АҚШ Тожикистонга 1,5 миллион доза Moderna вакцинаси етказиб берди

0
615

АҚШ Тожикистонга 1,5 миллион доза Moderna вакцинаси етказиб берди

 26 июлга ўтар кечаси Душанбе халқаро аэропортига АҚШдан Turkish Airlines авиакомпаниясининг махсус рейси билан 1,5 миллион доза Moderna вакцинаси етказилди. Бу ҳақда Тожикистон соғлиқни сақлаш ва ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги маълум қилди.  

 Ўтган ҳафта АҚШ давлат департаменти матбуот котиби ўринбосари Жалина Портер брифинг вақтида АҚШ 23та давлатга, жумладан, Тожикистонга коронавирусга қарши курашда ёрдам бериш мақсадида 22 млн доза вакцина йўллаганини маълум қилган. 

 Тожикистон бўйлаб 25 июндан 18 ёшдан катта аҳолини коронавирусга қарши эмлаш бўйича кампания бошланган. Айни вақтда республикада бу мақсадда AstraZeneca вакцинасининг ҳиндча муқобили ҳамда Хитойнинг CoronaVac вакцинаси қўлланмоқда.

Изоҳ: People’s Vaccine (Халқ вакцинаси) ташкилоти эълон қилган маълумотга кўра, дунёда коронавирусга қарши вакциналар туфайли 9 нафар янги миллиардер пайдо бўлди. Ушбу миллиардерлар орасида BioNTech, Moderna ва CanSino Biologics компаниялари раҳбарлари бор бўлиб, уларнинг умумий бойлиги 19 млрд доллардан кўпроқни ташкил қилмоқда. 

Пайдо бўлган янги миллионерлар сафида:

1.Стефан Бансел – Moderna бош директори (бойлиги 4,3 млрд доллар),

2. Угур Сахин — BioNTech бош директори ва ҳамтаъсисчиси (4 млрд доллар),

3.Тимоти Спрингер – иммунолог, Moderna асосчиси ва сармоячиси (2,2 млрд доллар),

4.Нубар Айефан – Moderna раҳбари (1,9 млрд доллар),

5.Хуан Лопес-Белмонте – Moderna вакцинасини ишлаб чиқарувчи ва қадоқловчи ROVIm компанияси раҳбари (1,8 млрд доллар),

6.Роберт Лангер – олим, Moderna асосчиси ва сармоячиси (1,6 млрд доллар),

7.Чжу Тао – CanSino Biologics ҳамтаъсисчиси ва бош илмий раҳбари (1,3 млрд доллар),

8.Эту Дунсю — CanSino Biologics ҳамтаъсисчиси ва катта вице-президенти (1,2 млрд),

9.Мао Хуинхоа — CanSino Biologics ҳамтаъсисчиси ва катта вице-президенти (1 млрд доллар).

Яна 8 нафар амалдаги миллиардер коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиқарувчи фармацевтик компанияларга киритган сармоялари эвазига ўз бойликларини умумий ҳисобда 32,2 млрд долларга кўпайтира олган.

 Барча амалларини соф моддий манфаат устига қурган капиталистик тузум ва шу тузум таянчлари бўлган йирик капиталистлар коронавирус пандемияси ваҳимасидан ҳам моддий манфаат кўзлаб ҳаракат қилишмоқда. ЖССТ (жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти) томонидан коронавирус эпидемияси пандемия деб эълон қилинган кундан бошлаб йирик оламий фармацевтика компаниялари вирусга қарши вакцина ишлаб чиқиш устида кимўзарга пойгага киришиб кетишди. Неча йиллардан бери рак, сил ва ҳатто оддий гриппга қарши доимий антитаначалар пайдо қиладиган дори ёки вакцина топишга қодир бўлмаётган компаниялар қисқа вақт ичида коронавирусга қарши вакцина ихтиро қилишга ва ҳатто синовдан ўтказишга ҳам улгуришди. Ўз навбатида маҳсулотларини бошқа вакциналарга нисбатан самарадорлигини исботлаш, бошқа вакциналарга нисбатан шубҳа уйғотиш учун ахборот ҳужумларини ҳам эсдан чиқаришмади. Шу билан бирга ишлаб чиқарган вакциналарини бошқа давлатларга – асосан мустамлака остидаги қашшоқ давлатларга – етказиб бериш учун ҳукуматлари орқали маҳаллий ҳукуматларга босим ўтказишни ҳам бошлаб юборишди.

 Масалан, Хитой ҳукумати Қирғизистон билан чегараларни тўлиқ очиш учун 70 фоиз аҳолини эмлашни шарт қилиб қўйди. 11 июл куни коронавирусга қарши Хитой вакцинаси — Синофармнинг 1 миллион 250 минг дозаси Қирғизистонга етказиб берилди, яна шунча миқдордаги вакцина июл ойининг охирига қадар етказиб бериладиган бўлди. Натижада, шартни бажариш учун қирғиз ҳукумати уйма-уй юриб фуқароларни вакцина олишга мажбурлай бошлади, ҳаттоки вакцина олмаган пенсионерларга пенсия берилмаслиги борасида гап-сўзлар урчий бошлади… Демак, Қирғизистоннинг 70 фоиз аҳолиси айнан Хитойда ишлаб чиқарилган вакцина билан эмаланиши керак бўлади. Қирғизистон аҳолини асосан хитой вакцинаси билан эмлаётган бўлса, Ўзбекистон Хитой-Ўзбекистон вакцинаси ва “AstraZeneca” вакцинаси билан эмлаётган бўлса, пандемия айни авжига чиққан вақтда ҳам “бизда вирус йўқ” деб иддао қилган тожик ҳукумати ҳам халқаро кучлар босими остида пандемияни тан олди ва ҳатто 18 ёшдан катталарни вакцина олишини мажбурий қилиб қўйди ва бунда асосий вакцина Американинг “Moderna” вакцинаси бўлади.

 Мустамлакачи давлатлар бошқа соҳаларда бўлгани каби фармацевтика соҳасида ҳам ўзаро рақобат олиб бориб, коронавирус пандемиясидан ҳам кўзлаётганлари фақат моддий манфаатдорликдан бошқа нарса эмас. Улар учун инсон соғлиги, умрининг заррача аҳамияти йўқ. ачинарлиси бизнинг малай ҳокимларимиз уларнинг бу ишларида беминнат дастёрлик қилиб беришаётганида.

 Абдураҳмон Одилов  

NO COMMENTS