“Мармелад” конституция
Чеховнинг “мармелад” ҳикояси ёдингиздами? Бир куни Чеховнинг олдига ўзларини сиёсат билан қизиқувчи одамдай кўрсатган уч аёл келиб, ёзувчини суҳбатга тортишади:
– Антон Павлович, сизнингча уруш нима билан тугайди?
– Тинчлик билан…
– Ҳа, албатта, аммо ким ғалаба қозонади. Юнонларми ёки туркларми?
Саволлар шу тарзда давом этади ва Чехов уларга умумий равишда жавоб беради.
– Сиз кимларни кўпроқ яхши кўрасиз, юнонларними ёки туркларними, – деди аёллардан бири. Антон Павлович айтади:
– Мен мармеладни яхши кўраман, сизчи…
– Оо, мен ҳам жуда яхши кўраман, – дейди аёл.
– У қандай ҳам ажойиб, – деди иккинчиси.
Шундан сўнг суҳбат мармелад устида давом этади, сиёсат бир четда қолади.
Энди мавзуга қайтамиз. Қирғизистонда азоб чекаётган халқ яхши ҳаёт умидида ҳар доим исён кўтариб, ўз жонларини беришмоқда. Сиёсатчилар эса бунга жавобан ҳар доим констутциявий ислоҳотлар масаласини кўтаришади. Кейин мунозара бошқарув тизимига ўтади. Сўнгра халқнинг фикри референдумга қаратилади ва охир-оқибат халқ “мармелад” тишлаб қолаверади.
Мана навбатдаги “октябр тўнтариши” ҳам шу йўналишда бормоқда. Ҳозир халқ ичидаги мунозара фақат янги констутиция тўғрисида бўлиб қолди. Янги ҳукумат президент бошқарувини олдинга сурса, мухолифат парламент бошқарувини сақлаб қолишга интилмоқда.
Сиёсатчилар доимо “Конституция дахлсиздир”, “Конституция муқаддасдир”, “Конституция бу – императив қонун” сўзларини ишлатиб келишади. Аслида ҳозирги конституциялар “дахлсиз” эмас, балки “қўл сочиқ” кабидир. Акаев биринчи конституция тўғрисида “бу бир асрга ёзилди” деб айтганди. Бироқ, унинг ўзи тўрт марта “дахл” қилди. Бакиев даврида 2 ой ичида 2 марта ўзгартирилди, умумий ҳисобда эса уч марта ўзгартирилди. Кейинчалик “Вақтли ҳукумат” аъзолари янги конституция тузишди ва 2020-йилга қадар тузатишлар киритишга мораторий жорий этилди, аммо Атамбаев 2016-йилда унга ўзгартиришлар киритди. Ушбу конституциялар уларни ишлаб чиқувчилар томонидан “қўл сочиққа” айлантирилиши унинг ҳеч қандай “муқаддас” эмаслигини ҳам англатиб турибди.
Энди, амалдаги конституциялар “императив қонун” эмаслигига алоҳида эътибор қаратишга арзийди. Чунки бу оламий сиёсатга тааллуқли. Иккинчи жаҳон урушида ғалаба қозонган державалар дунё давлатларини ўз чангалида ушлаб туриш учун БМТ ташкилотини ташкил этишди. Шундан бошлаб дунёдаги давлатлар конституциялари БМТ Низомига мувофиқ ишлаб чиқиладиган бўлди. Бу йирик мустамлакачи кучлар ўз ҳукмронликларини янада мустаҳкамлаш ва кенгайтириш мақсадида БМТ Уставига мувофиқ 1960-йиллардан бошлаб Вена конвенцияси қонунларини қабул қилиб келинмоқда. Бу қонунлар расмий равишда дунё мамлакатлари учун мажбурий меъёрлар ҳисобланади. Империатив сўзининг луғавий маъноси – иккиланмасдан итоат қилишни англатади. Шу сабабли, атамада, Вена конвенциясининг қонунлари императив нормалар деб номланади. Демак, биздаги конституциялар ҳеч қандай императив қонунлар эмас. Уларнинг устида Вена конвенцияси туради.
Халқаро сиёсатга келсак, мустамлакачи кучлар бизнинг конституциямиздаги бошқарув тизими қандай бўлишидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланишади. Масалан, ҳозир Қирғизистонда президентлик бошқаруви бўлиши Россия манфаатларига мос келади. Чунки, у ўз мустамлакачилигини бир шахс орқали амалга оширишдан манфаатдор. Агар президент катта ваколатларга эга ва россияпараст бўлса у билан шартномалар тузиш ва уларни амалга ошириш осонроқ бўлади. Мабодо Россия мустамлакачилигига қарши ҳаракатлар жиддий тус олса, у ҳолда мамлакатни иқтисодий босимдан тортиб, турли беқарорликлар келтириб чиқариш билан таҳдид қилади. Агар вазият янада ёмонлашса, расмий президентнинг ёрдам сўраши баҳонасида ҳарбий жиҳатдан кириб, ўрнашиб олади.
Ғарб эса Қирғизистонда парламент бошқаруви бўлишидан манфаатдор. Агар парламент бошқаруви бўлса, улар ҳукмрон коалицияни тарқатиб юбориш ва кейин янги ҳукумат тузиш билан россияпараст ҳукуматга муаммолар туғдиришади. Инсон ҳуқуқлари, сўз эрикнлиги, судларнинг мустақиллиги ва бошқа соҳалар бўйича қонунлар қабул қилдиришади. Чунки, ушбу қонунлар орқали ғарбпараст сиёсатчиларнинг россияпарастларни танқид қилишига йўл очилади, ўзлари эса жазо чораларидан қутилиб қолишади. Шу тарзда Ғарб ўз кадрларининг халқ орасида обрўсини оширади. Ҳукуматга аралаштиради ва қулай вақт келганида улар орқали россияпараст ҳукуматга қарши қуролли қўзғалон кўтаришга ҳам олиб боришади. (Бироқ, ўзлари “муаммо тинч йўл билан хал этилиши тарафдоримиз” деб, “тимсоҳнинг кўз ёшини” тўкишади). Янги конституция лойиҳасига нисбатан Ғарб ташкилотлари, жумладан, Вена комиссияси, Хельсинки қўмитасининг хавотир изҳор қилишининг асоси мана шу халқаро сиёсатга бориб қадалади.
Маҳаллий сиёсатчиларнинг конституциявий ислоҳотнинг асоси бўлган бошқарув тизими бўйича келтирган асослари шунчаки қуруқ гаплар холос. Масалан, “парламентлик бошқарувидан воз кечсак, 20 йил орқага қайтамиз” дейишмоқда. У ҳолда президентлик бошқарувидаги Америка биздан орқадами? Қарши томон бўлса, “президент бошқарувисиз коррупцияга қарши кураша олмаймиз” деб айтмоқда. Биз супер президентлик тизимида супер коррупция схемалари ишлаганини жуда яхши биламиз. Ҳозир ҳам шундай бўлмаслигига қандай кафолат бор?
Гап шундаки, ҳар икки тизим ҳақида гапираётганларнинг барчаси халқни яхши ҳаётга олиб боришни ваъда қилишмоқда. Бошқа сўз билан айтганда, реформалар орқали иқтисодиётни кўтарамиз ва бу орқали давлат ривожланади дейишмоқда. Аммо, аслида ривожланишнинг асосий омили иқтисодиёт эмас. (Бу мавзуга ҳозир тўхталмаймиз). Ҳозирги оламий ва халқаро тузумда улар айтаётган иқтисодий тараққиётни амалга ошириш мумкин эмас. Чунки, демократия ниқоби остидаги оламий империалистик-капиталистик тузум ҳеч қачон 3-дунё давлатларининг иқтисодий ривожланишига йўл қўймайди. Ушбу тузум бизнинг бойликларимизни талон-тарож қилиш, халқимизни қул қилиб эзиш асосига қурилган. Бу бузуқ демократик тузумда бизга фақат уларнинг имонсизлиги, динсизлиги, худбинлиги, очкўзлиги, фохишабозлиги ва шуларга ўхшаш нарсаларигина киниб келади. Бу тузумга бўйсуниш орқали – мустамлакачиларнинг бузуқ ҳаётини таъминлашдан ташқари – ўзимиз ҳам бузуқ ҳаёт кечирадиган қулларга айланиб қолаверамиз.
Булардан ташқари, паралмент бошқаруви тарафдорлари “ҳокимият бир қўлда тўпланади” дейишмоқда. Аслида, ҳокимият табиатининг ўзи шуни талаб қилади. Шу сабабли, президентлик бошқарувида президент, парламентлик бошқарувида бош вазир ҳокимиятни ўз қўлида жамлайди. Акс ҳолда, ҳокимиятга интилишдан нима фойда. Агар шундай бўлмаса ҳокимиятини йўқотади. Бироқ, мустамлака давлатлар ҳокимлари бундай хусусиятга эга эмаслар. Сабаби, уларда ҳақиқий ҳокимият мавжуд эмас. Қайси мустамлакачининг таъсир кучли бўлса, ўшанинг малайи ҳокимият тепасида бўлади.
Мана шуларни билиб турсада, аввали “юрт отаси”, ўртаси “юрт оғаси” мақомига эга бўладиган баъзи сиёсатчиларимиз “Биз учун асосий таҳдид – шариатни ҳаётга татбиқ этамиз деганлардир. Бундай ҳолда биз бирлашиб, дунёвий тузумни сақлаб қолишимиз керак”, дейишмоқда. Демак уларга имонсизлик, динсизлик, хубинлик, бесақолбозлик… кабиларни олиб келган дунёвий тузум ёқар экан. Улар ўз хожаларининг бойликларимизни талон-тарож қилишига, хўжайинлари ташлаган суяк эвазига бизларни уларга қул қилиб беришга рози эканлар. Ўзаро суяк талашиш бошланганда эса, халқни бир-бирига қарши солиб қўйиб, ўзлари конституциявий ислоҳотлар билан машғул бўладилар. Хўп, майли дейлик, улар-ку шундай экан, сизларчи эй одамлар! “Мармелад”га тўймадингизми?!
Аслида, сизлар яхши ҳаёт умиди билан яшамоқдасизлар. Бироқ, бунинг йўлини топа олмаяпсизлар. Уни топиш учун ўзингларни мусулмон эканлигингизни эсланглар. Сизлар ҳокимиятдагиларни муҳосаба қилаётганингизда буни демократ бўлганингиз учун қилмадингиз. Сизлар мусулмон боболарингиздан мерос бўлиб қолган “яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариш” менталитети сабабли ҳокимларни муҳосаба қиляпсизлар. Ўзлигингизга қайтинг. Исломингизни ўрганинг. Унда конституцияларнинг энг афзали – Қуръон ва Суннатга асосланган конституцияни топасизлар. Сўнгра уни ҳаётга татбиқ қилишга шошилинглар. Бу орқали икки дунё бахтига эришасизлар.
Абдулҳакийм Қорахоний