Кеча айтди, бугун қайтди
Туркияда доллар курсининг кескин кўтарилиб-тушиши ва бунинг натижасида келиб чиққан нархлардаки беқарорлик жамоатчилик орасида норозиликка сабаб бўлди. Капиталистик фикрлар билан суғорилган “Туркия ҳунармандлар ва ишбилармонлар” уюшмаси президент Ражаб Тоййиб Эрдоған юритаётган иқтисодий сиёсатга ўз норозилигини ифодалаб баёнот берди. Уюшма ўз баёнотида фоиз ставкаси тушурилишини қоралаб, президентни «Иқтисодиёт қоидаларига тезроқ қайтиш»га чақирди. Уюшманинг мазкур баёнотига кескин муносабат билдирган президент Эрдоған ҳукм юритишда Қуръон ва Ҳадисга таянишини таъкидлади.
«Нима эмиш, биз фоиз ставкаларини тушираётган эмишмиз. Мендан бошқа нарсани кутманг. Мусулмон сифатида нусуслар (Қуръон ва Ҳадис) нимани талаб қилса, мен шуни қилишда давом этаман. Бу ҳукмдир», «Хоҳ билсинлар, ҳоҳ билмасинлар, Алҳамдулиллаҳ, биз тўғри йўлдамиз.Чунки фоиз бойни бой, камбағални камбағал қилади деган қоида биз учун оддий қоида эмас”, деди Эрдоған.
Аммо орадан бир кун ўтиб, жаноб Эрдоган Туркия халқини валюта ва олтинларни турк лирасига айлантириб, банкка қўйиш билан фоизга тарғиб қилиб баёнот берди. Агар олган фоизлари доллар кўтарилишига етмаса, етмай қолганини ўзи тўлашини ваъда қилди. Бир кун аввал “нусуслар нимани талаб қилса, мен шуни қилишда давом этаман”, деган Эрдоган нусуслар фоизни ҳаром қилганлигини ҳеч инобатга олмади. Мана шундан “нусуслар нимани талаб қилса, мен шуни қилишда давом этаман”, деганда унинг мақсади фоизларни тубдан бекор қилишни эмас, балки фоиз ставкаларини пасайтиришни худди Исломнинг буйруғидек кўрсатиш эканлиги фош бўлди.
Воқелик шуни кўрсатмоқдаки, Эрдоғаннинг дарди нусусларга амал қилиш эмас, балки мусулмонларнинг Исломий туйғуларни суиистеъмол қилиш орқали демократик сайлов қутиларида овоз олишга эришишдир. Агар Эрдоған нусуслар (Қуръон ва Ҳадис) кўрсатган иқтисодни татбиқ қилишни чин кўнгилдан хоҳласа, нусусларга таянган ҳолда иқтисоднинг икир-чикиригача ёритиб берган Ислом иқтисод низоми мавжуддир. Қолаверса, айни пайтда малаккатда авжига чиққан фоҳишалик, зино, қимор, спиртли ичимликлар каби нусуслар қатъий ҳаром қилган ишлар Эрдоган ва унинг жамоаси тарғиб қилаётган демократия, эркинлик, ҳуррият туфайли авжига чиқмоқда. Аммо расмий баёнотларда бу ҳақида лом-мим дейилмайди.
Қиёмуддин Шариф