Ўзбекистон Афғонистонга электр энергия етказиб беришни кўпайтирди
Ўзбекистон Афғонистонга экспорт қилаётган электр энергияси ҳажми 400 мегаваттга етказилди. Бу ҳақда “Tolonews” Da Afghanistan Breshna Sherkat (DABS) га таяниб хабар берди.
Компания маълумотига кўра, мамлакатда электр таъминотини яхшилаш учун импорт қилинаётган электр энергиясини 450 мегаваттга етказиш бўйича чоралар кўриляпти.
Бир муддат Ўзбекистондан келаётган электр энергия ҳажми 150 мегаваттга тушиб қолган. Натижада сўнгги кунларда пойтахт Кобулнинг баъзи туманларида фақатгина 20 дақиқа давомида электр энергияси билан таъминланган.
Маълумотларга кўра, сўнгги 18 йилда халқаро ҳамжамият Афғонистонда инфратузилмани яхшилаш учун 4 млрд доллар ажратган. Шунингдек, DABS ҳар йили Ўзбекистонга электр энергияси учун 100 млн доллар тўлайди. Аммо тармоқда қачон узилиш бўлиши ва у қачон бартараф этилишини аниқ билиб бўлмайди.Ўчиришга қадар Афғонистон Ўзбекистондан 450 мегаватт электр энергияси импорт қилган. Ҳозирда расмий Кобул ўз ички имкониятлари билан 160 мегаватт электр энергия етказиб бера олади.
Сўнгги 18 йилда Афғонистон Эрон, Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистондан электр сотиб олган, аммо ўз ички ресурсларига инвестиция киритмаган.
Изоҳ: Мана қарйиб 20 йилдирки Ўзбекистон фуқаролари қиш келишини юрак ховучлаб кутиб олишади. Сабаби, ёз ойларида ҳам пайдар-пай ўчиб турадиган электр энергияси қиш ойларида деярли берилмай қўйилади. Оддий халқ газ ва свет муаммосига дуч келаверганидан бу тақчилликларни енгиб ўтиш учун муқобил иситиш воситаларини топишга ҳаракат қилиб келишади. Одамлар газ ва свет йўқлигига шу даражада кўникиб кетишганки, буларнинг узлуксиз таъминоти ҳақида орзу ҳам қилмай қўйишган.
Бу йил ҳам ҳаво ҳароратининг кескин совуб кетиши Ўзбекистон халқининг шундоқ ҳам қийин кечаётган ҳаётини янада мураккаблаштириб юборди. Газнинг йўқлиги, электр токи узилишлари сурункали тус олганлиги сабабли, қодир бўлгани кўмир билан, кўмир бўлмаса тезак ёки уйидаги мевали дарахтлар ё кўча куйдаги дарахтларни кесиб келиб уйларини бир амаллаб иститаётган оилаларни шошилтириб қўйди. Газ ва электр таъминотидаги беқарорликлар сабабли ҳар йили қуз-қиш мавсумида ўнлаб одамлар қурбон бўлади. 16 декабр куни Шавкат Мирзиёев ҳукумат йиғилишида 2020 йил бошидан бери 106 инсон ис гази ва газ чақнашидан ҳалок бўлгани, 190 нафар инсон эса заҳарлангани ва куйиш тан жароҳати олгани ҳақда айтган эди.
Ўзбекистон ҳукумати бўлса ўз халқи эҳтиёжи ва муаммоларини эътиборга олмай фақат ўзлари оладиган даромад ҳамда халқаро келишувларни бажаришнигина ўйлайди. Халқни эса қишли, аёзли кунларда совуқ билан юзма юз қолдириб келмоқда.
Абдураҳмон Одилов