Қозоғистон ва Россия газни қайта ишлаш бўйича йўл харитасини имзолади
Хабар: Остона билан Москва қозоқ газини Оренбург газни қайта ишлаш заводида газни қайта ишлаш ҳамда Россия газини Қозоғистонга етказиб бериш масалалари юзасидан “йўл харитаси”ни имзолашган. Бу ҳақда Қозоғистон ҳукумати матбуот хизмати бош вазирнинг биринчи ўринбосари Роман Склярнинг “Газпром” раҳбари Алексей Миллер билан 18 январ куни Санкт-Петербургда бўлиб ўтган учрашуви якунларига кўра маълумот тарқатди.
“Учрашув чоғида Қозоғистон ва Россия Федерацияси ўртасида табиий газ соҳасида икки томонлама ҳамкорликнинг асосий масалалари муҳокама қилинди. Музокаралар натижаларига кўра томонлар ҳамкорлигининг асосий йўналишларини, хусусан, қозоқ газини Оренбург ГҚИЗда қайта ишлаш, Россия газини Қозоғистонга етказиб бериш имконияти ҳамда ҳамкорликнинг истиқболдаги лойиҳаларини белгиловчи йўл харитаси имзоланди”, дейилган матбуот хизмати хабарномасида.
Ҳукумат маълумотига кўра, учрашувда Қозоғистоннинг Россиядаги элчиси Ермек Кошербаев, Қозоғистон энергетика вазири Болат Акчулаков ва QazaqGaz миллий ширкати раёсати раиси Санжар Жаркешовлар ҳам иштирок этишган.
Аввалроқ вазир Акчулаков Россиядан хом ашё олиш йўли билан Қозоғистон шимоли ва шимолий-шарқини газлаштириш зарурати тўғрисида билдирган эди. “Бизга мамлакат шимолий-шарқи ва шарқини газлаштириш учун йилига 10 миллиард куб метр газ тортиб олишга имкон берувчи қувур керак”, деган эди у матбуот анжуманларидан бирида.
Изоҳ: “Учтомонлама газ иттифоқи” ташкил этиш масаласи 2022 йил ноябр ойида Россия президенти Владимир Путин ва Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ўртасидаги учрашувда муҳокама қилинган эди. 9 декабр куни Бишкекда бўлиб ўтган Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши йиғилиши якунида сўзга чиқиб, Қозоғистон ва Ўзбекистон иқтисодларининг газга бўлган талаби, айниқса, экспорт мажбуриятларини ҳисобга олганда ошиб боришини таъкидлаб, ЕОИИ доирасида ягона газ бозорини яратишга тайёргарлик кўрилганини эслатиб ўтган эди.
“Бизнинг ЕврАзЭС мамлакатлари олдидаги мажбуриятларимиз ҳам бор. Ўзбекистон ҳамон кузатувчи мақомда. Лекин Ўзбекистон учун, албатта, бу ҳам ЕврАзЭС ишига чуқурроқ назар ташлаш ва бу ерда, умуман, ЕврАзЭС билан манфаатли нуқталарини топиш учун яхши имкониятдир. Бу ерда енгиб бўлмайдиган тўсиқлар йўқ”, – деган эди Путин.
2004-йил Ўзбекистон тоғути Каримов Ўзбекистондан газ қазиб олиш ҳуқуқини 2046-йилгача Россиянинг “Лукойл компаниясига сотиб юборган эди. Айнан шу йилдан бошлаб Ўзбекистонда газ муаммоси вужудга келган ва мана қарйиб 30 йилдан бери ўзбек халқи ўз газига зор бўлиб келади. Ҳар йили қиш кириш билан ўзбекистонликларнинг ягона муаммоси қишли-қировли кунлардан соғ-саломат чиқиш бўлиб келмоқда. Ҳатто, Ўзбекистон “Лукойл”дан 2018-йилда газ етказиб бергани учун 600 миллион долларга яқин қарз бўлиб қолган эди. 2014-йилда эса “Қирғизгаз” Россиянинг “Газпром” компаниясига 1 доллар эвазига сотиб юборилди. Гарчи компания бунинг эвазига “Қирғизгаз”нинг қарзини узиб, аҳолини газлаштиришни зиммасига олган бўлса-да, газлаштириш ишлари ҳам халқ ҳисобидан бормоқда. Ноябр ойида эса Путин Россия-Қозоғистон-Ўзбекистон ўртасида “учтомонлама газ иттифоқи”ни тузиш ва Хитойга бўлган газ экспорти ҳуқуқини Россияга беришни “таклиф” қилди. Аммо воқеликда бу “таклиф” таҳдид кўринишини олиб бу таҳдиднинг асосий “қурбони” ўзбек халқи бўлмоқда. Россия босими остида Туркманистон Ўзбекистонга газ беришни қисқартирди ва ўзбек газига эга чиқиб олган рус компаниясининг газ етказиб беришнинг қисқартириш ортидан Ўзбекистон жорий йилги қишда мисли кўрилмаган энергетик инқирозни бошидан кечирмоқда. Агар ўзбек раҳбариятида сиёсий ирода етишмаса яқин кунларда ўзбек ҳукумати ҳам Россия билан шу каби йўл харитасини имзолайди.
Жорий йилнинг январ ойи бошида Қозоғистон бош вазири Алихон Смаилов Қозоғистонга Россия ва Ўзбекистон билан ўртасида “учтомонлама газ иттифоқи”ни ташкил этиш бўйича расмий таклиф келиб тушмаганини маълум қилган эди. Бугун эса газни қайта ишлаш бўйича йўл харитаси имзоланди. Россия қозоқ ҳукуматига босим ўтказиб “учтомонлама газ иттифоқи”ни тузишга эришса бир ўқ билан икки куённи овлаган бўлади. Биринчидан, минтақа энернетика ресурслари ва таъминотини тўлиқ ўз назоратига олади, иккинчидан, АҚШ бошчилигидаги ғарб давлатлари сакцияларини четлаб ўтган ҳолда қозоқ ва ўзбек газига қўшиб ўз газини Хитойга улкан ҳажмда экспорт қилиш имконига эга бўлади. Агар Россия бу ишни уддасидан чиқадиган бўлса, Европа бозоридан суриб чиқарилаётган газ бозори ўрнини Хитой билан тўлдириб олади.
Абдураҳмон Одилов