Садир Жапаров давлат ташрифи билан Ўзбекистонга кетди
11 март куни Қирғизистон президенти Садир Жапаров Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Ўзбекистонга давлат ташрифи билан жўнаб кетди.
Жапаров Ўзбекистонга ўзи билан 20 чоғли мулозимни олиб кетган, улар орасида ташқи ишлар вазири Руслан Казакбаев, бош вазир ўринбосари Улукбек Кармишаков, қатор вазирлик ва идоралар раҳбарлари, Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Ибрагим Жунусов ва парламентнинг бир депутати бор.
Изоҳ: Каримов президентлиги даврида миллий хавфсизлик ва исломий таҳдиднинг олдини олиш баҳоналари остида минтақа давлатлари билан алоқаларини деярли узиб ташлаган эди. Қўшни давлатлар билан чегараларни бир томонлама ёпиб ташлаган, баъзи қўшнилар билан виза режимини жорий этган, қариндош-уруғ, қуда-андачилик алоқалари узилишига сабаб бўлган эди. Буларнинг барчасига унинг табиатидаги қўрқоқлик ва ҳар бир ҳолатдан ўз ҳокимияти учун хатар кўриши сабаб эди.
Мирзиёев ҳокимият тепасига келгач, ўзини халқаро ҳамжамият олдида ислоҳотчи сифатида намоён қилиш илинжида ичкарида бир қатор қисман ислоҳотларни ўтказиб, халқ учун озроқ енгиллик бериш билан бир қаторда қўшни давлатлар билан ҳам алоқаларни яхшилашга киришди. Каримов даврида ёпиб ташланган чегаралар очилди, борди-келди енгиллашди, давлатлар ўртасида олий даражадаги ташрифлар, турли учрашув ва йиғилишлар бўлиб ўтди.
2016-йилнинг 22-31-октябр кунлари Боткен ва Ўш шаҳарларида Ўзбекистон-Қирғизистон давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш масалалари бўйича Ўзбекистон ва Қирғизистон Ҳукумат делегациялари ишчи гуруҳларининг учрашувлари бўлиб ўтди. 2017-йил 13-14-март кунлари Тошкентда Ўзбекистон-Қирғизистон вазирликлараро сиёсий маслаҳатлашувларининг навбатдаги раунди бўлди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев президент Алмазбек Атамбаевнинг таклифига биноан 2017 йил 5-6 сентябр кунлари давлат ташрифи билан Қирғизистон республикасида бўлди. Жавоб ташрифи сифатида Алмазбек Атамбоев 5-6 октябр кунлари давлат ташрифи билан Ўзбекистонга борди. Атамбаевдан кейин президентлик лавозимини эгаллаган Сооронбай Жээнбеков 2017-йил13-14-декабр кунлари расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлди. Ташриф давомида молия, фан ва божхона соҳаларидаги ҳамкорлик жиҳатлари муҳокама қилинади ҳамда томонлар тегишли ҳужжатларни имзоланди.
2018-йил 30-мартида Фарғонада Ўзбекистон ва Қирғизистон бош вазирлари раислигида икки давлат чегарадош вилоятлари раҳбарлари кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Ушбу учрашувларда кўтарилган асосий масала – чегара муаммолари бўлди. Бироқ, икки давлат раҳбарлари ҳам, расмийлари ҳам бу муаммони хал қилиш учун нима қилиш керак деган масалада, чегара чизиқларини белгилаш, бахсли ҳудудлар муаммосини ўзаро ер алмаштириш орқали хал этишга эътибор қаратишди-ю, аммо дини бир, қибласи бир, бозори ва мозори бир бўлган икки қардош халқ ўртасидаги сунъий чегараларни батамом йўқ қилиш масаласи ҳақида ўйлаб ҳам кўришмади. Чунки, икки халқ вакиллари ҳеч бир тўсиқ ва қийинчиликларсиз ўзаро борди қилиш имконига эга бўлишлари учун чегараларни йўқ қилиш улар имкониятидаги иш эмас. Бунинг учун уларда сиёсий ирода ҳам, сиёсий эрк ҳам йўқ. Улар ўзаро яхши қўшничилик алоқаларини ҳам қудратли давлатлар, хусусан, Россия манфаатларига зид келмайдиган йўсинда олиб боришади. Масалан, 2016-йилнинг октябр ойида бўлиб ўтган давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш бўйича эришилган келишувлар – барча назорат ўтказиш пункт (КПП)ларни очиш, ҳар икки давлат фуқаролари чегаралардан шахсий эҳтиёжи учун товар ва махсулотларни эркин олиб ўтиши – йил охирига бориб деярли тўхтаб қолди. Сабаби, бу келишувларга ўзбек куч органлари, айниқса Давлат хавфсизлик хизмати розилигисиз эришилган эди. Маълумки, Ўзбекистон ДХХси мамлакатда қудратли кучга эга ва бу хизматга Россиянинг таъсири кучли…
Шу сабабли ҳам бу каби таъсир остидаги давлат раҳбарлари учрашувидан катта ўзгариш ва натижаларни кутиш керак эмас. Улар учрашувларда стандарт ибораларни ишлатиб, тузиладиган битим ва шартномаларида ҳам хожаларининг “думини” босиб олмаликка ҳаракат қилишади.
Абдураҳмон Одилов