بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Судхўрлик ва хусусийлаштириш ривожланаётган давлатлар иқтисодиёти учун даҳшатли офатдир
Устоз Абу Ҳамза Хутвоний
Агар ривожланаётган давлатларнинг ҳозирги иқтисодиётини вайрон қилган омилларни ўрганадиган бўлсак, уларни парчалаган асосий нарса судхўрлик ва хусусийлаштириш эканини, ўсиш суръати ҳар қанча юқори бўлмасин, бу икки иллат давлатни емириб юборганини гувоҳи бўламиз. Мисол тариқасида Туркияни олайлик. Турк халқи улкан ғайратга эга жонли халқ. Саноат, меҳнат ва ишлаб чиқаришда ҳамма билим, маҳорат, юксак қобилият шу халқда. Бироқ судхўрлик ва хусусийлаштириш турк халқининг барча қобилияту жонлилигини ўлдирмоқда, олдида камбағаллик, ишсизлик, инфляция ва иқтисодий депрессиядан бошқа нарса қолдирмаяпти.
Турк валютаси тинимсиз пастлаб бормоқда. Ўтган йилги худди шу пайтга нисбатан лира қиймати 30 %га пастлади. Давлат ўзининг қаттиқ валюта балансидаги жиддий пасайишни тўхтатиб қололмади. Шу боис президент Ражаб Тоййиб Эрдоган Туркия Марказий банк директорини ишдан бўшатишга ҳамда ўз куёви Барот Албайроқни Молия вазирлиги лавозимидан олишга ҳамда иқтисодий вазият издан чиқиши ва валюта беқарорлиги жавобгарлигини уларга юклашга мажбур бўлди. Улар унинг фоиз ставкаси ошишини пасайтиришга берган буйруғини тўлиқ бажарган бўлишларига қарамай, уларнинг ўрнига – ўзининг аввалги одатий сиёсатига зид равишда – фоиз ставкасини ошириш қоидасини қабул қилган шахсларни тайин этди.
Турк ҳукумати лира барқарорлигини мустаҳкамлаш учун 2018 йилдан бери ўзининг қаттиқ валюта захирасидан катта қисмини сарфлади. Бироқ фойдаси бўлмади. «Голдман Сакс груп» экспертларига кўра, Туркия бу йил 100 миллиард доллар йўқотган, бу эса, давлатнинг айни валюталари балансининг кемирилишига олиб келди.
Марказий банк лира муомаласини яхшилаш учун қарз берувчилардан ўнлаб миллиард доллар қарз олди, лекин бундан ҳам айтарлик натижа чиқмади.
Туркиянинг ташқи қарзи 2002 йилда 112 миллиард доллар эди. 2016 йилга келиб бу 431.4 миллиард долларга етди. Инфляция даражаси 25 %дан ошди. Ишсизлик эса, 12 % га яқинлашди. Шу пайтгача бу муаммога фоиз ставкасини пасайтириш ёки оширишдан иборат капиталистик ечим бериб келинди, бундан бошқача бўлмади.
Бу судхўрликнинг белни синдирадиган офати. Иккинчи офатга келсак, у юртнинг иқтисодиёт умуртқасига ундан ҳам даҳшатли зарба берадиган хусусийлаштириш офатидир. Дарҳақиқат, хусусийлаштириш зарари биргина валюта қадрсизланишининг ўзи билан шу даражага етдики, бутун ишлаб чиқаришнинг ҳар бир сектори бир сиқим маҳаллий ва хорижий очкўз капиталистлар қўлига ўтиши билан давлат қўлида ҳеч вақо қолмади… Улар ҳукуматдан давлатнинг корхоналарини сотиб олишди.
Хусусийлаштириш Туркияда 2003-2009 йилларда Эрдоган қудратга келган дастлабки олти йилда бошланди. Ўшанда шакар заводлари, ем-хашак заводлари, гилам фабрикалари, хром конлари 30 миллиард долларга хусусий секторларга сотилди. Бу маблағ ер ости йўллари, турар-жой кварталлари ва иморатлар қурилишига сарфланди. Бир мунча ўсиш ҳаракати пайдо бўлди, бу давр вақтинчалик иқтисодий фаровонликка гувоҳ бўлди. Ана шундан кейин хорижий инвестиция кириб келди ва Туркия бозорларига 469 миллиард доллар тўкди, айни вақтнинг ўзида, қарзлар 460 миллиард долларга етди.
Кейин хусусийлаштириш жараёни янада кенгайиб, давлат қўлидаги ҳар бир нарса сотилди. Ҳукумат ўзининг газ, телекоммуникация, сигарета саноати, Турк Ҳаво Йўллари ва бошқа саноат муассасаларини сотди. Натижада, яна иқтисодий ўсиш пайдо бўлди, лекин бу ҳам вақтинча давом этди.
Хусусийлаштиришнинг иккинчи тўлқинидан сўнг Туркияга ажнабий компаниялар – хусусан, АҚШ ва Европа компаниялари оқиб келиб, уларнинг сони 20 мингтага етди. Улар ортидан юрт ажнабий сармоядорларга дарвозаларини ланг очиб берди. Бу компаниялар юртни чор атрофини кезадиган, иқтисодиётини ҳар томондан еб битирадиган бўлишди.
Шундай қилиб, давлат ўз муассасаларини иккинчи босқичда 70 миллиард долларга сотди ва яна маълум даражада ўткинчи иқтисодий ўсиш кўринди… ва ниҳоят унинг ҳам охири қаттол депрессияга олиб келди. Даромадларнинг йирик қисми ажнабий сармоядорлар киссасига келиб тушишни, у ердан қаттиқ валюталарга айланиб чиқиб кетишни бошлади. Оқибатда тез орада умумий аҳоли турмуш даражаси кескин пастлаб кетди ҳамда турк лираси кескин қадрсизланиб, яна юқори фоизли қарз олиш сиёсатига қайтилди.
Хусусийлаштириш ва судхўрлик тўловларининг даҳшатли қисқача оқибатлари мана шу.
Роя газетасининг 2020 йил 16 декабр чоршанба кунги 317-сонидан