МУНОФИҚ КИМ, УНИ НИМА ҚИЛИШ КЕРАК

354
0

بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ

МУНОФИҚ КИМ, УНИ НИМА ҚИЛИШ КЕРАК

Мунофиқлик – نفاق (нифоқ) арабча сўздан олинган бўлиб, унинг маъноси – ичидаги нарсадан бошқасини изҳор қилиш, яъни ичи-ташидан бошқа деганидир. Аслида бу сўзнинг тарихи: уларда يربوع (ярбуъ-жербоа, русчасига-тушканчик) номли, қуёнга ўхшаган бир ҳайвон бўлиб, уни уяси ер остида бўлади. У уяси учун ҳамма биладиган зоҳирий тешик қилиб қўяда. Аммо уяси учун ҳеч ким билмайдиган яна бир тешиги бор бўлиб, уни яширин қилиб қўяди. Хавфли ҳолатларда ўша тешигидан қочиб қолади. У махфий тешик “нофиқо” деб аталади. У қочиб кетганидан сўнг овчилари “ярбуъ мунофиқлик қилди”, яъни иккинчи тешигидан қочди — деб қўйишган. 

Шариатда эса, мунофик — куфрни яширган ҳолда Исломни зоҳир қилишлик бўлиб, ундай одамни Аллоҳ Таолодан бошқаси билолмайди. Чунки қалбдаги нарса, қалбларнинг соҳиби – Аллоҳ Таолодан бошқага маълум эмас. Шунинг учун мунофиққа нисбатан бизлар ҳеч нарса қилолмаймиз. Лекин тақводор мўминлар мунофиқлик аломатларини билишлари, ҳамда ундан қочишлари мумкин. Мунофиқлик Ислом Умматига — саодат асрида ҳам, кейинги йилларда ҳам, айниқса ҳозирги кунларда ҳам — энг хатарли ва жуда зарарли иллат бўлиб, Аллоҳ Таоло уларнинг зарарларидан огоҳликка чақирган ҳолда алоҳида бир сурани – “Мунофиқун” сурасини нозил қилди. Уларнинг зарари очиқчасига куфрни изҳор қилган душманларникидан бир неча баробар ортиқроқдир. Уммат ўз тарихида улардан жуда кўп аламли азобларни чеккан. Хозирда ҳам – Қуръонда баён қилинганидек — энг хатарли ва аламли азоблар ўшалар томонидан келмоқда. Лекин бундай жирканч ишга илашиб қолишни, кейин у билан сифатланиб қолишни хоҳламасак, аввало уларни синчковлик билан ўрганишимиз, ҳамда икки дунё саодатига эришимиз учун, яъни бу дунёда юзимиз ёруғ ва Охиратда аламли азобдан сақланишимиз учун улардан узоқ бўлишга харис бўлиб, яқинига ҳам бормаслигимиз, аввалда шу каби сифатларни қилиб қўйган бўлсак, тезда Аллоҳ Таолога тавба қилишимиз, гуноҳларимизни мағфират қилишини астойдил сўрашимиз, Ғаффору-Таввоб Зодга ёлворишимиз зарур. Мунофикликнинг машҳур аломатлари Қуръон ва ҳадисларда баён қилинган. Масалан:

Улар Исломга иймон келтирганликларини, ҳар бир ишдаги ҳақиқатни Росулуллоҳ (с.а.в) мукаммал ҳолда етказганлигини даъво қилишади-ю, аммо рўпарў келсалар, қасамини рўкач қилиб, Исломдан, Исломни ўрганишдан тўсадилар. Ҳақиқатларни билиб қолишингиздан жазавага тушадилар, ўзлари эса – диллари қулфланганлиги сабабли – “Ислом”ни тушунмайдилар. Аллоҳ Таоло айтади:

إِذَا جَاءَكَ الْمُنَافِقُونَ قَالُوا نَشْهَدُ إِنَّكَ لَرَسُولُ اللَّهِ وَاللَّهُ يَعْلَمُ إِنَّكَ لَرَسُولُهُ وَاللَّهُ يَشْهَدُ إِنَّ الْمُنَافِقِينَ لَكَاذِبُونَ () اتَّخَذُوا أَيْمَانَهُمْ جُنَّةً فَصَدُّوا عَنْ سَبِيلِ اللَّهِ إِنَّهُمْ سَاءَ مَا كَانُوا يَعْمَلُونَ () ذَلِكَ بِأَنَّهُمْ آمَنُوا ثُمَّ كَفَرُوا فَطُبِعَ عَلَى قُلُوبِهِمْ فَهُمْ لَا يَفْقَهُونَ

(Эй Муҳаммад), қачон мунофиқлар сизнинг олдингизга келсалар: «Гувоҳлик берамизки, сиз шак-шубҳасиз Аллоҳнинг пайғамбаридирсиз» дерлар. Аллоҳ, дарҳақиқат, сиз Ўзининг пайғамбари эканлигингизни билур, яна Аллоҳ у мунофиқларнинг шак-шубҳасиз ёлғончи эканликларига ҳам гувоҳлик берур. Улар ўзларининг қасамларини қалқон қилишиб олиб, (одамларни) Аллоҳнинг йўлидан тўсдилар! Уларнинг қилгувчи бўлган амаллари нақадар ёмондир! Бунга сабаб уларнинг (тилларида) иймон келтириб, сўнгра (дилларида) кофир бўлганларидир. Бас, уларнинг диллари муҳрлаб қўйилди. Энди улар (иймоннинг ҳақиқатини) англай олмаслар!

Аслида улар бадбашара, жирканчли кўринишда бўлмайди. Қилган даъволарини эшитиб, Умматнинг ҳақиқий етакчиси, буюк олими деб уйлайсан. Аммо уларнинг ҳақиқатларини билган сари улардан жиркана бошлайсан. Баъзида раҳминг келиб; тавба қилишса-ю, уларнинг ҳақларига дуолар қилиб, гуноҳларини мағфират қилишини Аллоҳ Таолодан сўрагинг келади, чунки улар бошқа юртлардан келмаганлар-да, ўз ичимизда неча йиллар бирга бўлган “биродарларимиз”. Аммо кибр қилишиб, тавба қилишга ҳам кўнмайдилар. Шунинг учун Аллоҳ Таоло уларни асло кечирмаслигини хабар қилмоқда:

() وَإِذَا رَأَيْتَهُمْ تُعْجِبُكَ أَجْسَامُهُمْ وَإِنْ يَقُولُوا تَسْمَعْ لِقَوْلِهِمْ كَأَنَّهُمْ خُشُبٌ مُسَنَّدَةٌ كَأَنَّهُمْ خُشُبٌ مُسَنَّدَةٌ يَحْسَبُونَ كُلَّ صَيْحَةٍ عَلَيْهِمْ هُمْ الْعَدُوُّ فَاحْذَرْهُمْ قَاتَلَهُمْ اللَّهُ أَنَّى يُؤْفَكُونَ () وَإِذَا قِيلَ لَهُمْ تَعَالَوْا يَسْتَغْفِرْ لَكُمْ رَسُولُ اللَّهِ لَوَّوْا رُءُوسَهُمْ وَرَأَيْتَهُمْ يَصُدُّونَ وَهُمْ مُسْتَكْبِرُونَ () سَوَاءٌ عَلَيْهِمْ أَاسْتَغْفَرْتَ لَهُمْ أَمْ لَمْ تَسْتَغْفِرْ لَهُمْ لَنْ يَغْفِرَ اللَّهُ لَهُمْ إِنَّ اللَّهَ لَا يَهْدِي الْقَوْمَ الْفَاسِقِينَ

Қачон сиз уларга боқсангиз уларнинг жисмлари (кўринишлари, кийган кийимлари) сизни ҳайратга солур, сўзлаганларида эса сўзларига (оҳангдор, фасоҳатли бўлгани учун берилиб) қулоқ солурсиз. (Лекин уларнинг диллари иймон ва яхшиликдан холи бўлгани учун) улар гўё (деворга) йўлаб қўйилган (чирик) ёғочларга ўхшайдилар. Улар (қурқоқ-юраксизликлари сабабли) ҳар бир қичқириқ-овозни устларига (тушаётган бирон бало-офат деб) гумон қиладилар. Улар душмандирлар. Бас, улардан эҳтиёт бўлинг! Уларни Аллоҳ лаънатлагай! Қандай адашмоқдалар-а! Қачон уларга: «Келинглар, Аллоҳнинг пайғамбари сизлар учун мағфират сўрар», дейилса, албатта улар бошларини буриб кетурлар ва уларни кибр-ҳаво қилган ҳолларида юз ўгиришларини кўрурсиз.  (Эй Муҳаммад), сиз улар учун мағфират сўрадингизми ёки мағфират сўрамадингизми уларга баробардир — Аллоҳ уларни ҳаргиз мағфират қилмас! Албатта Аллоҳ бундай фосиқ-итоатсиз қавмни ҳидоят қилмас.

Аллоҳ Таолонинг розтлигини истаб, Росулуллоҳ (с.а.в)нинг йўлидан оғишмай, сабот билан ҳаракат қилаётганларнинг ишларига бор кучлари, (қалбаки) обрў-эътиборлари ва ҳийла-найранглари билан тўсқинлик қиладилар. Ҳаммани уларга ёрдам бермасликка, алоқаларни узишликка чақирадилар. Аҳмоқликларининг чек-чегараси йўқлиги шундаки, еру-осмонлар эгаси – Раззоқ, Қодир Зот — тақводорлар билан бирга эканликларини билмайдилар:

هُمْ الَّذِينَ يَقُولُونَ لَا تُنْفِقُوا عَلَى مَنْ عِنْدَ رَسُولِ اللَّهِ حَتَّى يَنْفَضُّوا وَلِلَّهِ خَزَائِنُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ وَلَكِنَّ الْمُنَافِقِينَ لَا يَفْقَهُونَ

Улар (ўзларининг тобеъларига): Аллоҳнинг пайғамбари ҳузуридаги кишиларга инфоқ-эҳсон қилманглар, токи улар тарқалиб кетсинлар», дейдиган кимсалардир. Ҳолбуки осмонлар ва ер хазиналари ёлғиз Аллоҳникидир. Лекин мунофиқлар (буни) англамаслар.

Улардаги билимсизлик, такаббурлик, тақводорларга инфоқ-эҳсондан тўсиш каби ушбу сифатлари “Мунофиқун” сурасидан эди. Улар ишлари ҳийла-найрангдан иборат бўлиб, фирибгарликларини очиқ-ойдин қилмаганликлари учун фирибгарликлари ошкор бўлиб қолишидан доимо қўрқувда яшашларини “Тавба” сурасининг 64 — оятида, Аллоҳ Таоло қуйдагича келтиради:

يَحْذَرُ الْمُنَافِقُونَ أَنْ تُنَزَّلَ عَلَيْهِمْ سُورَةٌ تُنَبِّئُهُمْ بِمَا فِي قُلُوبِهِمْ قُلْ اسْتَهْزِئُوا إِنَّ اللَّهَ مُخْرِجٌ مَا تَحْذَرُونَ

  Бу  мунофиқлар  ўзлари ҳақида     дилларидаги     нарсадан     (яъни,     мунофиқликларидан) огоҳлантирадиган бирон сура нозил бўлиб қолишидан қўрқадилар(-у яна   пайғамбар   ва   мўминларни    масхара   қилиб   куладилар). Айтинг: «Кулаверинглар, Аллоҳ сизлар (фош бўлиб қолишидан) қўрқаётган нарсани албатта (юзага) чиқаргувчидир».

Эркаклари ҳам, аёллари ҳам мункарларга буюриб, маъруф ишлар (вожиб-суннатлар)дан қайтаришлари, шариатда буюрилган амаллардан манъ қилишлари ҳақида Аллоҳ Таоло “Тавба” сурасининг 67 — оятида шундай марҳамат қилади:

الْمُنَافِقُونَ وَالْمُنَافِقَاتُ بَعْضُهُمْ مِنْ بَعْضٍ يَأْمُرُونَ بِالْمُنْكَرِ وَيَنْهَوْنَ عَنْ الْمَعْرُوفِ وَيَقْبِضُونَ أَيْدِيَهُمْ نَسُوا اللَّهَ فَنَسِيَهُمْ إِنَّ الْمُنَافِقِينَ هُمْ الْفَاسِقُونَ

Мунофиқ эркаклар ва мунофиқа аёллар бир-бирларидандирлар (яъни, кофирликда бир-бирларига ўхшайдилар). Улар ёмонликка буюрадилар, яхшиликдан тўхтатадилар ва (Аллоҳ йўлида инфоқ-эҳсон қилишдан) қўлларини (ўзларини) тиядилар. Улар Аллоҳни унутишгач, Аллоҳ ҳам уларни унутди. Албатта, мунофиқлар ҳақиқий фосиқ-итоатсиздирлар.

Туҳматларни қилишиб, айтган гапларига ва шариатга қарши қилган ишларига исбот талаб қилинганда, улардан тонишини, ёлғон қасам ичишларини, агар тавба қилмасалар икки дунёда хор бўлишлари айни суранинг 74 — оятида баён қилинган.

يَحْلِفُونَ بِاللَّهِ مَا قَالُوا وَلَقَدْ قَالُوا كَلِمَةَ الْكُفْرِ وَكَفَرُوا بَعْدَ إِسْلَامِهِمْ وَهَمُّوا بِمَا لَمْ يَنَالُوا وَمَا نَقَمُوا إِلَّا أَنْ أَغْنَاهُمْ اللَّهُ وَرَسُولُهُ مِنْ فَضْلِهِ فَإِنْ يَتُوبُوا يَكُنْ خَيْرًا لَهُمْ وَإِنْ يَتَوَلَّوْا يُعَذِّبْهُمْ اللَّهُ عَذَابًا أَلِيمًا فِي الدُّنْيَا وَالْآخِرَةِ وَمَا لَهُمْ فِي الْأَرْضِ مِنْ وَلِيٍّ وَلَا نَصِيرٍ

Улар (яъни, мунофиқлар сизга етиб келган ҳақорат сўзларини) айтмаганликларига қасам ичадилар. Ҳолбуки, куфр сўзини аниқ айтган эдилар ва исломга кирганларидан сўнг яна куфрга қайтган эдилар ҳамда ўзлари етолмаган нарса (яъни пайғамбар жонига суиқасд қилишга) қасд қилган эдилар. Аллоҳ улар (мунофиқлар) фақат ва Унинг пайғамбари уларни Ўз фазлу карамидан бой-бадавлат қилиб қўйгани учунгина (Аллоҳ ва Унинг пайғамбарини) ёмон кўрдилар, холос. Бас, энди агар тавба қилсалар, ўзлари учун яхши бўлур. Агар юз ўгирсалар, Аллоҳ уларни дунёю охиратда аламли азоб билан азоблар ва улар учун ер юзида бирон дўст ва ёрдамчи бўлмас!

Аллоҳни алдамоқчи бўлишиб, вазифаларини, масъулиятидаги вожиботларини адо қилишликларидаги бепарволикларини, сустликларини, ҳар бир ишни ҳужакўрсин (риё)га қилишларини Аллоҳ Таоло “Нисо” сурасининг 142 — оятида “намоз” калимаси билан – “ҳоссни айтиб, оммни ирода қилиш” усулида – айтган бўлса, 143 — оятида эса, аросат йўлда қолишиб, тушунарсиз аҳволда юришларини, на жаҳолатда ва на тақво тарафда бўлмаганликларини эслатмоқда:

إِنَّ الْمُنَافِقِينَ يُخَادِعُونَ اللَّهَ وَهُوَ خَادِعُهُمْ وَإِذَا قَامُوا إِلَى الصَّلَاةِ قَامُوا كُسَالَى يُرَاءُونَ النَّاسَ وَلَا يَذْكُرُونَ اللَّهَ إِلَّا قَلِيلًا

(142)مُذَبْذَبِينَ بَيْنَ ذَلِكَ لَا إِلَى هَؤُلَاءِ وَلَا إِلَى هَؤُلَاءِ وَمَنْ يُضْلِلْ اللَّهُ فَلَنْ تَجِدَ لَهُ سَبِيلًا

Албатта мунофиқлар Аллоҳни алдамоқчи бўладилар, ҳолбуки, Аллоҳ уларни «алдаб» қўйгувчидир. Ва қачон намозга турсалар дангасалик билан, хўжакўрсинга турадилар ва Аллоҳни камдан-кам ёдга оладилар. Улар на уёқлик, на буёқлик бўлмай икки орада сарсон ҳолда қолганлар. Кимники Аллоҳ йўлдан оздирса сиз унга бирон йўл топиб бера олмайсиз.

Аслида мўминлар учун ҳеч қандай муаммо йўқ, ҳар бир нарса Қуръон-ҳадисда мукаммал баён қилинган, ҳар бир ишда Қуръон-ҳадис (омийларга нисбатан эса, мужтаҳидларнинг ижтиҳодлари)га мурожаат қилишга буюрилганмиз. Аллоҳ Таоло айтади:

فَإِنْ تَنَازَعْتُمْ فِي شَيْءٍ فَرُدُّوهُ إِلَى اللَّهِ وَالرَّسُولِ إِنْ كُنتُمْ تُؤْمِنُونَ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ ذَلِكَ خَيْرٌ وَأَحْسَنُ تَأْوِيلًا

“Бордию бирон нарса ҳақида талашиб қолсангиз,— агар ҳақиқатан Аллоҳга ва охират кунига ишонсангиз — у нарсани Аллоҳга ва пайғамбарига қайтарингиз! Мана шу яхшироқ ва чиройлироқ ечимдир”. [4:59].

Лекин мунофиқларга; — ҳаммамиз бир бўлишимиз учун Аллоҳ Таоло нозил қилган нарсани ўртага қўйиб, келишиб олайлик — дейилса, орқа-олдига қарамай қочиб қоладилар. Қилмишлари очилиб, шармандали аҳволга тушиб қолсалар ҳам қасам ичиб, ўзларини оқлашга уринадилар. Аллоҳ Таоло 61-63- оятларида қуйдагича баён қилади:

وَإِذَا قِيلَ لَهُمْ تَعَالَوْا إِلَى مَا أَنزَلَ اللَّهُ وَإِلَى الرَّسُولِ رَأَيْتَ الْمُنَافِقِينَ يَصُدُّونَ عَنْكَ صُدُودًا(61)فَكَيْفَ إِذَا أَصَابَتْهُمْ مُصِيبَةٌ بِمَا قَدَّمَتْ أَيْدِيهِمْ ثُمَّ جَاءُوكَ يَحْلِفُونَ بِاللَّهِ إِنْ أَرَدْنَا إِلَّا إِحْسَانًا وَتَوْفِيقًا(62)أُوْلَئِكَ الَّذِينَ يَعْلَمُ اللَّهُ مَا فِي قُلُوبِهِمْ فَأَعْرِضْ عَنْهُمْ وَعِظْهُمْ وَقُلْ لَهُمْ فِي أَنفُسِهِمْ قَوْلًا بَلِيغًا

Қачон уларга «Аллоҳ нозил қилган Китобга ва пайғамбар ўгитларига келинглар», дейилса, у мунофиқларнинг сиздан қаттиқ юз ўгирганларини кўрасиз. Энди ўзларининг қилмишлари сабабли уларга бирон мусибат етса, шундан кейин сизнинг ҳузурингизга келишиб: «Биз фақат яхшиликни ва орани ўнглашни истаган эдик, холос», деб қасам ичишлари қандоқ бўлди? Ундай кимсаларнинг дилларидаги нарсани Аллоҳ яхши билур. Бас, сиз уларнинг (кирдикорларига) боқманг ва уларга панд-насиҳат қилиб, ўзлари ҳақида етук сўзларни айтинг!

Улар қалби қасал, калта фаҳм инсонлар бўлиб, Аллоҳ Таолони ва мўминларни алдамоқчи бўладилар. Иймонсиз бўлганликлари учун жирканч ишларини ошкор бўлаётганидан ҳижолат ҳам бўлишмайди, аксинча ўзларини моҳир сиёсатчи, буюк олим қилиб кўрсатадилар. Аслида уларнинг жирканч ишлари Аллоҳ Таолога аён, ҳатто мўминларга ҳам ошкор бўлиб туради. Лекин ўзларича: ҳамма нарсани қоилмақом қилмоқдамиз, биз жамиятни ислоҳ қилувчилармиз — деган калтабин фикрлари ҳақида Аллоҳ Таоло “Бақара” сурасининг 8-12- оятларида айтиб, улардан огоҳ бўлишимизни амр қилмоқда:

وَمِنْ النَّاسِ مَنْ يَقُولُ آمَنَّا بِاللَّهِ وَبِالْيَوْمِ الْآخِرِ وَمَا هُمْ بِمُؤْمِنِينَ () يُخَادِعُونَ اللَّهَ وَالَّذِينَ آمَنُوا وَمَا يَخْدَعُونَ إِلَّا أَنفُسَهُمْ وَمَا يَشْعُرُونَ () فِي قُلُوبِهِمْ مَرَضٌ فَزَادَهُمْ اللَّهُ مَرَضًا وَلَهُمْ عَذَابٌ أَلِيمٌ بِمَا كَانُوا يَكْذِبُونَ () وَإِذَا قِيلَ لَهُمْ لَا تُفْسِدُوا فِي الْأَرْضِ قَالُوا إِنَّمَا نَحْنُ مُصْلِحُونَ

Одамлар орасида шундай кимсалар ҳам борки, ўзлари мўмин бўлмаганлари ҳолда «Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирдик», дейдилар. Улар Аллоҳни ва иймонли кишиларни алдамоқчи бўладилар ва ўзлари сезмаганлари ҳолда фақат ўзларинигина алдайдилар.  Уларнинг дилларида мараз бор эди, бас Аллоҳ маразларини янада зиёда қилди. Улар учун қилган ёлғонлари сабаб аламли азоб бордир.  Уларга: «Ер юзида бузғунчилик қилманглар», дейилса, «Биз ислоҳ қилувчилармиз», дейдилар.  Огоҳ бўлингизким, улар албатта бузғунчилардир, лекин ўзлари буни сезмайдилар.

Улар ёлғончилар бўлиб, берган ваъдаларини эсдан чиқарадилар, ваъдаларга риоя қилмайдилар, амонатларга хиёнат қиладилар, ҳатто Аллоҳ Таолонинг амонати – Дин – га ҳам хиётнат қиладилар. Улар энг ёмон одамлар бўлиб, улар икки юзликдирлар. Абу Ҳурайра (р.а) Росулуллоҳ (с.а.в)дан қуйдаги ҳадисни ривоят қилади:

حديث أبي هريرة t أن رسول الله ﷺ قال: آية المنافق ثلاث، إذا حدث كذب وإذا وعد أخلف، وإذا اؤتمن خان

“мунофиқнинг аломати ушта: гапирса ёлғон гапиради, ваъда қилса ваъдани бузади, амонат қўйилса хиёнат қилади”. Бухори ва Муслим ривоятлари.

تجدون شر الناس ذا الوجهين الذي يأتي هؤلاء بوجه وهؤلاء بوجه . متفق عليه.

энг ёмон инсонлар иккиюзлилардир, анавиларга бир юз билан, анавиларга бошқа юз билан келадилар”. Муттафақун алайҳ. Иккиюзлик (ذا الوجهين)ни муфассирлар мунофиклик деб тафсир қилишган.

Мунофиқларнинг аломат ва сифатларидан узоқ бўлишимиз билан ўзимизни ҳалокатдан сақлаган бўламиз. Яқинларимизни ҳам сақлашимиз учун вақт борлигида уларни ҳам огоҳлантиришимиз вожиб бўлади. Буни шариат биродарлик, қариндошлик, яқинлик, дўстлик ҳаққи қилиб белгилади. Агар шариатга қарши ишларида давом этсалар, уларни тарк этишимиз ҳам шариат талабидир. Аксинча, биз ҳам улар каби Аллоҳ Таолонинг лаънатига ҳақли бўлиб қоламиз. Ҳар қандай ношаръий ишларга рози бўлиб, шу ҳолда давом этишимиз Аллоҳ Таолонинг лаънатига ва ғазабига дучор бўлишимизга, улар сабабли Аллоҳ Таоло оммавий азоб юборишига ва кеча-ю, кундуз қилаётган дуоларимизни қабул бўлмаслигига сабаб бўлади, Аллоҳ сақласин!

Зотан, Расулуллоҳ (с.а.в) Абу Масъуд (р.а)дан ривоят қилинган ҳадисда айтадиларки: «Бани Исроилга энг аввало кирган нуқсон шу эдики, бир киши бошқа кишига йўлиққан пайтда: «Эй фалончи, Аллоҳдан қўрққин ва бу қилаётган ишингни ташлагин, чунки бу нарсани қилиш сен учун ҳалол-дуруст эмас», дер эди. Сўнг эртаси куни у билан учрашган пайтда уни яна ўша ҳолатда кўрар эди. Лекин бу нарса у билан бирга еб-ичишдан, бирга ўтиришдан қайтармас эди. Бас, улар шундай қилишгач, Аллоҳ уларнинг баъзиларининг қалбларини баъзилари билан урди». Сўнгра Расулуллоҳ (с.а.в)  ушбу оятни тиловат қилдилар: “Бани Исроилдан кофир бўлган кимсалар Довуд ва Исо бинни Марям тилида лаънатлангандир. Уларнинг лаънатланишига сабаб қилган исёнлари ва тажовузкор бўлишганидир. Улар бир-бирларини қилган нолойиқ ишларидан қайтармас эдилар. Бу қилмишлари нақадар ёмон иш! Улардан кўплари кофир бўлган кимсаларни дўст тутганларини кўрасиз. Уларга ҳавойи нафслари нақадар ёмон нарсани – Аллоҳнинг ғазабини келтирди. Энди улар абадий азобда қолувчидирлар. Агар Аллоҳга, Пайғамбарига ва унга нозил қилинган китобга иймон келтирганларида эди, уларни  дўст тутмаган бўлур эдилар. Лекин улардан кўплари итоатсиз кимсалардир“. [5:78-81]

Сўнгра шундай дедилар: «Йўқ, асло, Аллоҳга қасамки, сизлар албатта яхшиликка буюрасизлар ва ёмонликдан қайтарасизлар. Сизлар албатта золимнинг қўлидан ушлайсизлар ва уни ҳаққа бурилишга мажбур қиласизлар ва албатта уни ҳаққа маҳкам боғлаб қўясизлар. Ёки албатта Аллоҳ баъзиларингизни баъзиларингиз қалби билан уради, сўнгра уларни лаънатлаганидек, сизларни ҳам лаънатлайди».

Абу Саид ал-Худрий (р.а)дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ (с.а.в) дедилар: «Сизлардан кимингиз мункарни кўрса, уни қўли билан қайтарсин. Қодир бўлмаса тили билан, бунга ҳам ярамаса, дили билан ўзгартирсин. Бу иймоннинг энг заифидир». Адий ибн Умайр (р.а)дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ (с.а.в) дедилар: «Албатта Оллоҳ хос одамларнинг амали туфайли оммани азоблайди. То улар ўз ораларида мункарни кўрсалар, уларни инкор этишга қодир бўла туриб инкор этмасалар, шунда Оллоҳ хосни ҳам, оммани ҳам бир ҳил азоблайди». Хузайфа ибн Яман (р.а)дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ (с.а.в) дедилар: «Жоним Унинг қўлида бўлган Зотга қасамки, албатта сизлар маъруфга буюриб, мункардан қайтарасизлар ёки Аллоҳ сизларга Ўзи томонидан азоб юборади. Шундан сўнг сизлар Унга дуо қиласизлар, У эса ижобат этмайди». Ушбу ҳадисларнинг барчалари амри маъруф, наҳи мункарнинг вожиблигига далолат қилади.

Ғариб Муслим

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here