўллаб-қувватлашини билдириб бундай деди: (Хитой таклифида барча давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитети ҳурмат қилинади. Си-Эн-Эн Арабийя, 2023 йил 18 феврал). Бу Ғарбни музокараларга жалб қилишнинг бир туридир.

Тўртинчи: ташаббуснинг муваффақияти, яъни Украинадаги урушни тугатиш имкониятлари ҳақидаги саволга келсак, бу бир қанча таъсирли омилларга боғлиқ:

  • Бу биринчи навбатда Америка позициясига, кейин эса Украинани қўллаб-қувватловчи Европа давлатлари позициясига боғлиқ. Бу позициялар Украина пойтахти Киевнинг ҳамда президент Зеленскийнинг кескин позициясини ҳам ўзида акс эттиради. Украина ва Ғарбнинг бу позициялари тинчлик музокараларининг дастлабки шарти сифатида рус армиясининг Украинадаги барча босиб олинган ҳудудлардан, шу жумладан, Қримдан олиб чиқиб кетиш зарурлигини ифодаламоқда. Яъни Россия билан бўладиган музокаралар ҳудудлар бўйича эмас, балки товон тўлаш ва ҳарбий жиноятчиларни ҳалқаро судга топшириш бўйича олиб борилади. Россия эса бу шартларни рад этган бўлиб, у майдондаги воқеъликка, яъни ҳозирги фронт линияларида ўт очишни тўхтатишга, ана шундан кейин музокараларни бошлашга эътиборни қаратиб келмоқда. Албатта, Россия баъзи ён беришларни ўт очиш тўхтатилганидан сўнг, яъни бир томондан, обрўсини сақлаб қоладиган тарзда тақдим этишни истайди. Иккинчи томондан эса бу ён беришлар орқали санкцияларнинг бекор қилиниши ва музлатилган пулларнинг бўшатилишига қўшимча, гарчи рамзий бўлса ҳам, баъзи ҳудудий ютуқларни қўлга киритишни ҳам истайди.
  • Бугун Ғарб давлатларининг Хитой ташаббусидан манфаатдор эмаслиги, улар Украинада Россиянинг тўлиқ мағлубиятини режалаштириб, айни шу нарсани кутишаётгани очиқ кўриниб турибди. Дарҳақиқат, Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен бундай деди: (Бизга Хитой Россия билан ишламаётгани ҳақида кўпроқ далиллар керак ва биз буни ҳозир кўрмаяпмиз. Си-Эн-Эн Арабийя, 2023 йил 18 феврал). АҚШ давлат котиби Хитойни Россияни қўллаб-қувватлашда айблади: (Блинкен якшанба куни эфирга узатилган интервьюсида Хитой Украинадаги уруш бир йилга яқинлашар экан, Россияга қурол-яроғ ва ўқ-дорилар юбориш масаласини «қатъий кўриб чиқаётганини» айтди. Қудсул Арабий, 2023 йил 20 феврал). Булар Ғарбнинг Россияни мағлуб этиш учун Украинани қўллаб-қувватлашда давом этишини кўрсатувчи етарли белгилардир.
  • Шу боис, Хитойнинг Украина бўйича тинчлик ташаббусида давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги ҳурмат қилиниши айтилган бўлса-да, яъни Россиянинг чекиниши мумкинлигини англатса-да… лекин ҳозирги шароитда бу ташаббус Америка ва унинг Европадаги тарафдорлари учун, шунингдек, ўз ишида ҳеч қандай ихтиёрга эга бўлмаган Украина учун номақбулдир. Чунки Америка Украинани доимий равишда қўллаб-қувватлаб, тақдим этилаётган қуроллар сифатини ошириб бормоқда ҳамда президент Байден тили билан Россия президентининг Украинада асло ғалаба қилмаслигини эълон қилмоқда. Американикидек бундай кучли ирода Британияда, шунингдек, Россияга нисбатан нафрати кучли бўлган Полшага ўхшаган Шарқий Европа ва Болтиқбўйи давлатларида ҳам кузатилмоқда. Бошқача айтганда, Хитойнинг тинчлик ташаббуси Америка томонидан на қабул қилинди ва на олқишланди. Бу позициялар Россияни қийин аҳволга солиб қўйгани кўриниб турибди. Шунинг учун очиқ-ошкора тарзда эмас, балки қоғозга ўраган ҳолда Хитой ташаббусини қабул қилганлиги тўғрисида баёнотлар бера бошлади. Яъни бир оёғини нариги томонга ташлаган бўлса, иккинчиси жойида қолмоқда… Скай Ньюс Арабийянинг 2023 йил 27 февралдаги хабарига кўра, (Кремл Хитойнинг ташаббуси ҳақида «Украинада тинчлик ўрнатиш учун шартлар ҳали мос эмас», деган. Аммо кейинроқ «Россия Хитойнинг тинчлик ташаббусини юқори баҳолайди», деб айтган). Ал-Явм телеканали веб-сайтининг 2023 йил 27 февралдаги хабарида бундай келади: (Кремл Хитойнинг Украина бўйича тинчлик режаси Россия томонидан диққат билан кўриб чиқилаётганини айтиб, таклиф тафсилотлари таҳлил ва аниқ ҳисоб-китобларга муҳтожлигига ишора қилди). Афтидан, Россия Хитойнинг тинчлик ташаббусига қайтиш учун гўёки кўприк қўяётгандек…

Бешинчи: Хулоса қилиб айтганда, келгуси давр Украинадаги урушни тугатиш бўйича Хитой ташаббуси сарлавҳаси остида янги ўзгаришларга гувоҳ бўлади. Хитойнинг бу ҳаракатлари биринчи навбатда унинг манфаатларига қаратилган бўлса-да, лекин бир тарафдан, халқаро мавқеига катта хавф туғдираётганлиги сабабли Украина ботқоғидан чиқмоқчи бўлган Россия учун бир умидга айланди. Бироқ, Америка, Европа, НАТО ва Украина бу ташаббусни рад этиб, унга шубҳа билан қарамоқда. Шу боис, унинг муваффақият қозониш эҳтимоли жуда паст кўринади. Унинг муваффақият қозониши учун халқаро шароитлар ўзгариши ёки Россия Украинада йирик ва самарали ҳужум уюштиришга қодирлигини исботлай олиши керак. Аммо бу нарса – Америка ва НАТО давлатлари Россияга пистирма қўйганини ва унинг ғалаба қозонишига йўл қўймаслик учун Украинани барча уруш артериялари билан қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини инобатга олсак – яқин келажакда амалга ошиши даргумон.

Сўзимиз ниҳоясида шуни таъкидламоқчимизки, бугунги дунёда йирик деб аталган бу мустамлакачи кофир давлатлар дунёга яхшилик олиб келиш учун эмас, балки ёмонлик ва зарар олиб келиш учун ўзаро курашишмоқда. Россия бош кўтаришга тайёр бўлган ҳар бир украиналикни ўлдириш учун Украинага ҳужум қилган бўлса, Америка ва Ғарб ўз аскарлари билан эмас, балки барча украиналиклар билан душманга қарши курашмоқда. Иккала томон ҳам ҳар бир украиналикни ўлдириш учун Украинада бир-бирлари билан тўқнаш келмоқда… Шундай қилиб, ер юзида фасод тарқатишни кўзлаган бу давлатлар учун ҳар қанча қон тўкилишининг – модомики бу нарса уларнинг манфаатларини рўёбга чиқарар экан – ҳеч қандай аҳамияти йўқ… Ўтмишда Форс ва Рум давлатлари ўзаро курашиб, бири ғолиб, иккинчиси мағлуб бўлгандаги каби, гўё тарих такрорланаётганга ўхшайди… Уларнинг ҳар бири ўз манфаатларини рўёбга чиқариш учун одамлар қонини дарё қилиб оқизувчи машинадек ҳаракат қилган эди… Бу ҳолат Аллоҳ Таоло ҳақ ва адолат аҳли бўлган Ислом Умматини ғалаба ва очиқ фатҳ билан сийлаб, Ислом ва мусулмонлар азиз, куфр ва кофирлар хор бўлгунига қадар давом этган эди. Аллоҳнинг изни ила яна шундай бўлади.

وَيَوْمَئِذٍ يَفْرَحُ الْمُؤْمِنُونَ * بِنَصْرِ اللَّهِ يَنْصُرُ مَنْ يَشَاءُ وَهُوَ الْعَزِيزُ الرَّحِيمُ

«Ўша кунда мўминлар Аллоҳнинг нусрати сабабли шодланурлар. (Аллоҳ) Ўзи хоҳлаган кишига нусрат берур. У қудрат ва раҳм-шафқат эгасидир» [Рум 4-5]

                                                                                                  9 шаъбон 1444ҳ

                                                                                                  1 март 2023м

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here