بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Эрдоганнинг йигирма олтита АҚШ компанияси билан онлайн учрашуви
Устоз Муҳаммад Ҳанафий Яғмур
Туркия президенти Эрдоган АҚШ президенти Байден билан бевосита учрашишдан олдин, Американинг йирик компаниялари билан билвосита учрашди. Рейтер ахборот агентлигига кўра, учрашувда йигирмадан зиёд компанияларнинг, шу жумладан, «Boeing», «Amazon», «Microsoft», «Kellogg’s», «PepsiCo», «The Procter & Gamble», «Johnson & Johnson», каби компанияларнинг ижроий раҳбарлари қатнашган. (https://www.dw.com).
Эрдоган бошчилигидаги Адолат ва Тараққиёт партияси ҳукумати даврида, Туркия иқтисодий жиҳатдан оғир дамларни бошдан кечирмоқда. Бунинг кўп сабаблари бор, асосийлари коррупция ва ташқи қарздир. Адолат ва Тараққиёт партиясининг қарийб йигирма йиллик ҳукмронлиги мобайнида йиғилган солиқларнинг 20 фоизи қарзнинг процентини тўлашга кетди. 2020 йилга келиб, тўланган фоизлар жами 590 миллиард долларга етди. 2021 йилги рақамлар эса, бундан бир мунча юқори бўлади. 128 миллиардни Марказий банк захирасидан қаерга ва ким сарф қилгани ҳақидаги саволга ҳеч ким аниқ жавоб беролмаяпти ва бу ҳолат узоқ вақтдан бери Туркия жамоатчилигини машғул келмоқда!
Эрдоган 2023 йилда бўладиган сайловларда ғолиб чиқиш мақсадида иқтисодиётни тиклашга уриняпти… Аммо шу билан бир вақтда, мустамлакачи хўжайинлари талабларини бажариш билан ҳам машғул. Айни мақсадда, у йигирмадан зиёд АҚШ компаниялари ижроий раҳбарлари билан интернет орқали икки соат суҳбат ўтказди. Учрашуви ортидан, АҚШ-Туркия ўртасидаги савдо ҳажмини 100 миллиард долларга етказмоқчилигини айтди. Шу билан бирга, Эрдоган 2017 йилда Трамп билан учрашувида ҳам АҚШ-Туркия ўртасидаги савдо ҳажми учун 100 миллиард долларни мақсад қилганини айтган. 2019 йилда бу кўрсаткич жами 20 миллиард долларни ташкил қилиб, Туркиянинг Америкага экспорти тахминан 8.9 миллиардни ташкил қилган эди.
Шунинг учун Эрдоганнинг АҚШ компаниялари билан бирга ўтказган учрашуви ва талаблари янгилик эмас. Чунки юқоридаги каби баёнотларни Трамп даврида ҳам қилган. Биз айни учрашув ҳақида қуйидагиларни айтмоқчимиз:
1 – Эрдоганнинг йигирмадан зиёд АҚШ компаниялари ижроий раҳбарлари билан бўлган бу учрашуви тайёргарлик учрашувларидан биридир. Яъни, у ўз сиёсатини Байден тузган янги Америка сиёсатига мос олиб бормоқчи. Эрдоган ушбу онлайн учрашув чоғида «19 йил давомида ислоҳот дастуридан ҳеч қачон воз кечмадик. Ўзгарувчан шароитлар ва талабларга жавобан иқтисодиёт, қонун ва адолат соҳасидаги ислоҳотлар жараёнини қатъият билан давом эттириб келмоқдамиз», деди. Ҳа, Эрдоган мустамлакачи хўжайинларини рози қилиш учун бор имкониятини сарфлаётганини ва шундай давом этишини очиқ намоён қилди. Чунки Эрдоган каби ҳукмдорларнинг мусулмон юртларида мавжуд бўлиб туришининг сабаби, ўз талаблари бажарилмаса ҳам, хўжайинларига ҳеч қандай чексиз ва шартсиз итоатгўйлик қилишларидир.
Бошқача ибора билан айтганда, Эрдоган Байденни худди ўз хўжайини билан учрашишдан олдин унинг сабоғини яхши ўзлаштирган ва ўз вазифасини тўлиқ бажарган қул сифатида қаршиламоқчи, берган таълимотларига амал қилиб, бу масалада бор куч-тоқатини сарфлаётганини намоён қилмоқчи. Шунингдек, АҚШ компаниялари талабларини қабул қилишга ва бу йўлда ҳар қандай турдаги фидокорликни кўрсатишга тайёр эканини очиқламоқда. Шу сабабли, 14 июндаги НАТО саммитида бўлиб ўтган Байден-Эрдоган учрашувидан олдин Туркиянинг икки расмийси Америка, Греция ва бошқа кўплаб мамлакатларда қизғин учрашувлар ўтказди. Булар Туркия президентлиги бош котиби ўринбосари Иброҳим Калин билан Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғли эди. Дарҳақиқат, президент матбуот котиби Иброҳим Калин АҚШнинг БМТдаги махсус вакиласи Линда Томас-Гринфилд билан учрашди. Учрашувда регионал масалалар, жумладан, Сурия, Ливия, Афғонистон, Фаластин, Эрон ва Ироқ масалалари, шунингдек, миграция, гуманитар ёрдам ва терроризмга қарши кураш масалалари муҳокама қилинди. (Анадўлу, 2021 йил 2 июн).
Шу сабабдан, Эрдоганга яқин доиралар, айниқса, Човушўғли билан Иброҳим Калин америкаликлар билан сўзлашувлар олиб бориб, Америка талабларини бажаришга уринишмоқда. «С-400» ракеталарини ўрнатиш ва уларни қўллашни ўқитиш учун келган рус ҳарбий экспертларининг Туркиядан Россияга қайтариб юборилишини ҳам шу нуқтаи назардан тушуниш мумкин. Човушўғли Афина сафари чоғида айни масалага тўхталиб, рус ҳарбий экспертларининг ўз мамлакатларига қайтиб кетишганини тасдиқлади (Bloomberg). Шунинг учун Эрдоган ва унинг делегацияси матбуотда ёритилмайдиган, аммо воқеликда мавжуд бўлган кўплаб масалалар хусусида Қўшма Штатларни рози қилишга астойдил саъй-ҳаракат қилиб келмоқда.
Эрдоган Байден даврида АҚШнинг сиёсий устувор йўналишларида ўзгаришлар бўлаётганини ҳам, Байден позицияси Трамп позициясидан ўзгача эканини ҳам кўриб-билиб турибди. Эрдоганнинг айни учрашув тўғрисидаги баёнотларида келган қуйидаги иборалар ҳам шу нарсани кўрсатяпти. Баёнотда жумладан бундай дейилган эди: «Байденнинг 1915 йилги ҳодисалар ҳақидаги баёноти муносабатларимизга қўшимча юк бўлмоқда. Бироқ, мен 14 июнда бўлажак НАТО саммитидаги учрашувимиз янги даврнинг нишонаси бўлади, деган умиддаман».
Американинг дунёда биринчи рақамли мустамлакачи давлат бўлгани эътиборидан, у ҳам, унинг компаниялари ҳам Туркияга сармоя ётқизишдан фақат ўзларининг шахсий манфаатларини кўзлашади, ҳаргиз мусулмонлар манфаатини ўйлашмайди. Шубҳасиз, бу турк иқтисодиётига фойда эмас, зиён келтиради. Улар бу ерга пул топиш ва уни муомалага киритиш учун келишади… Бир доллар сармоя ётқизишса, ундан бир неча баробар фойда олмагунларича тинчишмайди. Уларнинг сармоя ётқизишларидан фарқсиз ўлароқ, бу каби компаниялари ҳам юртимизга беқарорлик, бошбошдоқлик ва нотинчликлар келтиради. Бу компаниялар сиёсатчиларимизга таҳдид қилиб, уларни мустамлакачиларнинг сиёсий режаларини бажаришга мажбурлашади, ўғирликлари билан Туркия давлатини бундан ҳам ёмон аҳволга солишади.
Эрдоган билан онлайн учрашган компаниялардан яна бири «Netflix» бўлиб, у мамлакатда турли хил разолат ёймоқда. Бу каби компанияларнинг мусулмон юртларида бузуқлик ва фисқ-фужур тарқатишдан бошқа ниятлари йўқ. Улар бир жиҳатдан, юртларимизда одамларни йўлдан оздиришса, бошқа жиҳатдан, шу орқали миллиардлаб доллар даромад қилишяпти. Бу эса, юртимиз иқтисодиётининг кўтарилишига ҳеч бир шаклда ҳисса қўшмайди. Минг афсуски, молиявий сабаблар оқибатида, бунга йўл қўяётган кимса ҳокимият тепасида ўтириб олиб, ўзининг мусулмонлигини даъво қилаётган ва азбаройи мустамлакачи хўжайинларини рози қилишга уринаётган Эрдогандир.
Хуллас калом, Эрдоганнинг АҚШ компаниялари ижроий раҳбарлари билан ўтказган бу учрашуви фақат ва фақат мустамлакачилар манфаатига хизмат қилади. На Туркияга фойда келтиради, на унинг аҳлига. Бундан ташқари, Америка Ислом ва мусулмонларга очиқ уруш эълон қилган мустамлакачи давлатдир. Бас, уни ҳам, унга ўхшаган давлатларни ҳам асло дўст, деб бўлмайди.
Роя газетасининг 2021 йил 16 июн чоршанба кунги 343-сонидан