“Газпром Қирғизистон” газ тарифини кўтаришни талаб қилди

4223
0

Газпром Қирғизистон газ тарифини кўтаришни талаб қилди

 Хабар: “Газпром Қирғизистон” компанияси газ тарифларини ҳар кубометр учун камида 19,9 сомгача оширишни талаб қилмоқда. Компания аҳолини қўшниларининг паст тарифларига эътибор қаратмасликка чақирди – Қирғизистонни ўзининг гази йўқ. Шунингдек, улар фақат тарифларни ошириш уй-жой массивларини газлаштиришни тезлаштиришга ёрдам беришини айтишди.

 Компания раҳбарининг иқтисод ва молия бўйича ўринбосари Арзимат Алдаяровга кўра, газнинг бир кубометри учун амалдаги 18,7 сом бўлган тариф “Газпром Қирғизистон” фойдасини у ёқда турсин, ҳатто харажатларни ҳам қопламайди.

 “Агар истеъмолчи тарифи табиий газни харид қилиш ва ҳар бир абонентнинг ўт ёқувчи жойига етказиб бериш харажатларини тўлиқ қоплаб, унинг 1 куб метри  19,9 сомдан бўлса, у ҳолда  газлаштириш суръатларини сезиларли даражада тезлаштира оламиз”, – деган у, депутатларнинг газлаштириш суст бормоқда деган танқидларига жавобан.

 “Тариф ҳозирги даражада қолса ҳам, биз мамлакатни газлаштириш бўйича ишимизни тўхтатмаймиз”, – деди Алдаяров.

 “Газпром Қирғизистон” компаниясининг таъкидлашича, компания саккиз йилдан буён зарар кўрувчи тарифга амал қилиб келмоқда, натижада аҳоли учун бундай субсидияларнинг умумий миқдори 5 миллиард сомдан ошган. Шу билан бирга, компания мамлакат расмийларига келишувдаги норма ҳақида эслатиб ўтди, унга кўра газ тарифлари компаниянинг барча харажатларини қоплаши ва йилига 12 фоизлик фойда келтириши керак.

 “Компанияни кўпинча қўшнилар билан солиштиришади. Нима учун Ўзбекистонда, Қозоғистонда, Россияда тарифлар арзон? Биз импорт қилувчи ўлка эканимизни тушунишимиз керак. Ўзбекистон, Қозоғистон ҳамда Россия газни экспорт қилишади. Улар юқори экспорт нархлар орқали ички тарифни субсидиялашади”, – деб тушунтиради Алдаяров.

 Газпром Қирғизистон”нинг маълумотига кўра, қирғиз ҳукумати компанияга 700 млн сом қарз.

 Изоҳ: 2014-йили “Қирғизгаз” Россиянинг “Газпром”ига 1 доллар эвазига сотиб юборилган эди. Ўша вақтда “Газпром” компанияси “Қирғизгаз”нинг барча қарзларини тўлаш, аҳолини зангори олов билан узлуксиз таъминлаш, тарифларни пасайтириш ва мамлакат газ инфратузилмасини модернизация қилиш учун 5 йил давомида 20 миллиард рубл сармоя киритиш мажбуриятини олган эди. Ўша вақтдан бери аҳоли газнинг ҳар минг куб метри учун 220 доллардан тўлаб келмоқда. Табиийки, бундай нарх аҳоли учун оғирлик қилади ва ҳар ким ҳам уйни истишда газдан фойдалана олмайди. “Газпром” ваъда қилган газлаштириш ишлари ҳам оддий халқ ҳисобидан олиб борилмоқда. Уйига газ туширмоқчи бўлган одам “газчиларга” трубасидан тортиб, деворга қоқадиган миқигача олиб беради ва тортилган ҳар бир метр турба учун 300 сомдан пул тўлайди.

 Нархни туширишни ваъда қилган компания бугунга келиб газ нархини оширишни талаб қилмоқда. Аввалроқ, президент Жапаров май ойидан свет нархи оширилиши ва амалдаги 700 киловатт соат учун 0,77 тийин ўрнига 1 сомга кўтарилишини айтган эди. Свет ортидан газ нархи ошиши ҳам аниқ бўлиб қолди. Демак, бўлгулик яна оддий халқққа бўлади. Оддий қилиб айтганда, “ўзинг учун ўл етим”.

 Абдураҳмон Одилов

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here