Ақсо Масжиди Исломий ўлкалардан армия келишини кутмоқда
Ақсо Масжидида тахминан 20 мингдан ортиқ мусулмонлар намойишлар уюштириб, “Биз бу ердамиз, Эрдўған сен қаердасан?” шиори остида Туркия ҳукуматини фақат танқид билан кифояланмай, амалий чора кўришга чақирди. Чунки Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған яҳудий босқинчилигига қарши чиқишида “Ақсо Масжидига ва мусулмонларга қарши уюштирилаётган ҳужумлар дарҳол тўхтатилишини талаб қиламиз. Акс ҳолда золимларни лойиқ бўлган оқибатга дучор қилиш учун бор кучимизни сарфлаймиз ва қўлимиздан келган ҳаракатни қиламиз”, дея кескин баёнот берган эди. Натижада кўпчилик мусулмонларда “турк аскарлари Ақсо Масжидига келиб, яҳуд босқинчиларининг танобини тортиб қўйиши” ҳақида умид уйғонган эди.
Туркия президенти Фаластин масаласида Эрон президентлари каби баландпарвоз гапларни гапириши ва катта-катта ваъдаларни бериши мумкин. Аммо АҚШнинг изнисиз бир қадам ҳам ташлай олмайди. Бу унинг сўнгги баёнотларидан ҳам кўриниб турибди. У сўнгги видео мурожаатида яҳудлар ҳужумининг тўхтатилиши АҚШга тобе БМТ хавфсизлик кенгаши ва Ислом ҳамкорлик ташкилотига ҳавола қилинишини билдирди.
“БМТ хавфсизлик кенгаши кенгаш қарорларига мувофиқ зудлик билан Қуддусда тинчлик ва осойишталикни таъминлайдиган қадамлар ташлаши шартдир. Ислом ҳамкорлик ташкилоти ҳам дарҳол аниқ муносабат бирдирмаса, ўзининг мавжудлигини инкор қилган бўлади. БМТ бу масалада бошлаган ҳар бир ҳаракатни Туркия сифатида фаол қўллаб-қувватлашга ва тинчлик учун масъулиятни ўз зиммамизга олишга тайёрмиз” деди Эрдоған.
Туркия ташқи ишлар вазири Мевлуд Чавушоғлу ҳам Саудия ташқи ишлар вазири Файсал бин Фархон билан учрашуви чоғида “Биз ҳар доим (Исроил)нинг Ғазо ва Ақсо Масжидига қилган ҳужумларини қоралаб келганмиз, аммо Уммат биздан қадам ташлашимизни кутмоқда” деди. Бироқ у учрашувидан сўнг берган баёнотида “Фавқулодда йиғиладиган БМТ Бош ассамблеясида (Исроил)нинг ҳужумлари тўғрисида иншаАллоҳ бир қарор қабул қиламиз” дея Ақсо Масжиди масаласини БМТга ҳавола қилди.
Айтиб ўтиш лозимки, Мевлуд Чавушоғлу бундан 3 йил аввал 2018 йил 22 май куни Анталяда берган баёнотида “Ҳақиқатни қачон айтамиз, ўлгандан кейин айтамизми, қачонгача қўрқиб яшаймиз, инсон бир марта ўлади, минг марта ўлмайди”, “фаластинлик биродарларимиз ва Қуддусни ҳимоя қилиш учун у ерга халқаро куч юборамиз. Бундан сўнгра (Исроил) истаган пайтда Фаластинга ҳужум уюштира олмайди”, “Бундан сўнгра фақат бақир-чақир қилиб танқид қилмаймиз, амалий қадамлар ташлаймиз”, “Фақат танқидлар билан масала ҳал бўлмайди, аниқ қадамлар ташлашимиз лозим”, деган гапларни айтган эди. Аммо бугунги кунда (Исроил) ўз жиноятларини аввалгидан ҳам кучлироқ давом эттираётганига бутун дунё гувоҳ бўлиб турибди.
Дарвоқе, Уммат Ислом ўлкалари раҳбарларидан ўз армиясини Фаластинга халқаро тинчликпарвар куч сифатида юбориши сўрамаяпти. Балки босқинчи (Исроил) кучларини янчиб ташлайдиган армия юборишини талаб қилмоқда. Чунки у ерда уруш бўлмаяпти, босқинчи (Исроил) кучлари қуролсиз оддий халқ устида қирғин ўтказяпти. Бундай пайтда – Сурияда бўлгани каби – халқаро қонунлар баҳонасида куфр манфаатларини ҳимоя қилиб берадиган тинчликпарвар кучга эҳтиёж йўқ. Балки такбир садолари остида муборак заминни озод этиб, босқинчи яҳудийлардан тозалайдиган жангавор куч лозимдир. Ислом Уммати Туркиядан ва ундан бошка Миср, Покистон каби Исломий ўлкаларидан мана шундай армия юборишини талаб қилмоқда.
Қиёмуддин Шариф