Байденнинг Яқин Шарқ сафари ҳамда ядровий масала

520
0

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Саволга жавоб

Байденнинг Яқин Шарқ сафари ҳамда ядровий масала

Савол:

(АҚШ президенти Жо Байден «Исроил», Ғарбий Соҳил ва Саудия Арабистонига ўзининг расмий сафарларини амалга ошириш учун бугун чоршанба куни пойтахт Вашингтонни тарк этди… Ал-Арабия нет, 2022 йил 13 июл). «Youm7» сайтининг 2022 йил 10 июлдаги хабарида бундай дейилган эди: (АҚШ президенти Жо Байден Американинг минтақадаги алоқалари учун янада истиқболли даврни бошлаш мақсадида келаси ҳафта Яқин Шарққа сафар қилишини айтди…). Шарқул Авсат ҳам 2022 йил 5 июл куни ўз сайтида қуйидагича хабар қилганди: (АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Нед Прайснинг айтишича, Эрон сўнгги ҳафта ва ойларда 2015 йилги ядровий келишув доирасидан ташқарида бир неча бор талаблар қўйган. Рейтер ахборот агентлиги хабарига кўра, Нед Прайс ҳозирда Эрон билан музокараларнинг бошқа босқичи режалаштирилмаганини таъкидлади). Савол эса, қуйидагича: Бу нарса Американинг ядровий келишувдан юз ўгирганини англатадими? Байденнинг сафари ҳозирги пайтда амалга оширилаётганидан нима кўзланган? Бу сафарнинг ядровий келишувга алоқаси борми ёки ундан бошқа нарса кўзланганми? Эрон ядровий давлатга айланиши мумкинми?

Аллоҳ Таоло сизга ва сиз туфайли барака ато этиб, нусрат ва фатҳлари билан сийласин.

Жавоб:

Савол икки қисмдан иборат экан. Биринчиси, Эрон билан тузилган ядровий келишув масаласи. Иккинчиси, Байденнинг сафари. Бу саволларнинг жавоби қуйидагича:

Биринчи: ядровий келишув:

  • Эрон ядровий масаласи ўзининг маҳаллий, минтақавий ва халқаро кўламлари билан АҚШнинг Эронга нисбатан сиёсатининг муҳим қисмидир. Аниқроқ қилиб айтганда, бу масала Америка стратегиясида минтақавий ва халқаро кўламга эга бўлган масала бўлиб туриши учун бошқа масалалар билан биргаликда олиб борилади. Шу боис, АҚШнинг 2015 йилда келишув имзоланганидан бошлаб, 2018 йилда ундан чиқиб кетиши ва бугунги кунга келиб, яна унга қайтиш устида музокара олиб боришигача бўлган ҳолатига назар солсангиз унинг ўз сиёсатидаги ўзгаришларга қараб гоҳ ўнг, гоҳ чап томонга оғиб кетаётганини кўрасиз. Қўшма Штатларнинг Эрон ядровий дастури бўйича стратегик қарашларини диққат билан кўриб чиқсак, Америка сиёсати бу масалани ҳал қилишдан кўра кўпроқ уни идора қилиб туришга яқинлигини кўрамиз! Американинг ядровий масалага нисбатан бундай қараши унинг исломий минтақадаги минтақавий ва халқаро стратегиясидан асло ажралмайди.
  • Эътироф этиш керак бўлган объектив ҳақиқат шуки, Эрон ўзининг ташқи сиёсатидаги аксар масалаларда парда ортидан Америка билан мувофиқлашган ҳолда иш олиб бориб, унинг сиёсатидан четга чиқмайди. Американинг 2003 йилда Ироққа бостириб кириши улар ўртасидаги бундай мувофиқлашувни тўлиқ фош қилди. Зеро, ўшанда Америка ва Эрон нуфузи Ироқда ёнма-ён юрарди. Давлат ташкилотига қарши АҚШ бошчилигида Сурияга аралашган халқаро коалиция ҳам Эроннинг Суриядаги бирорта объект ва жангариларига зарба бергани йўқ. Америка Шом қўзғолонига барҳам бериш учун бир тарафдан уларнинг қўзғолонга қарши уруш олиб боришларига қўйиб берган бўлса, бошқа бир тарафдан, «терроризм»га қарши курашни баҳона қилиб, ўз учоқлари ёрдамида қўзғолончиларга зарба бериб келди. Бундай уйғунлик фақатгина ўзаро ролларни бўлишиб олган давлатлар ўртасида рўй беради. Зеро, Америка ва Эроннинг роли Суриядаги Америка малайи Башарни ҳимоя қилиш бўлган. Бундан ташқари, АҚШнинг Афғонистонга бостириб кириши ҳам АҚШ ва Эрон ўртасидаги мувофиқлашувни фош қилади. Зеро, Эрон томонидан берилган баъзи баёнотлар шуни кўрсатадики, у Афғонистоннинг босиб олинишига қулайлик яратиши билан Америкага хизмат кўрсатиб келган!
  • 1988 йилда Ироқ-Эрон уруши тугаб, Ироқ йирик ҳарбий куч сифатида пайдо бўлгач, Эрон ўз мағлубиятини яшириш учун 1989 йилда ўзининг ракета ва ядровий дастурини яратишга киришди. АҚШ ядровий тадқиқотларда Эронга эллигинчи йиллардан бери ёрдам бериб келар эди. Бу тадқиқотлар Ҳумайний инқилобидан кейин тўхтаб қолди. Бироқ 1989 йилда яна қайта бошланди. 1990-1991 йилларда АҚШ армиясининг Ироқ ҳарбий қудратини йўқ қилиб, уни Қувайтдан чиқариб юбориши, кейин унга қарши санкция қўллаб, текширув кампанияларини бошлаб юбориши ортидан Эрон қудратини намойиш қилиш учун минтақавий бўшлиқ пайдо бўлди. Совет Иттифоқи қулаб, совуқ уруш тугаганидан кейинги Америка сиёсати бутун дунё бўйлаб ҳарбий базаларда ўз мавжудлигини оқлаш учун хаёлий душманни қидиришга асосланиб келади. Мана, Эрон бунга баҳона ва асос сифатида хизмат қилмоқда. Америка ўзининг аксар сиёсатини Эрон таҳдиди билан оқлаб келяпти. Ҳатто Полша ва Руминияга ўз ракета қалқонларини жойлаштиришда Эроннинг ракета таҳдидини баҳона қилаётганидан Россия ҳам ҳайратга тушди!
  • Шундай қилиб, Эроннинг ядровий дастури ва уранни бойитиш учун минглаб центрифугаларнинг ўрнатилиши Европа ва Форс кўрфази давлатлари учун хатар бонгининг чалинишига сабаб бўлди. Яхшироқ ўрганиб чиқадиган бўлсак, буларнинг барчаси Америка сиёсати учун қуйидаги бир неча жиҳатдан зарур бўлганини кўрамиз:

а)    Америка ҳукмдорларга ўз ҳимоясини таклиф қила олиши учун нефть манбалари жойлашган Кўрфаз давлатларига Эрон таҳдидини пайдо қилди. Мисол учун АҚШ президенти Трамп Америка Саудияни ҳимоя қилмоқда, дея мақтанган эди. Агар Америка ҳимоя қилмайдиган бўлса, Саудиянинг икки ҳафта ҳам ҳокимиятда тура олмаслигини айтиб, шантаж ва мафия усулида ундан пул талаб қила бошлади.

б)    Халқаро миқёсда Қўшма Штатлар стратегик жиҳатдан Россияни блокада қилишни кучайтириб, Россия чегаралари яқинида ўзининг ракета қалқонларини жойлаштиришни бошлади. Буларнинг барчаси турли баҳоналар билан, жумладан, Европа давлатларини Эрон ракеталаридан ҳимоя қилиш баҳонасида амалга оширилди.

  • Европанинг ортиб бораётган қўрқувлари билан бир қаторда халқаро кучлар Эроннинг ядровий дастурини ҳарбий эмас, балки тинчлик йўл билан назоратга олиш мақсадида 2006 йилдан бери Эрон билан музокараларни бошлашган. Бешта халқаро ядровий давлат ва Германияни ўз ичига олган 5+1 гуруҳининг таъсис этилиши сабаби ҳам шунда. Америка ушбу халқаро кучлардан бири бўлса-да, бироқ Эрон билан ядровий музокаралар унинг бевосита иштирокисиз олиб борилди. Чунки Америка 2015 йилга қадар 9 йил давом этган ушбу музокараларда Эрон ядровий дастурини чеклашга жиддий қарамади. Шунинг учун ҳам Россия ва Хитойга қўшимча Европа давлатлари ўтказиб келган кетма-кет йиғинлар қуруқдан-қуруқ олиб борилган ушбу музокаралар доирасида амалга оширилганини кўрамиз. Аслида бу музокаралар Эрон қудратини намойиш қилишга ва унинг хавф-хатарларини кўрсатишга ёрдам берди.
  • Қолаверса, Америкадаги ички бўлиниш Эрон ядровий дастурига кучли таъсир кўрсатди. Зеро, Трамп маъмурияти даври Америкадаги бўлинишлар энг хавфли нуқтага етган давр ҳисобланади. Ўшанда Трамп ўзидан олдинги президент Обаманинг Эрон ядровий дастурига оид сиёсатини қаттиқ танқид қилганди. У 2018 йилда ядровий келишувни бекор қилишдан ташқари, Эронга қарши қаттиқ санкцияларни жорий қилиб, яҳудий вужудининг Эронга кўпроқ зарар етказишига йўл очиб берди. Чунки Трамп «ковбой»лардек мутакаббирлик билан ҳаракат қиладиган шахсдир. 2020 йил январ ойи бошида эса, Инқилоб гвардиясидаги Қудс кучлари қўмондони Қосим Сулаймонийни ўлдириб, Эронни янада таҳқирлади. Чунки Трамп маъмурияти Обама маъмуриятидан фарқли ўлароқ, Нетаньяху бошчилигидаги яҳудий вужуди билан якдил ҳолатда эди. Шунинг учун яҳудий вужуди – «Натанз» станциясини вайрон қилиш каби бевосита ядровий объектларга зарба бериш бўладими ёки эронлик ядро олимлари ва мутахассисларига суиқасд қилишга қўшимча Эрондан махфий ядровий ҳужжатларни ўғирлаш каби билвосита зарар етказиш бўладими, бундан қатъий назар – Эрон нишонларига зарба беришда зўр бериб келди.
  • Демократлар охирги сайловлардан олдин, ҳали ҳокимиятга келмай турибоқ, Эрон режимининг таниқли шахслари билан, хусусан, ўша пайтдаги ташқи ишлар вазири Жавод Зариф билан боғланиб, 2020 йилги президентлик сайловларида демократлар партиясининг ғалаба қозониши ядровий келишувга қайтишни англатади, дея уларда умид уйғотиб келишди. Маълумки, ядровий келишувга қайтиш Демократлардан номзод Байденнинг сайловолди кампаниясида бор эди. Шундай қилиб, Байден Америкадаги ички бўлиниш билан боғлиқ мотивлар сабабли, Эрон билан тузилган ядровий келишувга қайтиш мажбуриятини ўз зиммасига олди. Дарҳақиқат, президент Байден 2021 йил бошида ўз вазифаларини бажаришга киришишидан кўп ўтмай, Америка Эрон билан ядровий музокараларга қайтди. Бироқ, музокаралар ўз ўрнида депсиниб туриб қолди. Чунки Американинг Эрон билан тузилган ядровий келишувга қайтиши АҚШ стратегиясининг талабларидан бўлмай қолди. Аксинча, АҚШ стратегияси яна Эрон таҳдидини намоён қилишни тақозо қиляпти. Бундан ташқари, Конгрессдаги республикачи вакиллар Эрон билан бўлган янги келишувни Конгрессда овозга қўйишни талаб қилишди. Улар Конгрессда устунликка эришсалар, яна келишувни бекор қилишларини айтиб таҳдид қилишди. Бу эса, музокаралар жараёнини мураккаблаштириб юборди. Мана, орадан бир ярим йил ўтса ҳамки, Байден маъмурияти Эрон билан тузилган ядровий келишувга қайтишга муваффақ бўлолмаяпти.
  • Кейин, Украинадаги уруш ядровий келишувга соя солди. Байден маъмурияти Россия газига муқобил сифатида Европага газ ва нефть етказиб бериш вазифасини ўз зиммасига олганди. Зеро, АҚШнинг НАТО иттифоқи доирасида Ғарбга етакчилик қилиши ҳам шуни тақозо қилади. Шунда, Байден маъмурияти ўз карталарини Эронга қарши санкцияларни бекор қиладиган ҳамда Венесуэла ва Саудия билан бир қаторда унинг нефтини ҳам халқаро бозорларга олиб чиқадиган тарзда аралаштиришга эҳтиёж сеза бошлади. Шунинг учун 2022 йилнинг март ойида, Россиянинг Украинага бостириб киришидан кўп ўтмай, Эрон билан тезроқ ядровий келишув тузиш йўлларини қидиришга киришиб кетди. Байден маъмурияти собиқ президент Трамп томонидан терроризм рўйхатига киритилган Инқилоб гвардиясини айни рўйхатдан олиб ташлаш тўғрисидаги Эроннинг талабларини қондиришга тайёр эди. Шу боис, Украина урушидан кейинги АҚШ сиёсатидаги ўзгаришларнинг бир қисми сифатида, Американинг ядровий келишувга қайтишига жуда яқин қолган эди. Аммо 5+1 гуруҳи сафидаги Россия Эрон билан олиб борадиган савдо алоқаларини ўзига қарши жорий қилинган Ғарб санкцияларидан чиқарилишини шарт қилиб қўйгач, Америка келишувни имзолашдан бош тортди. Агар Россия ўз шартларида давом этадиган бўлса, ядровий келишув – ноябр ойида АҚШда бўлиб ўтадиган оралиқ Конгресс сайловлари тугагунига қадар – яқин ойлар ичида имзоланмайдиганга ўхшайди. Зеро, айни пайтда Байден асосий эътиборини Эрон билан бўладиган ядровий келишувдан кўра кўпроқ, оралиқ сайловларга қаратаётгани кузатилмоқда.

Иккинчи: Байденнинг Яқин Шарқ сафари:

Байденнинг минтақа сафарини кузатган киши унинг ташрифи оралиқ Конгресс сайловларига тайёргарлик кўриш учун амалга оширилганини кўради. Гарчи бу ташриф зоҳиран бошқа мақсадлар билан ўралган бўлса-да, лекин у Байден ва унинг партиясининг оралиқ сайловлардаги улушини оширишга қаратилган! Байден Республикачилар партияси билан бўлган муносабатларида ички инқирозни бошдан кечирмоқда. Бу айниқса, диққатга сазовор иккита масалада ўз аксини топади: Биринчиси, Байденнинг Трамп қилганидек эмас, аксинча, босим ва қўшимча санкциялар қўлламасдан, Эрон билан ядровий битимни имзолашга бўлган қизиқиши ва истагидан Республикачилар партиясининг фойдаланаётгани. Иккинчиси, Байденда яҳудий вужуди билан муносабатларни кучайтириб, мустаҳкамлашга бўлган Трампдаги қизиқишнинг йўқлиги. Ушбу икки масала оралиқ Конгресс сайловларига таъсир ўтказгани сабабли, Байден 2022 йил ноябр ойида бўлиб ўтадиган оралиқ сайловларгача уларни ҳал қилишга ҳаракат қилмоқда:

  • Биринчи масалани ҳал қилиш учун шундай иш тутилдики, Байденнинг айни сафаридан олдин АҚШ давлат департаменти матбуот котиби Нед Прайснинг «… Ҳозирда Эрон билан музокараларнинг бошқа босқичи режалаштирилмаган…», деган баёноти янгради. Унинг бу баёноти 2022 йил 5 июл куни Шарқул Авсатда келтирилди. Бундан ташқари, Байден ҳам тўғридан-тўғри ядровий келишув раундининг тугашини билдирадиган ёки Республикачилар партияси унга ва унинг партиясига қарши бу нарсадан фойдаланиб қолмаслиги учун оралиқ сайловлар тугагунига қадар келишувнинг кечиктирилишини англатадиган баёнотларни бера бошлади.
  • Кейин у иккинчи масалани ҳал қилиш учун яҳудий вужудига мисли кўрилмаган ёрдамни ажратди. Яъни Тель-Авивга 4 миллиард доллардан кўпроқ дея баҳоланган тарихдаги энг катта ёрдам пакетини тақдим этди. Бундан ташқари, яҳудий вужуди билан муносабатларни тезроқ нормаллаштириш учун қилинаётган саъй-ҳаракатлар ҳам бор. Буларнинг барчасидан яҳудий вужудини Трамп ва унинг партияси қўллаб-қувватлаганидан ҳам кўпроқ қўллаб-қувватлаш орқали оралиқ сайловларда яҳудий лоббисининг овозини олиш мақсад қилинган… Шу боис, Байденнинг минтақага, хусусан, яҳудий вужудига қилган ўз сафарини мана шу 2022 йил июл ойида амалга ошириши ва уларни қўллаб-қувватлашини билдириши унга айни сайловларда яҳудий лоббисининг овозини олишга имкон беради… Бундан ташқари, минтақадаги малай ва тарафдорларини қўллаб-қувватлашини кўрсатиши билан ҳам у ўзининг халқчиллигини оширишга ҳаракат қилмоқда! Айниқса, Саудия Арабистони ва Форс кўрфази давлатларидан келадиган энергия Байденнинг сайловдаги улушини оширади. Қуйидаги фикрлар буни тасдиқлаб турибди:

а)    (Оқ уйнинг таъкидлашича, АҚШ президенти Жо Байден чоршанба куни бошланадиган ўзининг Яқин Шарқ сафари орқали стратегик аҳамияти тобора ортиб бораётган минтақада Америка ролини кучайтиришни истайди. АҚШ Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан душанба куни Оқ уйда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Байденнинг президентлик давридаги биринчи сафари ҳисобланган ҳамда Исроил, Ғарбий Соҳил ва Саудия Арабистонини ўз ичига олган ушбу ташрифининг мақсадларини қисқача баён қилиб ўтди. У шунингдек, сафар давомида Байденнинг Миср, Иордания, Ироқ ҳамда Кўрфаз Ҳамкорлик Кенгаши давлатлари раҳбарлари билан учрашишини ҳам таъкидлади. Яҳудий вужуди билан муносабатларни нормаллаштириш масаласида Салливан АҚШ маъмуриятининг истаги Исроил билан янада кўпроқ араб давлатлари ўртасида муносабатларни яхшилаш эканига ишора қилиб, муносабатлар нормаллашувининг ҳар қандай кўриниши ижобий ҳисобланади, дея таъкидлади.

Байден Форс кўрфази давлатларини нефть нархининг 100 доллардан юқорилиги сабабли нефть ишлаб чиқаришни оширишга чақирган эди. Зеро, Россия-Украина уруши давом этиши сабабли энергия ва озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ глобал хавотирлар кучаяётган бир манзарада, нефть нархларининг юқорилиги инфляция даражасининг ўсишига ҳисса қўшди. Ал-Жазира, 2022 йил 11 июл).

б)    Ал-Жазира Вашингтон Пост газетасидан олиб, ўзининг веб-сайтида 2022 йил 10 июлда нашр қилган мақолада бундай дейилади: (… АҚШ президенти Жо Байден минтақадаги Америка ролининг янада истиқболли даврини бошлаш учун келгуси ҳафтада Яқин Шарққа сафар қилажагини айтди. Вашингтон Пост нашр қилган мақолада АҚШ президентининг таъкидлашича, минтақа раҳбарларининг Саудиядаги Жидда шаҳрида бўлиб ўтадиган учрашуви – унинг таъбири билан айтганда – янада барқарор Яқин Шарқни яратиш имкониятидан далолат беради. Байден ўзининг Исроилдан Жиддага сафар қилган биринчи Америка президенти эканини ҳам таъкидлаб ўтган… Исроил билан бўлган муносабатлар ҳақида эса, ўз маъмурияти томонидан Тель-Авивга 4 миллиард доллардан кўпроқ дея баҳоланган тарихдаги энг катта ёрдам пакети тақдим этилганига ишора қилган.

в)    Шарқул Авсат ўзининг веб-сайтида 2022 йил 5 июлда қуйидагиларни нашр қилди: (Вашингтон: «Шарқул Авсат онлайн». АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Нед Прайснинг айтишича, Эрон сўнгги ҳафта ва ойларда 2015 йилги ядровий келишув доирасидан ташқарида бир неча бор талаблар қўйган. Унинг қўшимча қилишича, янги талаблар Теҳронда жиддийлик йўқлигини кўрсатади. Ядровий келишувни қандай қутқариш бўйича боши берк кўчадан чиқишга қаратилган Теҳрон ва Вашингтон ўртасидаги билвосита музокаралар ўтган ҳафта Қатар пойтахти Давҳада кутилган муваффақиятларга эришмай якун топган. Рейтер ахборот агентлиги хабарига кўра, Нед Прайс ҳозирда Эрон билан музокараларнинг бошқа босқичи режалаштирилмаганини таъкидлаган…).

г)    «Youm7» сайтининг 2022 йил 5 майда берган хабарида шундай дейилади: (Оралиқ Конгресс сайловлари яқинлашаётган экан, АҚШ президенти Жо Байден ва Демократлар партияси турли муаммоларга дуч келмоқда. Бу муаммолар АҚШ маъмуриятини силкитиб юборган кетма-кет инқирозлар ортидан юзага келди. Гап шундаки, АҚШ Москвага бирин-кетин жорий қилинган иқтисодий санкцияларга қарамай, қарийб 3 ойдан бери Россияни Украина ҳудудидаги урушдан қайтара олмади. Булар билан бир қаторда инфляция даражасининг глобал миқёсда ошиши ҳамда энергия таъминотидаги узилишлар АҚШ Федерал Захира Тизимини фоиз ставкаларини охирги 22 йилдаги энг катта ортиш ҳисобланган 0,5 фоизга оширишга ундади. Таҳлилчилар ва АҚШ оммавий ахборот воситаларига кўра, оралиқ сайловлар Байден президентлигининг дастлабки икки йилидаги муваффақият ёки муваффақиятсизлигини белгилаб берадиган референдум ўрнидадир).

Шундай қилиб, Байденнинг айни шу пайтда, яъни оралиқ сайловлар олдидан минтақага қилган сафаридан асосий мақсад, биз бошида айтганимиздек қуйидагичадир: (Байденнинг минтақа сафарини кузатган киши унинг ташрифи оралиқ Конгресс сайловларига тайёргарлик кўриш учун амалга оширилганини кўради. Гарчи бу ташриф зоҳиран бошқа мақсадлар билан ўралган бўлса-да, лекин у Байден ва унинг партиясининг оралиқ сайловлардаги улушини оширишга қаратилган!).

Учинчи: Хулоса қилиб, иккита нарсани таъкидламоқчимиз:

  • Буюк дея номланган ушбу давлатларнинг ҳам баъзан ўз партиялари ва таркибий қисмлари ўртасида кескин тўқнашувларни келтириб чиқарадиган заиф нуқталари бор. Лекин ачинарли томони шундаки, улар ўз муаммоларига бизнинг юртларимизда ва бизнинг ҳисобимиздан ечим топишяпти! Мана, Байден бизнинг юртларга сафар қилмоқда. У ўз ташрифини муборак заминимиз Фаластинни босиб олган ва бизга энг қаттиқ адоват қилувчи яҳудий вужудидан бошлади. Байден у ердан тўғри Ҳижоз юртига йўл олди. У ердаги ҳукмдорлар Байденни итоаткор ҳолда, хурсандчилик билан кутиб олишди. Байден эса, (ўзининг Исроилдан Жиддага сафар қилган биринчи Америка президенти эканини… Тель-Авивга 4 миллиард доллардан кўпроқ дея баҳоланган тарихдаги энг катта ёрдам пакети тақдим этганини айтиб) мақтанди. Шунга қарамай, Оли Сауд ҳукмдорлари ҳеч нарсадан уялишмаяпти. Улар ҳатто озгина уятдан ҳам мосуво бўлиб қолишган! Кейин Байден Кўрфаз давлатлари ҳукмдорлари билан учрашиб, улар билан Америкадаги инфляцияни пасайтириш учун энергия ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтиришни муҳокама қилди. Шундан сўнг Миср, Ироқ, Иордания режими ҳукмдорлари ва Фаластин маъмурияти билан учрашиб, яҳудийлар билан бўлган муносабатларни нормаллаштириш масаласини муҳокама қилди ва (нормаллашувнинг ҳар қандай кўриниши ижобий) эканини таъкидлади. Шундай қилиб, Байден уларнинг устувор вазифаси яҳудий вужудини йўқ қилиш учун унга қарши жиҳод қилиш эмас, балки у билан муносабатларни нормаллаштириш бўлиб қолишини истаяпти! Улар эса, Аллоҳдан, Унинг Росулидан ва мўминлардан қўрқмай, Байденни олқишлашмоқда! Аллоҳ Таоло

﴿هُمُ الْعَدُوُّ فَاحْذَرْهُمْ قَاتَلَهُمُ اللَّهُ أَنَّى يُؤْفَكُونَ

«Улар душмандирлар. Бас, улардан эҳтиёт бўлинг! Уларни Аллоҳ лаънатлагай! Қандай адашмоқдалар-а!»                                                                                                                        [Мунафиқун 4]

деб айтганидек Америка ва Яҳудий вужудини душман деб билиш ўрнига, бу ҳукмдорлар улар билан муносабатларни нормаллаштиришмоқда ва уларга таъзим қилишмоқда!

  • Энди (Эрон ядровий давлатга айланиши мумкинми), деган охирги саволга келсак, ҳа, агар у ўзининг ташқи сиёсатида – юқорида айтиб ўтилганидек – Америка билан мувофиқлашган ҳолда иш олиб бормаса, ядровий давлатга ва муҳим кучга айланиши мумкин… Лекин, агар Эрон Америка орбитасида айланиш (унинг таъсир доирасида бўлиш) учун ўзини АҚШ сиёсатига боғласа, ядровий давлатга айлана олмайди. Ҳолбуки, у ҳануз Американинг таъсир доирасида қолмоқда. Унинг ҳукмрон элитаси ҳали ҳам ўзларини АҚШ сиёсатига боғлаб, асло ундан ажралмаяпти. Эрон ядровий келишувни ўзи назорат қилиш ўрнига, уни Вена музокараларига, яъни Америка розилигига боғлаб қўйди. Мана масалан, (Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Саид Хатибзода матбуот анжуманида қуйидагича маълум қилди: «Агар эртага Венада келишув имзоланса, Эрон томонидан кўрилган барча ҳаракатлар техник жиҳатдан орқага қайтарилиши мумкин». Independent Arabic, 2022 йил 13 июн). Шунинг учун Эронда туб ўзгаришлар рўй бериши даргумон. Фақат Эрон ўзининг ички ва ташқи сиёсатида Ислом билан ҳукм юритиб, Америка билан бўлган муносабатларини бутунлай ва қайтариб бўлмайдиган тарзда узиб ташласагина туб ўзгариш рўй бериши мумкин… Биз бу гапларни Эроннинг ҳозирги сиёсатчилари томонидан туб ўзгариш амалга оширилишини эҳтимолдан йироқ деб ҳисоблаганимиз учун айтяпмиз. Лекин

﴿مَعْذِرَةً إِلَى رَبِّكُمْ وَلَعَلَّهُمْ يَتَّقُونَ

«Роббингизга (Қиёмат Кунида) узримизни айтиш учун ва шояд (улар) Аллоҳдан қўрқсалар, деб (насиҳат қилмоқдамиз)»                                                                                                                                   [Аъроф 164]

 

                                                                                                                                           15 зулҳижжа 1443ҳ

                                                                                                                                                     14 июл 2022м

 

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here