Садир Жапаров Туркияга ташриф буюради

1901
0

Садир Жапаров Туркияга ташриф буюради

 Хабар: Президент Садир Жапаров 15-16-март кунлари иш сафари билан Анқарага боради. Бу ҳақда президент маъмурияти ташқи сиёсат бўлими бошлиғи Муратбек Азимбеков маълум қилди. Сафар доирасида давлат раҳбари Туркий давлатлар ташкилоти раҳбарларининг навбатдан ташқари саммитида иштирок этади.

 “Офат ҳамда фавқулодда вазиятларни бошқариш ва инсонпарварлик ёрдами” деб номланган йиғилишда фавқулодда вазиятларни бошқариш ва гуманитар ёрдам кўрсатиш борасида кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, табиий офатларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш бўйича саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш истиқболлари кўриб чиқилади.

 Саммитда ташкилотга аъзо давлатлар – Қирғизистон, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон ва Ўзбекистон президентлари иштирок этади. Саммит ишига Венгрия бош вазири ва Туркманистон парламенти раиси кузатувчи мақомида қатнашади.

 “Сафар доирасида давлат раҳбарининг Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон билан учрашиши ҳам режалаштирилган бўлиб, унда икки томонлама ҳамкорликнинг муҳим масалалари муҳокама қилинади”, – деди Азимбеков.

Изоҳ: Ҳозирги кунда Туркий давлатлар ташкилоти деб номланган халқаро тузилма туркий тилли халқлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида 2009 йил 3 октябрда имзоланган “Нахчиван шартномаси” асосида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши номи билан Қирғизистон, Қозоғистон, Озарбайжон ва Туркия ҳамкорлигида ташкил этилган эди.

 Венгрия ташкилотга 2018 йилда кузатувчи мақоми билан қўшилди. 2018 йилнинг 30 апрелида Ўзбекистон ҳам бу кенгашга аъзо бўлиш истагини билдирди ва 2019 йил 14 сентябрда ташкилотнинг тўлақонли аъзосига айланди.

 2021 йил 12 ноябрда Истанбулда бўлиб ўтган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг VIII Истанбул саммитида ташкилот номи Туркий давлатлари ташкилоти деб ўзгартирилди ва Туркманистон ҳам ташкилотда кузатувчи давлат мақомига эга бўлди. Ҳозирги вақтда ташкилот фаолиятини координациялаш бўйича бош котибият Туркиянинг Истанбул шаҳрида жойлашган.

 Бироз аввалроққа қайтадиган бўлсак, расмий Вашингтон 2020 йил 8 февралда АҚШнинг Марказий Осиёга оид 2019-2025 йилларга мўлжалланган янги стратегиясини эълон қилди.

Стратегияда АҚШнинг минтақадаги сиёсатига оид қуйидаги олтита асосий тамойиллар баён этилган:

  1. Марказий Осиё давлатларининг ҳам алоҳида, ҳам бутун минтақа сифатида суверенитет ва мустақиллигини қўллаб-қувватлаш ва мустаҳкамлаш;
  2. Марказий Осиёда террористик таҳдидларни камайтириш;
  3. Афғонистонда барқарорлик ўрнатиш учун ёрдам кўрсатиш ва уларни кенгайтириш;
  4. Марказий Осиё ва Афғонистон ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш;
  5. Қонун устуворлигини ва инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилишни қўллаб-қувватлаш;
  6. АҚШнинг Марказий Осиёга сармояларини жалб қилиш.Шунингдек, стратегия доирасида АҚШ Марказий Осиёга 9 млрд долларлик ёрдам ажратадиган бўлди. 

  “АҚШнинг Марказий Осиё ишларида муваффақиятли иштирок этиши бизнинг миллий хавфсизлигимиз манфаатларини таъминлашга ва чет элда ватанимиз, фуқароларимиз ва манфаатларимизни ҳимоя қилишга ёрдам беради… Барча беш мамлакат билан яқин муносабатлар ва ҳамкорлик АҚШ қадриятларини тарғиб қилишга ёрдам беради ва минтақадаги қўшнилар таъсирига қарши туришини таъминлайди. Америка бизнеси учун имкониятларнинг кенгайиши минтақадаги иқтисодий фаровонликни оширади, шунингдек, Қўшма Штатларда иш билан таъминлаш ва саноатни ривожлантиришга ёрдам беради”, – дейилади ҳужжатда.

 АҚШнинг ушбу стратегиясидан кейин узоқ вақт туркий тилли давлатлар ҳамкорлиги деб атаб келинган кенгаш Туркий давлатлар ташкилотига ўзгартирилди ва Вашингтон Эрдўғон зиммасига минтақада АҚШнинг янги стратегиясини бажаришда воситачи вазифасини юклади. Шу сабабли ҳам Эрдўғоннинг Туркий давлатлар ташкилотини тузиш бўйича олиб борган ҳаракатларига АҚШнинг ушбу янги стратегияси доирасидаги иш деб қараш лозим.

Шуни унитмаслигимиз зарурки, Туркий давлатлар ташкилоти ҳеч қачон мусулмонлар ҳақида қайғурмайди ва уларни ҳимоя қилмайди. Масалан, бу ташкилотнинг бош котиби Бағдод Амриев уйғурлар масаласида ташкилотнинг позицияси ҳақида: “бу Хитойнинг ички иши, биз бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаймиз” деган эди. Демак, Туркий давлатлар ташкилоти Америка қўлидаги бир қурол бўлиб, Вашингтон Эрдўғон воситасида минтақа давлатларига ўз нуфузини ўтказишга ҳаракат қилмоқда.

 Абдураҳмон Одилов

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here