Чет элда ишлаётган ўзбекистонликлар ҳам энди солиқ тўлайди
Чет элда ишлаётган ўзбекистонликлар ўз-ўзини банд қилган шахс сифатида рўйхатга олинади ва белгиланган тартибда солиқ тўлайди.
Ўзбекистон президентининг 2021 йил 1 январидан кучга кирадиган “Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида бу ҳақда сўз боради.
“2021 йил 1 январдан бошлаб ташкиллаштирилган ҳолда хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш – ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турларига тенглаштирилади ҳамда ушбу шахсларга ўзини ўзи банд қилганлари учун белгиланган солиқларни тўлаш ҳамда пенсия миқдорини ҳисоблаш тартиби қўлланилади”, – дейилган президент қарорида.
Қарорда, шунингдек, бўлажак мигрантларнинг оила аъзолари кам таъминланган оила сифатида рўйхатга олиниб, хорижга чиқиб кетиши учун микроқарзлар берилиши ҳақда айтилган.
Изоҳ: Ўзбекистон олтин, уран, мис, табиий газ, нефт ва бошқа фойдали қазилмалар заҳираси бўйича нафақат МДҲ давлатлари ўртасида, балки дунёда етакчи ўринларни эгаллайди. Жумладан, олтин заҳираси бўйича дунёда тўртинчи, уни қазиб олиш бўйича еттинчи, мис заҳираси бўйича ўнинчи, уран заҳираси бўйича еттинчи, қазиб олишда ўн биринчи ўринни эгаллайди.
Ўзбекистон олтин экспорти бўйича етакчилик қилиб келмоқда. Мамлакат июл-сентябрь ойларида 35 тонна олтин сотиб, бу борада дунёда етакчига айланди. Жаҳон олтин кенгаши (WGC) маълумотларига кўра, йилнинг III чорагида Ўзбекистон олтин сотиш бўйича етакчи ўринни эгаллади. Бу вақт оралиғида Марказий банк 35 тонна олтин сотган. Биргина август ойининг ўзида Ўзбекистон 2,5 млрд АҚШ долларидан зиёд суммага олтин экспорт қилган. Кейинги беш йил ичида Ўзбекистонда олтин экспорти ўсиб бормоқда. Масалан, олтин экспорти 2015 йилда 823,9 млн долларни, 2016 йилда 738,2 млн долларни, 2017 йилда 1,6 млрд долларни, 2018 йилда эса 3,4 млрд долларни ташкил этди.
Булардан ташқари Ўзбекистонда 1800 кондан иборат фойдали қазилмалар бўлиб, уларнинг мингга яқини ишлатилади ва 118 турдаги минерал хомашё мавжуд бўлиб, уларнинг 65тасидан фойдаланилмоқда. Мутахассислар томонидан Ўзбекистоннинг минерал заҳиралари тахминан 3,5 триллион доллар деб бахоланади.
“Ўзбекнефтегаз” миллий холдинг компанияси табиий газ қазиб олиш бўйича дунёда 11 ўринни эгаллайди ва ҳар йили 60-70 млрд метр.куб газ қазиб олади. Ўзбекистонда нефтнинг геологик заҳираси – 5 млрд тонна, тасдиқланган заҳираси – 530 млн тонна, табиий газни геологик заҳираси – 5 трлн метр. куб, тасдиқланган заҳираси – 3,4 трлн метр.кубни ташкил этади ва ҳар йили 3,5 млн тонна нефт қазиб олинади. Буларга қўшимча, Ўзбекистонда ҳар йили 3,5 миллион тоннага яқин пахта етиштирилади ва 1 миллион тонна атрофида пахта толаси экспорт қилинади. Ўзбекистон ҳар йили 15 миллиард долларликдан зиёд пахта, олтин, уран, табиий газ ва минерал ўғитлар экспорт қилади. Аммо, афсуски, бу бойликлар хузурини ҳукумат тепасидаги бир ховуч шахсларгина кўриб келмоқда, оддий халқ эса…
Аммо, шунча бойликларга эга бўлишига қарамай миллионлаб ўзбекистонлик халқи чет элларга, хусусан, Россияга меҳнат муҳожирлигига чиқиб кетган ва асосан қора меҳнат билан банд. Расмий ҳукумат уларни ўз ватанида керакли иш ва эҳтиёжига етарли маош билан таъминлаш каби ўз зиммасидаги вазифани бажариш ўрнига, шу меҳнат муҳожирлари ўзга юртларда хорлик ва зорлик билан топаётган маблағга ҳам шерик бўлмоқда. Чет элларда ишлаб, пул топиб оила аъзоларини таъминлаб келаётган мигрантлар пулига кўз олайтириш эса оддий халқни кундузи талаш билан баробар қароқчиликдан бошқа нарса эмас.
Абдураҳмон Одилов