Энергетика тармоғига йўналтирилган маблағлар қаёққа кетяпти?

607
0

Энергетика тармоғига йўналтирилган маблағлар қаёққа кетяпти?

 Хабар: Қирғизистонда энергетика тармоғининг 80 фоизи ускуналари эскирган ҳолатда. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазири Акилбек Жапаров 11-октябр куни бўлиб ўтган “Жамоатчилик билан мулоқот. Янги иқтисодий сиёсат” конференциясида маълум қилди.

 Бишкек иссиқлик станцияси (БИС) эса 60 фоизи эскирганини айти. Эскирганлик чегараси 30 фоиз қилиб белгиланган.

 Жапаровнинг сўзларига кўра, ҳар йили Қирғизистонда электр энергияси истеъмоли 4-6 фоизга ошмоқда. Бугунги кунда электр қуввати танқислиги 6 миллиард киловат-соатни ташкил этади.

 Изоҳ: Қирғизистон мустақилликка эришганидан бери энергетика тармоғини ривожлантириш учун улкан миқдорда қарз олиб келади.

 2013 йил ноябр ойида энергетика соҳаси мутахассисларининг давра суҳбатида иштирок этган ўша вақтдаги Бош вазир Жонтора Сотболдиев; “Қирғизистонда энергетика соҳасига жалб қилинаётган хорижий кредитларни 94,1 фоизини биргина “Қирғизистон миллий энергетика тармоғи” (ҚМЭТ) сарфлайди. 1991 йилдан 2010 йилгача энергетика соҳасига 380 миллион доллар инвестиция ётқизилди. 2011йилдан бошлаб эса сармоя ётқизиш кескин ошган. 2014-йилнинг май ойигача ҚМЭТга 275 миллион 880 минг доллар, “Электр станциялари”га 78 миллион 160 минг доллар келиб тушган”, деган эди.

 Бундан ташқари, 2014-2017 йиллар мобайнида Бишкек ИЭСни модернизациялаш Хитойнинг ТВЕА компанияси тарафидан амалга оширилди. Модернизациялаш Хитойнинг “Эксимбанк”и томонидан ажратилган 386 миллион долларлик фоизли кредит билан молиялаштирилди. Аммо, модернизациядан ҳеч қанча вақт ўтмай, 2019-йилнинг 25-январида иссиқлик станциясида авария содир бўлди ва одамлар қишнинг айни чилласида иссиқликсиз қолишди. Кредит эса 2033-йилга қадар 480 миллион доллар қилиб қайтарилиши керак.

 Афсуски, олинган шунча қарзлар ва “сарфланган” улкан маблағларга қарамай эергетика тармоғида бирор ўзгариш ёки ривожланиш бўлмади. Аксинча, йилдан-йилга аҳвол оғирлашиб, оддий халқ қиш келишини юрак ховучлаб кутиб оладиган, қиш ойларида мамлакат қишлоқ ва шаҳарлари ҳавоси кўмир ва бошқа ёқилғилар тутунидан нафас олиб бўлмас даражасига етиб, айниқса, пойтахт Бишкек ҳавоси ифлосланган шаҳарлар рейтингида етакчиликни қўлда бермай келмоқда. Бу йил ҳам расмий ҳукумат аҳолини электр энергиясини тежашга, муқобил истиш воситалари – кўмир, ўтин ва тезакдан фойдаланишга чақирди. Олинган қарзлар эса одатдагидек бир ховуч коррупция ботқоғига ботган амалдорлар ўртасида хомталаш бўлиб кетмоқда (иссиқлик станцияси модернизациясида бир дона омбир 600 долларга баҳолангани каби). Бадалини эса оддий халқ тўлашига тўғри келади.

 Абдураҳмон Одилов

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here