Тожикистон ўз ерларини Хитойга бермоқда

829
0

Тожикистон ўз ерларини Хитойга бермоқда

 Тожикистон парламенти ХХР билан Тоғли Бадахшон ҳудудини Хитойга ўтказиш тўғрисида 2011 йил январ ойида тузилган давлатлараро битимни ратификация қилди. Помир ерининг 1,1 минг квадрат километри учун Хитой Тожикистоннинг ташқи қарзининг муҳим қисмини кечган. Шуни таъкидлаш керакки, парламент томонидан 100 фоиз маъқулланганига қарамай, бу факт кенг жамоатчиликдан яширилган эди. Тожикистон фуқаролари ўз ерларининг Хитойга берилиши тўғрисида фақат октябр ойида Хитой газеталаридан билиб олишди.

 Олий Мажлис (маҳаллий парламент) депутатларидан бири ҳокимият қарорини қуйидагича изоҳлаган: “…Мен бутун Помир уларнинг ҳудуди сифатида кўрсатилган Хитой императорларининг ипак карталарини шахсан кўрдим”.

 90-йилларнинг бошидан бошлаб ХХР Совет Иттифоқининг собиқ чегараларини қайта кўриб чиқиш зарурлигини эълон қилиб, Марказий Осиё республикаларига мунтазам равишда босим ўтказмоқда. Бадахшоннинг айрим туманларини ўзлаштиришга биринчи уринишлар 1992-93 йилларда амалга оширилган. Бироқ Тожикистонда фуқаролар уруши ва тоғларда ҳокимиятнинг тез-тез ўзгариб туриши Хитойни олдинга силжишини кейинга қолдиришга мажбур қилган эди.

 Имомали Раҳмон ҳокимиятининг ўрнатилиши билан икки томонлама музокаралар қайта бошланди. 1999 йили Тожикистон Маркансу дарёси яқинидаги 200 км2 майдонни ХХРга ўтказди. Янги ўзлаштирилган ер Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном вилоятининг бир қисмига айланган.

 Уч йил ўтгач, И.Раҳмон шарқий қўшнисига яна 1000 км2 майдон бериш таклифи билан Хитойга борди. Бу сафар Тожикистон Қорасув назорати пункти ўрнатилган Мурғоб вилоятининг бир қисмини йўқотди. ХХРнинг Тожикистон Республикасига нисбатан умумий ҳудудий даъволари 28 000 км2 дан ортиқни ташкил қилади. 

 Помирнинг бориш қийин бўлган жойларида Хитойни нима ўзига жалб қилади? Жавоб оддий: минерал ресурслар. Совет Иттифоқи даврида бу ерда уран, олтин ва ноёб минералларнинг йирик конлари топилган. Маҳаллий баланд тоғли кўлларда замонавий саноат учун зарур бўлган юқори консентрацияли тузлар мавжуд.

Изоҳ: Хитой ҳукумати Тожикистон томонидан “инъом” қилинган ерларда аллақачон геологик қидирув ишларини бошлаб юборган. Тожик ҳукумати эса ўзининг бу қарорини оқлаш учун “Ер ости бойликлари тўғрисида” қарорга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиб хитойликлар ишларини қонунийлаштириб қўйди.

 Иқтисодий жиҳатдан Марказий Осиёдаги энг заиф бўлган Тожикистоннинг бугунги кунда ташқи қарзи 3,1 миллиард долларни ташкил этади ва бу қарзнинг ярмидан кўпроғини Хитойнинг “Эксимбанк”идан олган. Шу сабабли ҳам тожик ҳукумати нафақат ерни бериб юборяпти, балки Хитой компаниялари учун ўз эшигини катта очиб қўймоқда.

 Расмий маълумотларга кўра, айни вақтда Тожикистондаги олтин конларини ярмидан кўпроғи  ўзлаштириш учун Хитой компанияларга ўтказиб берилган. Хитой компаниялари мазкур конларни 60 фоиз акцияларига эгалик қилмоқда.

 Бундан ташқари, Хитой ўз бюджетидан узоқ муддатли қарзлар ажратиб Тожикистонда парламент биносидан тортиб таълим муассасалари-ю маъмурий биноларгача қуриб беряпти. Тожикистон парламенти биносининг қайта тикланишига Хитой ҳукумати 1,5 миллиард юан ажратди. Аммо бирор марта Хитой ва Тожикистон ўртасидаги қарзга оид шартномалар матни ошкор этилмаган ва шартлари аниқ кўрсатилмаган. Шартлар аниқ кўрсатилмаган бўлишига қарамай Хитойни берган қарзларини пул кўринишида қайтариб олиш қизиқтирмайди. Балки у қарздор давлатдан ер ва ер ости қазилма бойликлари ҳисобидан тўлашни шарт қилади.

 Айрим манбаларда келишича, Хитойнинг инвестицияга доир шартномасида бир махсус банд мавжуд. Унга биноан давлатлар Хитойдан олган қарзлари эвазига ўз мустақиллигининг бир қисмидан воз кечишлари лозим, шу жумладан Хитой билан халқаро судда тортишиш ҳуқуқидан ҳам маҳрум бўладилар.

Тожикистон ва бошқа “учинчи олам” давлатлари Хитой ёки бошқа давлатлардан олган қарзларининг ҳеч бўлмаганда бир қисмини ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун шароит яратиб берувчи станоксозлик, машинасозлик каби оғир саноат тармоқларга сарфлаш ҳақида ҳатто ўйлаб ҳам кўришмайди. Саноат ривожланишининг гарови бўлган оғир саноат йўлга қўйилмас экан, бизнинг юртларимизда ҳатто оддий парламент биносини ҳам ёки ерга асфалт ётқизишни ҳам ўзимиз эплай олмаймиз! Чунки ҳар бир иш учун ўзига мос техника ва керакли анжомлар лозим бўлади. Бу анжомларнинг деярли ҳаммаси оғир саноатга алоқадор корхоналарда ишлаб чиқарилади.

Абдураҳмон Одилов

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here