Толибон ҳаракати икки танлов ўртасида!

441
0

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Толибон ҳаракати икки танлов ўртасида!

Устоз Сайфуллоҳ Мустанир

Ҳизб ут-Таҳрир – Афғонистон вилояти матбуот бўлими раиси

Толибоннинг Қобулга ҳукмрон бўлганига икки ой бўлди. Афтидан, жанговар майдонда тез юриб, ютуқларга эришган машина халқ муаммоларини ҳал этиш керак бўлган ҳокимиятга чиққанда роса секин юраётган кўринади.

Ўтган ой Толибон ҳаракати муваққат ҳукумат тузилганини эълон қилиб, уни «исломий амирлик», дея таништирди. Бу минтақавий ва халқаро декларация ва резолюцияларга зид. Аммо, ҳозиргача ҳеч бир давлат амирликнинг қайта тиклангани борасида қатъий позицияни эгалламаган.

Толибон режимининг иши нормал ҳолатга қайтмади. Чунки иқтисодий муаммо кундан-кунга оғирлашиб бормоқда. Банклар олдида узундан-узун навбат кутган одамларга ҳафтасига атиги 200 доллардан олишга рухсат берилгани, улар буни машаққат, тиқилинч ва ур-йиқитлардан сўнг аранг олаётганлари ҳеч кимга сир эмас… Бу қоронғи иқтисодий вазиятдан дарак бермоқда. Муаммоларнинг бир қисми собиқ маъмурият қолдириб кетган муаммолар ҳисобланса-да, бироқ, Толибон мавжуд муаммони ҳал этиш учун бирор механизмни ҳалигача тополгани йўқ.

Устига-устак, Афғонистонда вақтинчалик адлия вазирлигини бажарувчи шахс Хитой элчиси билан ўтказилган учрашув чоғида бундай баёнот берди: «Ўтиш даври мобайнида Афғонистон Ислом Амирлиги собиқ ҳукмдор Муҳаммад Зоҳиршоҳ конституциясини татбиқ қилади, ундан исломий шариат ва Исломий Амирликка зид бандларини олиб ташлайди».

Бироқ, бу баёнот ортидан афғон халқи томонидан умидсизлик тўлқини намоён бўлди. Дарҳақиқат, Толибонни Зоҳиршоҳ конституциясини асос сифатида қабул қилишга мажбур қилган глобал босимларни инкор этиб бўлмайди. Бу қарор Толибон ичкариси ва ташқарисидаги мухолафатни қўзғаб юборди.

Шубҳасиз, асос сифатида Зоҳиршоҳ конституциясини қабул қилиш – вақтинчалик бўлса ҳам – жуда хавфли иш бўлиб, ишончсизликни келтириб чиқаради. Чунки бу конституция «Лоя Жирға» орқали халқ овози билан тасдиқланган илмоний қонундан бошқа нарса эмас. Аслида, бу қонун қонунийликни исломий шариатдан олиш ўрнига, халқ овозидан олган бўлиб, исломий ақида ўрнига, илмоний мафкурага, динни ҳаётдан ажратишга асосланган.

Шу тариқа, Толибон ўз ёндашувининг янада мослашувчан эканини бутун дунёга намоён қилишга уринмоқда. Улар тўқсонинчи йиллардаги каби сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан яккаланиб қолишни исташмаяпти. Шунинг учун дунё билан дўстона ва конструктив муносабатлар ўрнатишга ҳаракат қилишмоқда. Қобулдаги хорижий элчилар ва дипломатлар билан бўлган зиёфат чоғида Толибон бош вазирининг биринчи ўринбосари Абдулғаний Бародар «Исломий Амирлик дунёнинг бошқа давлатларига зарар етказиш сиёсатини қўлламайди, барчалари билан яхши муносабатлар ўрнатишни истайди», деди. Сўнг хорижий давлатларни Қобулда ўз элчихоналарини очишга чақирди. Вақтинчалик ташқи ишлар вазири бўлиб ишлаётган Амирхон Муттақий ҳам «Биз мамлакат ичкарисидаги тўғри бошқарувнинг, шунингдек, минтақа ва дунё билан ўрнатилган муносабатларнинг янги сиёсий саҳифасини очмоқчимиз», деди. Толибон, шунингдек, хорижий элчиларни уларнинг ҳамда Афғонистондаги бошқа хорижий фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлашга ишонтирди.

Бундай мослашувчан позиция шуни кўрсатмоқдаки, ҳалигача Толибонни ҳеч бир мамлакат тан олмаган бир пайтда, у халқаро эътирофга эришиш учун бор кучини сарфламоқда ва музни ёриб ўтишга уринмоқда. Аслида эса, дунё Толибон билан иккитомонлама стандартлар ўйинини бошлаган. Яъни ўзлари уни тан ҳам олишмаяпти, у билан муносабатларини ҳам батамом узишмаяпти, унинг қонунийлигини «де-факто»¹ билан тан олишяпти. Ҳозирда Афғонистонда 12 давлатдан элчилар ва йирик вакиллар мавжуд. Бундан ташқари, INSO ташкилоти инсонпарварлик ёрдамларини етказиб бериш ниқоби остида бир неча ҳафтадаёқ фаолиятини қайта бошлади. Айрим қўшни давлатларнинг иқтисодий ва сиёсий манфаатлардан келиб чиқиб, Толибон ҳукуматини тан олишлари эҳтимолдан холи эмас. Лекин Европа давлатлари ва АҚШ бу ишда шошилмаяпти, яқин орада Толибонни тан олишмайди. Бироқ, уларнинг Қобул ва Давҳадаги дипломатик ваколатхоналари Толибон билан яқиндан ҳамкорлик қилишяпти.

Афтидан, Ғарб давлатлари билан Афғонистонга қўшни давлатлар Толибон ҳукуматини тан олиш шарти сифатида, ундан хотин-қизлар ҳуқуқи, инсон ҳуқуқлари ва кенг қамровли ҳукумат тузилишини талаб қилишаётган кўринади. Лекин бу саҳна ўйинининг олд тарафи. Аслида эса, Толибоннинг сиёсий ва ҳарбий ғалабасини миллий чегаралар орқали чеклашга уринишяпти. Токи, Толиблар Афғонистон ташқарисида амалга ошириладиган ҳарбий ҳаракатларга киришмасинлар. Чунки Толибоннинг кўплаб ҳарбий етакчилари бунга тайёр. Ғарбни хавотирга соладиган яна бир масала Афғонистонда ажнабий жангариларнинг борлигидир. Улар минтақа давлатлари ва Ғарбга таҳдид туғдиришлари мумкин. Толибон ҳаракати воқеликда бундай хавотирларнинг ҳақиқатга тўғри келмаслигини қайта-қайта таъкидлаган бўлса-да, Ғарб бунга шубҳа билан қараяпти. Бу эса, келаси йиллар мобайнида Афғонистонга Ал-Қоида ва бошқа ташкилотларнинг қайтиши мумкинлиги тўғрисидаги эҳтимолни кучайтирмоқда.

Муҳими, Толибон исломий ҳаракати шуни яхши билмоғи лозимки, дунёнинг турли минтақаларида ўнлаб исломий жамоалар ҳарбий курашдан ғалаба билан чиққанлар. Бироқ, сиёсат, бошқарув ва Исломни татбиқ қилиш масаласида муваффақият қозонолмаганлар. Чунки тузумни шаклан ўзгартириш ва уни исломий суратга айлантириш осон бўлиб, шахсларни ўзгартириб қўйилса, шуни ўзи кифоя қилади. Шу боис, ўзгартириш тўғри бўлиши учун қуйидагилар топилиши шарт:

  1. Тузумнинг асос ва эътиқоди Ислом устига қурилади.
  2. Ҳукмдор ҳокимиятга одамлардан байъат ва розилик олиш орқали келади.
  3. Ҳукмдор ички ва ташқи сиёсатда Исломни татбиқ қилади.

Агар ушбу уч шартдан бирортаси топилмаса, исломий дея аталган ҳар қандай тузум жиддий саволларга дуч келиши муқаррар. Ҳақиқатда, бу шартлар Ғарб талабларига тамоман зид. Шу боис, улар давлатлараро қонунийликни олишга тўсиқ бўлади.

Толибон исломий ўзгаришларни жамиятда босқичма-босқич амалга оширмоқчи. Бироқ, исломий шариат аҳкомларини босқичма-босқич татбиқ қилиш Исломда ножоиздир. Бундан ташқари, Толибон Исломнинг босқичма-босқич татбиқ этилишига мурожаат қилиш ўрнига, уни суд ишларида, иқтисодий ва сиёсий масалаларда, шунингдек, ташқи ишларда татбиқ қиладиган ҳокимиятга эга.

Ҳозир, Толибон олдида икки тақдирий танловдан бирини танлаш турибди:

  1. Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таоло розилигига эришиш учун Исломни татбиқ қилиш ва уни бошқаларга етказиш орқали Ислом тузумини барпо этиш.
  2. Инсонлар розилигини кўзлаб, давлатлараро тан олиниш йўлида курашиш орқали ўзини миллий чегара билан чеклаш.

Агар Толибон иккинчи танловни танласа, бу уни аста-секин ҳалокатга олиб боради. Росулуллоҳ ﷺ бундай деганлар:

«مَنِ الْتَمَسَ رِضَاءَ اللَّهِ بِسَخَطِ النَّاسِ كَفَاهُ اللَّهُ مُؤْنَةَ النَّاسِ، وَمَنِ الْتَمَسَ رِضَاءَ النَّاسِ بِسَخَطِ اللَّهِ وَكَلَهُ اللَّهُ إِلَى النَّاسِ»

Кимки одамларни норизо қилиб, Аллоҳнинг розилигини қидирса, Аллоҳ уни одамлар ёмонлигидан сақлайди. Кимки Аллоҳни норизо қилиб, одамларнинг розилигини қидирадиган бўлса, Аллоҳ уни шу одамларга қўйиб беради».

¹ Де-фактохалқаро ҳуқуқда янги давлат ёки ҳукуматнинг қисман (юридик жиҳатдан расмийлаштирилмаган ҳолда) эътироф этилиши.

Роя газетасининг 2021 йил 13 октябр чоршанба кунги 360-сонидан

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here