Мамлакатдаги ўрта мактабларда ҳукуматнинг Исломга қарши сиёсати қўлланмоқда
Jyllands-Posten газетасида чиққан мақолада келишича, бир қатор ўрта мактаблар директорлари ўқувчиларнинг мактабда намозни адо этишларига нисбатан ўз муносабатларини билдиришган. Улар якдиллик билан, ўқувчиларнинг мактабларда намоз ўқишлари ёки уларга барча ўқувчилар фойдаланиши мумкин бўлган бўш хона берилиши мумкин эмаслигига қарор қилишган. Бош директор Биргит Федроссо катта шаҳарлардаги кўплаб мусулмон ўқувчилар ўқийдиган ўрта мактабларда намоз ўқишни тақиқлашга қаратилган умумий сиёсат борлигини тан олган.
Айни шу мақоланинг ўзида интеграция вазири Маттиас Тесфае ушбу тақиқни «танаффус пайтида ўқувчиларнинг намозга чақирилиши тасаввур қилиб бўлмайдиган ҳолдир», дея изоҳлайди.
Ушбу мамлакатда даъво қилинаётган «диний эркинлик»нинг мусулмонларга тегишли эмаслиги яна бир бор намоён бўлди. Уларнинг мунофиқлигини янада очиб қўяётган нарса шуки, ўрта мактабларда кўзланаётган асл мақсад ўқувчиларни эркинликнинг либерал қадриятлари асосида «тарбиялаш» эканлигидир. Кўпинча турли ўрта мактабларда хилма-хиллик, бағрикенглик ва универсаллик каби фикрларга тарғиб қилинади. Шунга қарамай, ўқувчилар Ғарбнинг қўш стандартлари доирасида таълим оладилар.
Намозни тақиқлаш сиёсати шуни кўрсатадики, Ислом дини ҳақида гап кетганда тарафкашлик одатий ёндашув ҳисобланади. Бошқа жамиятлардаги каби Дания парламентида мусулмонларга қарши дискриминация кенг тус олиб, мустаҳкам сиёсатга айланди.
Тақиқ қўлланишига қонуний тус бериш учун мактаб директорлари турли баҳоналардан фойдаланишмоқда. Баъзилари илмонийликни баҳона ўрнида қўллашмоқда ва бу зиддиятли баҳонадир. Чунки илмонийлик ҳаёт ҳақидаги турли қарашларга эга бўлган кишиларнинг барчасини ўз ичига олишини аниқ даъво қилади. Бироқ тақиқ сиёсати бунинг тамоман аксини кўрсатмоқда. Чунки «нейтраллик», деган нарса яна бир аҳмоқона изоҳ бўлиб, ундан ўрта мактаблар диний муассаса эмас, балки нейтрал-бетараф жойлар, деб даъво қилишда фойдаланилмоқда. Ундай бўлса, айрим ширкат ва университетлар «нейтрал» эмасми? Чунки улар ишчи ва ўқувчилар учун намозга алоҳида хона ажратиб беради-ку. Ҳақиқатда бу даъво аҳмоқона даъводир.
Мактаблар бош директори ва интеграция вазири «ижтимоий назорат»ни ҳам баҳона қилишади. Ижтимоий назорат ўқувчига намоз ўқиши учун бошқа ўқувчилар томонидан «босим ўтказилиши»дан бўлган қўрқувдир. Эркак-хотин аралаш бўладиган ўтиришларга ёки ичкиликбозлик қилинадиган тунги гаштакларга боришлари ёки маълум турдаги кийимларни кийишлари учун ўқувчиларга босим ўтказилган пайтда ушбу қўрқув қаёқда эди? Кейин, ўз ихтиёрлари намоз ўқишни истамайдиган мусулмон ўқувчилар бор, деган гапга далил борми?!
Ушбу изоҳларнинг барчаси асоссиз ва кулгилидир, шунингдек, улар кўпроқ мутаассиблик ва иккиюзламачиликни намоён этади. Тақиқ сиёсатининг ҳақиқий изоҳи шуки, ўрта мактаблар Дания ҳукуматлари қабул қилган Исломга қарши сиёсатни қўлламоқда. Чунки исломий рамзлар, турмуш тарзи, қадриятлар ва исломий ўзлик давомий сиёсий қаршиликларга учрамоқда. Ҳатто интеграция вазири Маттиас Тесфае мусулмонларнинг намоз ўқишини «жанг ҳайқириғи» деб атади.
Намоз исломий ўзликнинг асосий устунларидандир. Бундан ташқари, ўрта мактабларда авж олаётган шармандали турмуш тарзлардан фарқли ўлароқ, намоз учун алоҳида хона ажратилиши соғлом муҳит ва муносиб исломий турмуш тарзининг марказий нуқтаси бўлиши ҳам мумкин. Бу эса, кўпинча юқори синфда ривожланаётган шармандали ҳаёт тарзининг аксидир. Зеро, турли байрамлар ўтказиш, ичкиликбозлик ва фаҳш ишлар ўрта мактабларнинг ажралмас қисмига айланган.
Биз оила бошлиқлари ва мусулмонлар вакилларини ўрта мактабларда намозга рухсат берилиши учун мактаблар маъмуриятига босим ўтказишга чақирамиз. Модомики, мусулмон эканмиз, мусулмон ўқувчиларга ўзликларини сақлашда – айниқса бу ўзлик шубҳа остига олиниб, тақиққа йўлиққанда – кўмаклашишимиз лозим. Улар мана шу йўл билан Ғарбнинг иккиюзламачи меъёрлари қаршисида сабот билан турадилар. Шунингдек, Ислом қуввати шу тарзда юксалади.