Хитой ҳукумати Қирғизистон иқтисодиётига кўмак бермоқчи

688
0
Хитой ҳукумати Қирғизистон иқтисодиётига кўмак бермоқчи

Хитой ҳукумати Қирғизистон иқтисодиётига кўмак сифатида 350 миллион юан ажратишни режалаштирмоқда. “REGNUM” хабарида айтилишича, бу ҳақда Қирғизистон ташқи ишлар маҳкамаси маълумот берган. Икки давлат ташқи ишлар вазирларининг Сиандаги учрашувида шу ҳақда сўз борган.

Хитой ташқи ишлар вазири Ван И ўзининг қирғизистонлик ҳамкасби Руслан Казакбаевга Хитой Қирғизистоннинг давлат қарзларини қайтаришини ортга суриш ва қўшимча маблағ ажратишга қарор қилишини айтди.

Шунингдек, инсонпарварлик ёрдами тариқасида 15 минг дозадаги Хитойнинг коронавирусга қарши  вакцинаси етказилишини маълум қилган.

 Изоҳ: Расмий ҳисоботларга кўра, Қирғизистоннинг умумий қарзи 5 миллиард доллар (4 млрд. 928,67 миллион)га яқинлашиб қолган. Энг кўп қарз Хитойдан олинган бўлиб, бу ташқи қарзнинг 41,8%ини ташкил этади. Сўнги 12 йилда Қирғизистоннинг Хитой олдидаги давлат қарзи 200 баробар ўсган. Бугунги кунда Қирғизистоннинг Хитойдан олган қарзи 1 миллиард 782 миллион долларни ташкил этмоқда.

 Жорий йилдан бошлаб Қирғизистон Хитойдан олган қарзларнинг фоизидан ташқари танини ҳам тўлашни бошлаши зарур. Бироқ, Қирғизистондаги оғир иқтисодий ҳолат ва бунга қўшимча коронавирус пандемияси сабабли жорий этилган карантин чоралари қирғиз ҳукуматини оғир вазиятга солиб қўйди. Шу сабабли ҳам қирғиз расмийлари ўтган йилдан бери Хитой ҳукуматидан қарз муддатини узайтиришни сўраб келишди. Собиқ президент Жээнбеков ва бошқа расмийлар илтимосига нисбатан бирор муносабат билдирмай келди. Ва ниҳоят 2020-йил ноябр ойида Хитой томони Қирғизистонга қарзларни тўлашни кейинга қолдиришга рози бўлди, аммо шу билан бирга маълум бир шарт қўйди. Молия вазирилиги давлат қарзлари бошқармаси бошлиғи Руслан Татиков Хитой билан музокаралар олиб борилаётганини, Хитой тўлов муддатини кечиктириш эвазига шарт қўйганини маълум қилган эди.

 “Музокаралар давом этаётгани сабабли батафсил маълумот бермайман. ОАВ Хитой томони тўловни кечиктиришга рози бўлмади деб ёзишмоқда, аммо бундай эмас. Хитой тўлов муддатини кечиктирди, бироқ алоҳида шарт қўйди, биз ҳозир буни муҳокама қиляпмиз. Музокаралар якунига етса, тўлов муддати 2020-йилнинг 1-майидан 31-декабрига қолдирилади”, деган эди Татиков.  Гарчи Татиков Хитой қандай шарт қўяётганини айтмаган бўлсада, Садир Жапаров матубот анжуманида “Нориндаги Жетим-Тоо темир кони хорижий давлатларга берилмайди”, деди.

 Кейинчалик Садир Жапаров агар расмий Бишкек ХХР олдидаги ташқи қарзини тўламаса, мамлакатдаги баъзи муҳим объектлар Хитой назорати остига ўтиши мумкинлигини истисно қилмаган ва мамлакатнинг ташқи қарзи банкка бериладиган оддий кредит каби тизим бўйича тўланишини, мабодо қарз олувчи ўз мажбуриятларини бажара олмаса, уларни мол-мулк билан тўлашини айтган эди. Жапаров Хитой назорати остига ўтиши мумкин бўлган иншоотлар орасида мамлакат шимолидаги энг йирик электр иншооти – Бишкек иссиқлик электр станцияси, Датка-Кемин электр узатиш линияси ҳамда республиканинг шимоли ва жанубини бирлаштирувчи йўлни санаб ўтганди…

 Кучли давлат заиф давлатларни эзиб, қул қилиш, рибо устига қурилган иқтисодий муносабатлар қашшоқ давлатни янада қашшоқлаштириб, қарз ботқоғига ботириш асосига қурилган халқаро капиталистик тузумда иқтисоди қишлоқ хўжалилига асосланган Қирғизистон каби давлатлар ҳеч қачон эркин нафас олмайди. Халқаро тузум бу каби давлатларни қарздан тўлиқ озод бўлишига, иқтисодий тараққиёт асоси бўлган оғир саноатини ривожлантиришга йўл қўймайди. Бу каби давлатлар узоқ йиллар мобайнида олинган қарзлар фоизини тўлаб беришга, танини қайтарадиган вақтда тўлашдан ожиз қолиб яна янги қарз олишга ва бўғзигача қарзга ботиб охир-оқибат қазларини ер ва қазилма бойликлар ҳисобидан тўлашга мажбур бўлади. Хусусан, Хитой қарз олувчи томонга қарз шартларини ошкор этмасликни шарт қилиб қўяди. Қарзини тўлай олмаган давлатлар Хитойга табиий бойликлари ёки ҳудудини беришга мажбур бўлади…

 Абдураҳмон Одилов

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here