بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Фаластин масаласи халқаро, регионал ва маҳаллий ўзгаришлар манзарасида
(Биринчи қисм)
Доктор Иброҳим Тамимий
Ҳизб ут-Таҳрирнинг муборак Фаластин
заминидаги матбуот бўлими аъзоси
Дональд Трамп маъмуриятининг кетиши ҳамда Жо Байден маъмуриятининг оқ уйга келиб, ўз вазифаларини бажаришга киришганига икки ойга яқин вақт ўтиши билан, Фаластин масаласида кўплаб саволлар кўтарила бошлади. Улардан энг муҳим саволлар: содир бўлган ўзгаришлар ҳамда Жо Байденнинг АҚШ ташқи сиёсатини юргизиши Фаластин масаласига қанчалар таъсир қилади? Хусусан, Трамп ўзининг бошқаруви давомида «Аср келишуви»га мувофиқ Фаластин масаласини йўқ қилиш учун амалий қадамлар ташлаганидан, Жўлонни яҳудий вужудига аннекция қилинганини эълон қилганидан ва бу вужуд билан мусулмон юртларидаги малай режимлар ўртасида муносабатларни нормаллаштириш келишувига раҳнамолик қилганидан сўнг энди Байден маъмурияти ички кўплаб муаммолар пайтида бу масалаларга оид қандай позицияни эгаллайди? Шунингдек, Байден Фаластин масаласини кун тартибига қўйиб, курашни эски ёки янги сиёсий қарашларга биноан давом эттирадими? У Трампнинг икки давлат ечимидан иборат эски йўлидан узоқ равишда қабул қилган режаларини бекор қилиб, яҳудий вужудига реал босимлар ўтказадими? Фаластин режими билан фракцияларнинг Байден ҳокимият тепасига келган бир пайтда сайловлар ўтказишларига АҚШнинг янги маъмурияти қандай қайрайди? Мисрнинг Фаластиндаги сайловлар якунини назорат қилиш роли қандай моҳиятга эга? Яҳудий вужудининг бу сайловларга муносабати қандай, уларга тўсқинлик қилишга ҳаракат қиляптими? Қуддуси Шариф аҳлининг сайловларда қатнашишининг сиёсий воқелиги қандай?
Ушбу саволларга жавоб беришдан аввал қуйидагиларни эслатиб ўтиш лозим: Америка дунёда биринчи давлат. У ўзининг реал рақиби бўлган Совет Иттифоқи парчалангандан сўнг олам устидан кеккайиб, ўзини унинг эгаси ва рақобатчисиз етакчиси, деб билмоқда. У дунёнинг йирик масалаларига, шу жумладан, асосан Фаластин масаласини ўз ичига олган Яқин Шарқ масаласига ўзини жавобгар, деб ҳисоблаб, айни масалаларнинг қўлидан чиқиб кетиши унинг дунё марказидан аянчли равишда қулашига, сиёсий, иқтисодий ва ҳарбий даражада ютқазишига олиб боришини яхши билади. Шунинг учун Америка бу масалаларни қўлдан чиқармайди, бошқа давлатнинг уларга аралашишига йўл қўймайди, фақат ўзи истагандек аралашишига йўл бериши мумкин. Бу нарса Европанинг, айниқса, Британиянинг минтақадаги қолган сиёсий воситалари орқали Америкага муаммолар туғдирмаслигини англатмаса-да, лекин бу муаммолар мустақил лойиҳаларни тиқиштириш ва Америка лойиҳаларига қарши чиқиш даражасида бўлмайди. Американинг дунёга ҳукмронлик қилиш туйғуси ҳануз мавжуд, хусусан, Европа заифлашиб, Америкага реал рақобатчи топилмаётган ва ўтган ўнлаб йиллар давомида унинг сиёсий воситалари кўпайган бир пайтда, Америкада халқаро йирик масалаларни ўз қўлидан чиқармаслик фикри ҳамон амалда мавжуд бўлиб турибди.
Хўш, Байден яна Фаластин масаласини кун тартибига қўйиб, курашни эски ёки янги сиёсий қарашларга биноан давом эттирадими?
Бунга жавоб беришдан олдин шуни таъкидлаш лозимки, йирик масалалар билан боғлиқ сиёсий ишларни, айниқса, Яқин Шарқ масаласини қайта кун тартибига қўйиш Америка уларни тарк этганини ёки улардан воз кечиб, бошқа йирик давлатлардан бирортаси тўлдириши мумкин бўлган сиёсий бўшлиқни пайдо қилганини англатмайди. Чунки Америка бу масалалардан воз кечса, халқаро даражада пастлаб, глобал қулашга юз тутади. Балки Американинг айни масалаларни кун тартибига қўйиши шуни англатадики, АҚШ сиёсатида ўзига хос устувор йўналишлар ҳамда кризис ва ташвишлар мавжуд. Шу боис баъзи ишларни устувор вазифа сифатида кун тартибига қўйишига, яна баъзиларини токчага ташлаб, уларни устувор вазифалардан бўшаган пайтда қайта қўлга олишига тўғри келяпти. Бу ҳол Фаластин масаласи каби устувор ва диққатни талаб қиладиган мураккаб масалаларда бўлади. Ҳозирда Американинг ўзида ички кризислар мавжуд, америкалик халқлар ўртасида бўлиниш ва сиёсатчиларининг ўзаро ёқалашиш ҳолатлари ва бундан бошқа катта масалалар бор. Америка мана шуларнинг барчасидан азият чекиб, улар билан алоҳида эътибор қаратиб шуғулланиши керак бўляпти, масалан, Яқин Шарқ масаласи каби. Чунки эҳтимолга кўра, Фаластин масаласи кун тартибидан олиб ташланиб, бу масалани йўқ қилишга жиддий ҳаракат қилинмаган ҳолда, Байден маъмурияти томонидан шу хусусда рухсат берилган доирага мувофиқ олиб борилиши мумкин. Шунинг учун ҳам биз Байденнинг Давлат департаменти томонидан берган баёнотида Фаластин масаласига умуман тўхталмаганини кўрдик ва бу одатдан ташқари ҳол. Давлат котиби Блинкен бундай баёнот берди: «Президентнинг ва шахсан менинг фикримиз шуки, фаластинликларга ҳуқуқий давлат бериш баробарида, «Исроил»нинг келажагини яҳудий давлати сифатида таъминлашнинг ягона йўли икки давлат ечимидир. Лекин, менимча, аслида қисқа вақт ичида бу борада бирор нарсага эришиш қийин бўлади». Блинкен икки томонни «ушбу жараённи мураккаблаштирадиган қадамлар ташлашдан сақланиш»га чақирди. Шунингдек, Байден аввалроқ қилган баёнотида ҳам бу масалани яқин келажакда ҳал этишни истисно этган.
Американинг бу ҳолати ўзгариши ҳам мумкин. Яъни, Байден маъмурияти вайроналар, инқирозлар ва ички босимлар остидан чиқиб, оёққа туриб, баъзи ташқи масалалар ва муаммоларни ҳал қилиш орқали муваффақиятга эришадиган бўлса, Фаластин масаласини эски йўл бўйича, икки давлат ечимига мувофиқ қайта жиддий равишда қўзғатиши мумкин. Буни Байден ўзи кетиб, ўзи билан маъмурияти ҳам тамом бўлган Трампнинг «Аср келишуви» асосида бўлмаслигини бир неча бор таъкидлади.
Байден Трампнинг икки давлат ечимидан иборат эски йўлидан узоқ равишда қабул қилган режаларини бекор қилиб, яҳудий вужудига реал босимлар ўтказадими?
Бу ерда Трампнинг режалари-қадамларидан мурод элчихонани кўчириш, Жўлонни аннекция қилиниши, муносабатларни нормаллаштиришдир. Бунга қисқача тўхталиб ўтамиз:
АҚШ элчихонасини Қуддусга кўчириш Билл Клинтон президентлиги даврида Конгресс томонидан қабул қилинган. Қарор тасдиқланишни кутиб музлатилган эди, Трамп келиб уни 2017 йил амалга оширди. Аслида, шаклан тушунарсиз бўлган бу қарор Американинг икки давлат ечимига зид келмайди. Чунки унинг матнида фақатгина элчихонани Қуддусга кўчириш айтилган. АҚШ лойиҳасига кўра, Ғарбий Қуддус Қуддуснинг ва яҳудий вужудининг бир қисмидир. Шунинг учун ноаниқ ва умумий равишда айтилган элчихонани кўчириш тўғрисидаги бу қарорни АҚШнинг ихтиёри билан амалга ошади ҳамда америкача классик версиядаги икки давлат лойиҳасига мувофиқ бўлади, деган маънода тушуниш мумкин. Шу боис биз Демократлар ва Республикачилар дохил Сенатнинг 2021 йил 5 февралда элчихонани Қуддусда қолдиришни бир овоздан тасдиқлаганини гувоҳи бўлдик, бунда Трамп кетиб, Байден келгани эътиборга олинмади ҳамда бу иш танқид ҳам қилинмади. Шунинг учун кўчириш қарори Байден маъмуриятида гарчи ўзгармаса-да, бироқ янги маъмурият бу ишни икки давлат ечими ва якуний лойиҳа нуқтаи назари бўйича амалга оширмоқчи, Трампнинг «Аср келишуви» билан эмас. Буни Блинкеннинг «CNN» телерадиокомпанияси саволига берган жавоби ҳам тасдиқлаб турибди. Ўшанда ундан Шарқий Қуддуснинг мақоми қандай бўлиши ва вазирнинг Қуддусни Фаластин давлатининг пойтахти, дея тасаввур қилиши ҳақида сўралганда бундай жавоб қилган эди: «Биз икки томоннинг тўғридан-тўғри учрашув ўтказиб, якуний мақом масалалари бўйича музокаралар олиб боришларини кутиб қоламиз. Мақсад мана шудир». Бундан олдин у «Қуддуснинг «Исроил» пойтахти бўлиб, элчихона сақланиб қолиши»ни таъкидлади. Шу сабабдан, бу қарор ўзгармайди, аммо Байден уни икки давлат ечими бўйича амалга оширади.
Жўлонни аннекция қилиш қарорини Трамп 2019 йил 25 март куни қабул қилиб, яҳудий вужудининг босиб олинган Жўлон устидан тўлиқ суверенитетини тан олди. Буни Трамп олдинги маъмуриятларнинг айни масалада қўллаб келган сиёсатларидан йироқ равишда амалга оширди. Бу қарор АҚШнинг Жўлон масаласи билан боғлиқ классик қарашларига батамом зид. Чунки бу қарашлар Жўлон масаласини реал воқелик талаби асосида эмас, балки музокаралар орқали ҳамда яҳудий вужуди билан Миср ўртасидаги Кэмп-Дэвид шартномаси доирасида ҳал этишга таянган. Шу боис, Байден маъмурияти Давлат котиби Блинкен орқали айни қарорни танқид қилганига гувоҳ бўлдик. Блинкен «CNN»га ғоят дипломатик оҳангда бундай деди: «Амалий маънода олганда, мен бугунги вазиятда Жўлонни назорат қилиш «Исроил» хавфсизлиги учун муҳим аҳамиятга эга бўлиб қолади, деган фикрдаман. Ҳуқуқий саволлар эса бошқа масала. Агар Суриядаги вазият ўзгарса, Жўлон масаласини кўриб чиқишимиз мумкин. Аммо биз ҳозир буни ҳеч қандай тарзда кўриб чиқишга яқин эмасмиз». Яъни, Байден қарорни тан олмаган ҳолда йўқ қилиш вариантини танлади. Айниқса, бу қарорнинг Жўлонда ҳеч нарсани ўзгартирмаганини эътиборга олганда, Байденга шунинг ўзи кифоя. Зеро, Жўлон 1967 йилдан бери яҳудийлар томонидан босиб олинган ҳолда турибди. Улар Жўлонни 1981 йил аннекция қилганини эълон қилишган. (Давоми бор).
Роя газетасининг 2021 йил 10 март чоршанба кунги 329-сонидан