Американинг Покистондаги малайларини алмаштириши

466
0

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Саволга жавоб

Американинг Покистондаги малайларини алмаштириши

Савол:

(Покистоннинг ўлиб кетган собиқ бош вазираси Беназир Бхуттонинг ўғли Билавал Бхутто Зардорий бугун чоршанба куни бош вазир Шаҳбоз Шариф ҳукуматида ташқи ишлар вазири сифатида қасамёд қилди. Маълумки, Шариф ҳукумати Имрон Хонга нисбатан ишончсизлик билдирилиши ортидан тузилган эди. 33 ёшли Бхутто Зардорий Покистон Халқ Партиясига раҳбарлик қилади… Ал-Жазира, 2022 йил 27 апрел). Акаси Навози Шарифдан кейин Покистон Мусулмон Лигаси Партияси (PML-N) раҳбарлигини ўз қўлига олган Шаҳбоз Шариф ҳукумати Имрон Хонга нисбатан ишончсизлик билдирилганидан бир ҳафта ўтиб, 2022 йил 19 апрелда қасамёдга келтирилган эди. Шу ерда савол туғилади, бу ўзгаришнинг сабаби нима? Маълумки, Имрон Хон лавозимга тайинланаётган пайтда армия томонидан қўллаб-қувватланувчи парламент унга ишонч билдирган эди. Зеро, ўша пайтда Покистон Мусулмон Лигаси билан Покистон Халқ Партияси армиянинг ғазабига учраганди. Хўш, бугунга келиб нима ўзгарди? Йиллар давомида ҳокимият ортида турган Американинг бу масалада қўли борми?

Жавоб:

Ушбу саволларга жавоб тиниқ бўлиши учун қуйидагиларни кўриб чиқамиз:

Биринчи: Имрон Хон ҳокимиятга қандай келди:

  • Армия Имрон Хоннинг ҳокимиятга келишига йўл очиб берди. Имрон Хон ҳукумати генералларга сўзсиз итоат қиларди. 2018 йилги сайловларда ғалаба қозониб, мамлакатни коррупция ва қариндош-уруғчиликдан тозалаш учун «Янги Покистон»ни бунёд этиш ваъдаси билан ҳокимиятга келган Имрон Хон ҳарбийларга жуда яқин бўлгани учун танқидларга ҳам учраган. Имрон Хон яқин вақтларгача Покистон бош вазирлари орасида ҳарбийларнинг энг яқин иттифоқчиларидан бири сифатида таърифланаётган ва ҳатто армияга тобеликда айбланаётган эди. Ҳарбийлар кўмаги бўлмаганда у ишонч вотумини ололмас эди! Имрон Хон Покистон Адолат Ҳаракати (PTI) деб номланган сиёсий партияга асос солганини 1996 йилда билдирган. У 1997 йилдаги умумий сайловларда Миллий Ассамблеяда ҳеч қандай ўринни қўлга кирита олмади. 2013 йилда Имрон Хон бошчилигидаги Покистон Адолат Ҳаракати армия қўллаб-қувватловига эришгани сабабли Покистон сиёсатига таъсир ўтказа бошлади. Шунда Миллий Ассамблеяда 30 ўринни қўлга киритди. Бу билан Покистон Мусулмон Лигаси ва Покистон Халқ Партиясидан кейин учинчи йирик мухолифат партиясига айланди. Кейин армия Имрон Хонга 2018 йилги сайловларда ғалаба қозониш имкониятини берди. Албатта, бу бош штаб бошлиғи Қамар Бажва командаси томонидан умумий сайловлар назорат қилинишига Имрон Хоннинг рози бўлиши ортидан содир бўлди.
  • Армия ҳамда генерал-лейтенант Фаёз Ҳамид бошчилигидаги разведка хизмати Имрон Хоннинг сиёсий истиқболларини яхшилаш устида ишлади. Покистон разведкаси бутун мамлакат бўйлаб учрашувлар ташкил этишига ёрдам бериб, уни ғолиб номзодга айлантирди. Армия бошқа партиялардан бўлган сиёсатчиларни ўз партияларини тарк этиб, сайловчилари билан Имрон Хоннинг партиясига қўшилишга кўндирди. Шунингдек, матбуотга ҳам таҳдид қилиб, Покистон Мусулмон Лигасини танқид қилган Покистон Адолат Ҳаракатини ижобий ёритишга мажбурлади. Хавфсизлик хизмати Покистон Мусулмон Лигаси-Навоз партияси ходимларига босим ўтказиб, уларни таъқиб қилди ва ҳибсга олди. Армия парда ортида туриб, Покистон Мусулмон Лигаси номзодларини ўз номзодини кўрсатиш имкониятидан маҳрум қилишга ҳаракат қилди…
  • Имрон Хоннинг партияси Миллий Ассамблеяда 149 ўринни эгаллаган бўлса-да, аммо ҳукумат тузиш учун зарур бўлган 172 ўринни қўлга кирита олмади. Лекин у армия ёрдами билан коалицион ҳукумат тузишга эришди. Коалицион ҳукумат Покистон армиясининг режаси бўлиб, бундан мабодо Имрон Хон ўз фикрини ўзгартириб, армияга қарши чиққудек бўлса, қайтиш чизиғини таъминлаш кўзланган эди. Разведка хизмати шунингдек, Покистон Халқ Партияси аъзоларини Имрон Хон ҳукуматига жалб қилишга ҳам муваффақ бўлди. Шундай қилиб, разведка хизматининг таъсири ва босими билан Имрон Хон жамоасидан бўлган 17 киши вазирлик курсисини эгаллади. Вазирлар маҳкамасининг фақатгина уч нафар аъзоси илгари ҳеч бир партияга аъзо бўлмаган эса-да, улар ҳам Покистон Адолат Ҳаракати тарафдорлари эди!

Иккинчи: Имрон бош вазир бўлгандан кейин Америкага кўп хизматлар кўрсатди:

  • Имрон Хон Покистоннинг Гео ТВ телеканалига берган интервьюсида «2018 йил 3 декабр куни эрталаб Америка Қўшма Штатлари президенти Трампдан мактуб олганини, мактубда Покистоннинг Афғонистон тинчлик музокараларида роль ўйнаши ва Толибонни музокаралар столига ўтқазишда ёрдам бериши талаб қилинганини айтди… sputniknews, 2018 йил 3 декабр). Икки кундан сўнг Имрон Хон Исломободда АҚШ махсус вакили Халилзод билан учрашиб, Покистон Афғонистонда АҚШ режаси асосида ҳаракат қилаётганини таъкидлади!
  • Покистоннинг собиқ мудофаа вазири Хаважа Осиф 2018 йил 19 январда ўзининг твиттердаги саҳифасида Покистон ҳукмдорларининг хиёнатлари ҳақида – аслида ўзи ҳам ўшалардан бири – бундай ёзган эди: «Покистон бизники бўлмаган урушларга кириб, ҳамон Америка учун қон тўкмоқда. Биз Америка манфаатларига мос келиши учун динимиз қадриятларини йўқ қилдик, кенгбағирли маънавиятимизни вайрон қилиб, уни мутаассиблик ва муросасизликка алмаштирдик». Унинг «Покистон ўзининг уруши бўлмаган урушларга кирди… Америка учун мусулмон болаларнинг қонини тўкди… Америка манфаатларига хизмат қилиш учун Ислом дини қадриятларини йўқ қилди…», деган сўзлари барча нарсани аниқ тарзда ифодалаб турибди.
  • Ҳиндистон билан ҳам худди шундай ҳолат бўлди. Имрон Хон Ҳиндистон қаршисида ожизлик кўрсатиб, унинг Кашмирни қўшиб олишига сукут сақлади, мушакбозлик ўйинларидан ташқари ҳеч нарса қилмади. Биз 2019 йил 18 августдаги саволга жавоб нашрамизда бундай деган эдик: (Ҳиндистон Кашмирнинг махсус мақомини бекор қилиш тўғрисидаги қарорини билдирган пайтда, Покистон яна қўрқоқлик позициясини эгаллаб, қоралашдан ва танбеҳ беришдан нарига ўтмади. Масалан, Покистон ташқи ишлар вазирлиги баёнотида бундай дейилида: (Покистон 2019 йил 5 август душанба куни Нью-Деҳли томонидан қабул қилинган қарорни кескин қоралайди ва рад этади. Ҳиндистон ҳукуматининг бир томонлама ҳаракатлари Жамму Кашмирнинг баҳсли мақомини ўзгартира олмайди. Ушбу халқаро низодаги томонлардан бири бўлган Покистон бу каби ноқонуний қадамларга қарши туришда имкониятидаги барча ишларни амалга оширади. AFP, 2021 йил 6 сентябр). Яъни Маҳмуд Аббос маъмурияти ва қўшни араб давлатлари яҳудий вужудининг муборак Фаластин заминида Қуддусни оёқ-ости қилишларига қарши армияларни сафарбар қилмай, фақатгина қоралаш ва норозилик билдириш билан кифояланаётгани каби, Покистон ҳам худди шу нарсани такрорлаб, армияни урушга сафарбар қилиш ўрнига, фақат қоралаш билан кофояланмоқда!).
  • Имрон Хон Америка ҳукмронлиги остидаги ва унинг сиёсатларини амалга оширадиган Халқаро Валюта Фонди билан шартнома имзолади. Ваҳоланки, бундан олдин ўзининг сайлов кампанияси давомида Халқаро Валюта Фонди билан бўладиган шартномаларга қарши экани тўғрисида очиқ баёнотлар берган эди. Яъни «Халқаро Валюта Фондидан қарз олиш ўрнига ўз жонига қасд қилиши»ни айтган эди! Бироқ ўзининг берган ваъдасини бузиб, Халқаро Валюта Фонди билан музокараларни бошлади. Шундан сўнг 2019 йил 3 июл куни Халқаро Валюта Фонди Покистонга 39 ойлик кенгайтирилган жамғарма дастури доирасида 6 миллиард долларлик кредит ажратишни маъқуллади…
  • Покистон бош вазири Имрон Хон 2019 йил 22 июл душанба куни Фокс Ньюсга берган интервьюсида Америкага қилган хизматларини очиқ таъкидлади: (Покистон разведкаси Ал-Қоида ташкилоти асосчиси Усома бен Ладенни топиш ва ўлдириш имконини берган маълумотларни АҚШ Марказий Разведка Бошқармасига тақдим этган. Бу собиқ крикет чемпиони Имрон Хоннинг бир йил аввал бош вазир этиб сайланганидан бери Оқ уйга илк сафари бўлиб, якшанба куни у ерда АҚШ президенти Трамп билан учрашди. Қудсул Арабий, 2019 йил 23 июл).

Учинчи: Имрон Хон билан бош штаб бошлиғи ва Америка ўртасидаги таранглик:

Имрон Хон ҳокимиятга келгач қарийб уч йил давомида бош штаб бошлиғи ҳамда унинг ортида турган АҚШга итоат қилиб келди. Учинчи йилнинг охирига келиб, бош штаб бошлиғи Бажва билан ҳамда Америка билан – Зеро, Америка армия позициясини қўллаб-қувватлайди – муносабатлари таранглашди… Чунки Имрон Хон ҳарбий разведка раҳбарлиги лавозимига армия томонидан кўрсатилган генерал-лейтенант Анжум Недимнинг номзодлигини рад этиб, буни узоқ муддатга кечиктириб келди. Бу эса, армияда безовталикни келтириб чиқарди… (Анжум 20 ноябрдан бошлаб ўзининг янги вазифасини бошлайди. 6 октабр куни Бажва Анжумни Покистон разведка агентлиги бошлиғи генерал-лейтенант Файз Ҳамиднинг ўрнига тайинлади. Анжум порт шаҳри Карачидаги корпус қўмондони эди. Бажва Ҳамидни шу ой Пешовардаги корпус қўмондони этиб тайинлади. Манор канали сайти, 2021 йил 27 октябр). Имрон Хон ички хавфсизлик қўмондонлиги вазифасига Файз Ҳамиднинг келишини очиқдан-очиқ қўллаб-қувватлаган эди. Шундай қилиб, Анжум Файз Ҳамиднинг ўрнига тайинлангач, Имрон Хон ҳукумати билан армия ўртасидаги муносабатлар янада кескинлашди. Айниқса, иккинчи муддати 2022 йилда тугайдиган Жавед Бажва ўрнига Имрон Хон томонидан Ҳамид номзодининг кўрсатилиши ҳақидаги кенг тарқалган миш-мишлар ортидан шундай бўлди. Бош штаб бошлиғининг ортида Америка турган экан, Имрон Хонга ишончсизлик билдириш ҳамда унинг ўрнига бошқа альтернативани истаб топиш ортида турган ҳам удир. Зеро, бу маълумотларнинг бир қисми Имрон Хонга етиб боргач, у армия қўмондонлиги билан орани ислоҳ қилишга уриниб, Анжумни ўзининг дўсти Файз Ҳамиднинг ўрнига тайинлашга рози бўлди ҳам. Бироқ, армия қўмондонлиги Американинг кўмаги билан Имрон Хонни бош вазирликдан олиб ташлаш ва ўрнига бошқасини тайинлаш қарорида қаттиқ турди! Ҳарбийлар ва Америка Имрон Хоннинг армия қарорига қарши чиқишини Америка томонидан қўллаб-қувватланувчи армия қарорларидан озод бўлиш учун ташланган биринчи қадам бўлиб қолишидан хавотирга тушиб қолишди…

Тўртинчи: Имронхон саросимага тушиб қолди. Чунки у юқорида айтиб ўтганимиздек, Америкага катта хизматлар кўрсатганди, армия қўмондонлигининг ҳам итоаткор қуроли эди… Кўрсатган шунча хизматларидан кейин армия ва Американинг уни мансабдан четлатиб юборишини ўйламаганди. У кофир давлатларнинг ўз малайларига бошқа ҳаводан нафас олишига йўл қўймаслигини ё унутиб қўйди ёки ўзини унутганга солди! Нима бўлганда ҳам, Имрон Хон қаттиқ саросимага тушиб, Америка ҳақида ҳам баёнотлар бериб юборди. Лекин жуда кеч бўлганди! Ушбу баёнотлардан баъзилари:

  • (Покистон бош вазири Имрон Хон шанба куни бир гуруҳ хорижлик журналистлар олдида «Мени ағдариш ҳаракати АҚШнинг ички сиёсатга очиқ аралашувидир», деди. Арабий Евроньюс, 2022 йил 2 апрел). Покистон оммавий ахборот воситаларига кўра, (Имрон Хон Исломободнинг Вашингтондаги элчисидан видео мактуб олган. Унда америкалик юқори лавозимли бир расмий агар Имрон Хон ҳокимиятдан кетса, Қўшма Штатлар кўз-қарашига биноан, ўзаро муносабатлар янада яхшиланиши ҳақида айтган. Бу юқори лавозимли расмийнинг АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Доналд Лу экани айтилади. Арабий Пост, 2022 йил 3 апрел).
  • Россиянинг Украина ҳужумига нисбатан Вашингтон позициясига тескари позицияни эгаллаган Имрон Хон ҳужумни қоралашдан бош тортиш билангина кифояланмай, 2022 йил 24 февралда, яъни Россия Украинага уруш очган биринчи куни Москвага бориб, президент Путиннинг ёнида кўриниш берди. Бир вақтнинг ўзида Покистон бош штаб бошлиғи Бажва Америка позициясини очиқдан-очиқ қўллаб-қувватлаган ҳолда Имрон Хонникидан фарқли баёнотлар берди. (Покистон бош штаб бошлиғи Россиянинг Украина ҳужумини танқид қилди. Генерал Бажва урушни дарҳол тўхтатишга чақириб, уни кичик бир давлат юз тутаётган «катта фожиа» дея таърифлади. Шуниси эътиборга лойиқки, бош штаб бошлиғи Қамар Жавед Бажванинг Москвага нисбатан танқидлари мамлакат бош вазири Имрон Хоннинг позициясига зиддир. Гап шундаки, Имрон Хон Украинада содир бўлаётган воқеаларга нисбатан Исломободнинг позицияси бетараф эканини таъкидлаб, Россия президенти Владимир Путиннинг ҳаракатларини танқид қилишдан бош тортди. Ҳурра, 2022 йил 2 апрел).
  • Имрон Хоннинг бошқа бир позициясига мисол келтирадиган бўлсак, у бундай деди: («Европа Иттифоқи элчилари бизга Россиянинг Украинадаги ҳарбий амалиётини қоралашимизни сўраб хат ёзишди… Шу ерда улардан Ҳиндистонга ҳам шунга ўхшаш хабар юборганмидинглар, дея сўрамоқчиман»… У қўшимча қилиб, «Биз нима десангиз қилаверадиган сизга қулмизми?», деди. Сўнг сўзини бундай давом эттирди: «Ҳиндистон босиб олинган Кашмирда халқаро қонунларни бузган пайтда, бирортангиз Ҳиндистон билан алоқани уздими ёки савдони тўхтатдими?». Арабий Жадид, 2022 йил 7 март).

Бешинчи: Юқорида айтганимиздек, Имрон Хон армияга ва унинг ортидаги Америкага қилган шунча хизматлари ўзига ҳеч қандай фойда келтирмаслигини кутмаган эди! У афтидан, мустамлакачи кофирларнинг қўллаб-қувватлови билан малай сифатида ҳокимиятга келган ҳар бир киши уларнинг наздида шахмат донасига айланиб қолишини, ўзлари хоҳлагандек ўйнатишини, агар манфаатларини амалга ошириб бермаса, истаган пайтларида иккиланмай қурбон қилиб юборишларини англаб етмаган кўринади. Зеро, Имрон Хон билан ҳам худди шундай бўлди! Покистон олий суди 2022 йил 7 апрелда парламент спикери ўринбосари қарорини бекор қилди. Қарорда Имрон Хон ҳукуматига нисбатан ишончсизлик билдириш тўғрисидаги мухолафатнинг таклифини овозга қўйиш рад этилган эди. Олий суд шунингдек, президентнинг 2022 йил 3 апрелдаги парламентни тарқатиб юбориш ҳамда бош вазир Имрон Хоннинг президентга берган тавсияси асосида муддатидан олдин сайловлар ўтказиш тўғрисидаги қарорини ҳам бекор қилиб, уни конституцияга зид ҳамда ҳеч қандай қонуний асоси бўлмаган ҳаракат, дея баҳолади. Конституцион суд парламент спикеридан 2022 йил 10 апрелда парламент сессиясини ўтказишни талаб қилди. Ўша куни сессия ўтказилди. 342 ўринли Покистон парламентида Имрон Хонга қарши унга ишончсизлик вотумини билдириш учун кўпчилик, яъни 174 нафар овоз берилди. Ушбу воқеа-ҳодисаларда армиянинг парда ортидан туриб ишларни бошқариб тургани яққол кўриниб турибди. Зеро, катта судьялар бош штаб бошлиғининг тўлақонли қўллаб-қувватловисиз бундай қарорга келмайди…

Олтинчи: Эртаси куни, 2022 йил 11 апрелда парламент Шаҳбоз Шарифни 2023 йил августда бўлиб ўтадиган умумий сайловларга қадар бош вазир этиб сайлади. Шаҳбоз Покистоннинг собиқ бош вазири Навози Шарифнинг укаси бўлиб, Покистон Миллий Ассамблеясидаги мухолифатга 2018 йилдан бери етакчилик қилади. У Покистон Мусулмон Лигаси Партияси (PML-N)га партия асосчиси бўлган акаси Навози Шарифдан сўнг раҳбар бўлган. Шаҳбоз армия ва Американинг итоаткор қуроли бўлишга ваъда берди… Шу боис, парламентдаги сайловда Имронхон ўрнини эгаллаши учун уни қўллаб-қувватлашди. Шунга кўра, у қуйидаги ишларни амалга оширди:

  • Шаҳбоз ўз сиёсатини Америка хоҳланган тарзда бошлади… Ҳиндистонга нисбатан муросасозлик оҳангини ишлатиб, зиддият ўрнига мулоқотга тайёр эканини айтди. У ўзининг биринчи нутқида бундай деди: («Покистон Ҳиндистон билан муносабатларни яхшилашни истайди. Лекин Кашмир мақоми ҳал қилинмасдан туриб, барқарор тинчликка эришиб бўлмайди. Шу боис, Ҳиндистон бош вазири бизга Кашмир муаммосини ҳал қилиш ва куч-тоқатимизни икки мамлакат фаровонлиги йўлида сарфлашимиз учун имкон бериши лозим»… Скай Ньюз, 2022 йил 14 апрел). Ҳиндистон бош вазири Моди ўзининг твиттердаги саҳифасида бундай жавоб қайтарди: «Шаҳбоз Шарифни Покистон бош вазири этиб сайлангани билан табриклайман. Ҳиндистон тинчлик ва барқарорликни ҳамда террордан холи минтақани истайди. Токи шу билан барча диққат-эътиборимизни ривожланишга қаратишга, халқимиз тинчлиги ва фаровонлигини таъминлашга имкон топсак». Маълумки, Ҳиндистон бош вазирининг Ислом ва мусулмонларга нисбатан адовати чексиз. У доим ўзининг ҳинду издошларини Ҳиндистондаги мусулмонларга қарши гижгижлаб, мусулмонларга босим ўтказиб келади ва уларнинг ўз юртлари бўлмиш Ҳиндистонда яшашларини истамайди. Мактаблардаги мусулмон қизларга ҳам исломий либослар борасида босим ўтказади.
  • Хабарларда айтилишича, Шаҳбоз Шариф бош вазир этиб сайлангудек бўлса, генераллар билан ҳамкорлик қилиш таклифини билдирган. У шунингдек, мамлакатнинг олдинга силжиши ва армия билан келишмовчиликларни бартараф этиши кераклигини таъкидлаган. Ҳолбуки, илгари армияни 1999 йилда акаси собиқ бош вазир Навози Шарифга қарши инқилоб қилгани учун танқид қилган эди. Кейин у сайловларда иштирок этиб, Имрон Хон қаршисида ютқазди. 2019 йил декабр ойида Аудит идораси томонидан икки ака-укага тегишли 23та кўчмас мулк музлатилиб, уларга пул ювиш айблови қўйилган. 2020 йил сентабр ойида эса, Шаҳбоз пул ювишда айбланиб ҳибсга олиниб, 2021 йил апрелда гаров эвазига озод қилинди. Унинг армия билан муроса қилиши ҳокимиятга келишига имкон берган омиллардан бири бўлди.
  • Американинг дарҳол Шаҳбоз Шарифни табриклаши ҳақида айтадиган бўлсак, АҚШ давлат котиби Блинкен бу ҳақда қуйидагича баёнот берди: «Қўшма Штатлар Покистоннинг янги сайланган бош вазири Шаҳбоз Шарифни табриклайди. Биз Покистон ҳукумати билан узоқ йиллик ҳамкорлигимизни давом эттиришни интиқлик билан кутяпмиз». (Скай Ньюз, 2022 йил 14 апрел). Бу шуни англатадики, Америка Шаҳбознинг ҳарбийлар билан муросага келишини ҳамда АҚШ сиёсатини амалга оширишга берган ваъдаларини қабул қилиб, ҳокимиятга келишига рози бўлди. Ваҳоланки, АҚШ илгари Шаҳбоз ва унинг укаси Навозга босим ўтказиб келган эди. Ҳозир эса, ўзи билан ишлашга ва америкапараст армия билан муроса қилишга тайёрлигини кўриб, розилик берди!
  • Янги ҳукуматнинг 2022 йил 12 апрелдаги баёнотида «минтақадаги тинчлик, хавфсизлик ва тараққиётнинг муштарак мақсадларини рағбатлантириш учун Қўшма Штатлар билан конструктив ва ижобий ҳамкорлик қилмоқчи» экани билдирилган. Шунингдек, Шаҳбоз Шарифнинг идораси томонидан берилган баёнотда «Қўшма Штатларнинг Покистон билан узоқ муддатли муносабатларни қадрлаши ҳақидаги баёнотини олқишлаймиз… Ушбу муҳим муносабатларни тенглик, муштарак ва умумий манфаатлар асосида чуқурлаштиришни интиқлик билан кутиб қоламиз», дейилади. Псаки эса, бундай деди: «Байден маъмурияти конституциявий демократик тамойилларга тинч йўл билан риоя қилиш тарафдори. У Покистондаги бир сиёсий партияни бошқасининг ҳисобига қўллаб-қувватламайди… Биз Покистон билан узоқ муддатли ҳамкорлигимизни қадрлаймиз ва ҳар доим гуллаб-яшнаган демократик Покистонни Қўшма Штатлар манфаати учун муҳим деб биламиз… Исломободдаги янги етакчилар даврида узоқ муддатли, мустаҳкам ва доимий алоқалар яна давом этади». (Америка Овози, 2022 йил 12 декабр).

Буларнинг барчаси ўзининг собиқ малайи Имрон Хоннинг ағдарилиши ҳамда Имрон Хондан кўра фаолроқ ва қатъийроқ ҳамкорлик қилишга тайёр эканини очиқ эълон қилган Шаҳбоз Шарифнинг бош вазир этиб тайинланиши ортида Америка турганини кўрсатади!

Еттинчи: Бу малайлар ҳеч қандай сабоқ олмай, ақлларини ишлатишмаяпти. Агар Америка улардан бирини ҳокимиятдан олиб ташласа, иккинчиси чиқиб, ҳокимиятга келиш учун дарҳол АҚШнинг севгисини қозонишга ҳаракат қилиб, унга хизмат кўрсатишга ўзининг тайёр эканини билдиряпти. Улар АҚШдан воз кеча олмайдилар. Ҳатто Америка уларни ағдариб юборса ҳам, ҳокимиятга қайтиш учун яна АҚШга югурадилар! Америка уларнинг ҳақиқий мафкуравий сиёсий лидер эмаслигини, фақатгина мансабпараст юлғичлар эканини яхши билади. Шаҳбоз Шариф ўз акасининг Америка томонидан бир неча марта ағдарилганидан ҳамда ўзи ҳам, акаси ҳам сургун қилинганидан ибрат олмади. Шу боис, Уммат бугунги кунда масалаларни тубдан ва тўғри ҳал қилувчи Ислом мабдаига эга бўлган принципиал ҳақиқий сиёсатчиларга муҳтож. Зеро, бундай кишилар Умматни қутқариб, уни уйғотади ҳамда Америкага бўйсунмайдиган буюк давлат соҳибига айлантиради. Аллоҳнинг изни ила Покистон буюк давлат бўлмиш ушбу Рошид Халифалик давлатининг таянчи нуқтаси бўлишга лойиқ ўлкадир.

﴿إِنَّ فِي هَذَا لَبَلَاغاً لِقَوْمٍ عَابِدِينَ﴾

«Албатта, бунда Аллоҳга ибодат қилувчи қавм учун етарли ибрат бордир»                 [Анбия 106]

 

                                                                                                                                                      5 шаввол 1443ҳ

                                                                                                                                                           5 май 2022м

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here