Бугун мусулмонлар давлати йўқ Умматдирлар!

0
487

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Бугун мусулмонлар давлати йўқ Умматдирлар!

Устоз Ёсир Абу Валид қаламига мансуб

Мабда-тузумга эга бўлган ҳар бир умматнинг у эътиқод қилган қонунларга мувофиқ ишларини бошқарадиган ҳамда ушбу мабдани бутун дунёга рисола сифатида олиб чиқишга ҳаракат қиладиган ўз давлати бўлиши лозим. Шу боис, Ислом рисоласи мабдани Умматга давлат орқали татбиқ қилувчи ўхшаши йўқ намунавий рисола бўлган. Шунинг учун ҳам ўзининг мусулмону ғайримусулмон фуқаролари устидан Ислом аҳкомларини татбиқ қилишда қарийб ўн уч аср давом этди. Инсонлар Аллоҳ Таолонинг аҳкомларини тўғри татбиқ этилишини ўз тажрибаларида кўрдилар. Давлат фуқароси хавфсизлик, куч-қудрат, ҳурмат, адолат, иқтисодий мўл-кўлчилик ва ҳазорий гуллаб яшнаш неъматига мушарраф бўлди.

Росулуллоҳ ﷺнинг ва ул зотдан сўнг Умматининг нурафшон позицияси тарих саҳифаларида қайд этилди. Ушбу позицияда ўз дини ва давлати билан кучли бўлган мусулмоннинг ҳолати намоён бўлди. Мана, етакчимиз Муҳаммад ﷺ ер юзидаги подшоҳларга мактублар йўллаб, мактубда уларни Исломга даъват қилдилар, дўзах азоби билан таҳдид қилдилар. Ўшанда Ислом давлати етти ёшдан ошмаганди, яъни, ҳали янги туғилган давлат эди.

Аббосий халифа Мўътасим Биллаҳнинг позициясига қаранг, ундан мусулмонларнинг давлатлари соясида кучли ва иззат-ҳурматда бўлганларига гувоҳ бўласиз. Ўшанда Мўътасим Биллаҳга бир аёлнинг «ё Мўътасим», дея нажот сўраётгани хабари келганда Умурия¹ ҳокимига мактуб йўллаб бундай дейди: «Мўминлар амиридан румликлар кўппагига мактуб: бу аёлни қамоқдан чиқар, акс ҳолда, мен сенга шундай қўшин тортиб бораманки, унинг боши сенинг олдингда, охири менин олдимда бўлади». Византия ҳокими унинг айтганини қабул қилмади ва огоҳлантирувчи таҳдидли жавоб юборди. Мўътасим унинг мактубини ўқигач, бундай жавоб ёзди: «Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Аммо баъд, мен мактубингни ўқидим ва нидоингни эшитдим, бас, бунинг жавобини ўз кўзинг билан кўрасан, эшитмайсан,

وَسَيَعْلَمُ الْكُفَّارُ لِمَنْ عُقْبَى الدَّارِ

«Яқинда кофирлар охират диёри кимники эканини билиб олажаклар»       [Оли Имрон 104]

Ўшанда Мўътасим қўшини билан йўлга тушиб, Умурияни қамал қилган. Ўшандан бери Мўътасимнинг ушбу позицияси ҳар бир замонда, аёл киши ёрдам сўраб, мусулмонлардан нажот талаб қилган пайтида айтиладиган масалга айланиб қолди.

Султон Абдулҳамид II Франция театрининг Росулуллоҳ ﷺни ҳақоратловчи саҳна асари намойиш қилаётгани ҳақида хабар топганда қандай йўл тутди?! Франция элчисини чақириб, унга қаҳрли оҳангда «Менким мусулмонлар халифаси Абдулҳамидхон, агар бу саҳна асарини тўхтатмасанглар дунёни бошларинга оғдараман», деди. Герцль ушбу халифадан яҳудийлар яшашлари учун Фаластин ерларидан жой беришни талаб қилганда унга бундай жавоб қилди: «Ушбу тупроқнинг бир қаричини ҳам сота олмайман, чунки бу замин менинг шахсий мулким эмас, Усмонли давлатнинг мулкидир. Биз бу ерларни фақат қонимизни тўкиб, кучимизни сарфлаш билан олганмиз ва уни қонимизни тўкиб, кучимизни сарфламагунимизча ҳеч кимга бермаймиз. Аллоҳга қасамки, танимни қийма-қийма қилсангиз-да, Фаластиннинг бир қарич ерини ҳам бермайман».

Мусулмонлар етакчилари ва Умматнинг эр кишилари тутган бу ва бошқа жуда кўп позициялардан мусулмон кишининг ўз тузуми ва давлатига қанчалар мустаҳкам боғланганлиги яққол кўриниб турибди.

Ҳижратнинг 1342 йил 28 ражабида мусулмонларнинг сўнгги қалъаси бўлган Усмонли Халифалик жинояткор Мустафо Камол қўли билан бекор қилинмасидан олдин Ғарб Умматга қарши фикрий кураш бошлаган. Буни у давлат ва бошқарув ҳақидаги тушунчаларга зарба бериш орқали олиб бориб, ўз фикрлари билан Умматнинг битта танасини бўлиб ташлади ва шу орқали унинг давлати ва салтанатини йўқ қилишга замин тайёрлади. Ҳақиқатда шундай бўлди ҳам.

Бунинг ортидан, ватанпарварлик, миллатчилик ва ирқчилик фикрларига замин тайёрлаш учун географик бўлиниш юз берди. Ғарб давлатлари Уммат тепасига ҳукмдорлар сифатида ўзининг малайларини ўрнатди. Улар сионизм ва империализмга қарши ўзларининг жарангдор ва баландпарвоз сохта маърузалари билан одамларни алдашарди. Уммат миясидан соғлом исломий тушунчаларни суғуриб олиш ҳаракати давом этди. Дин масжидларга, мадрасаларга, илм даргоҳларига қамаб қўйилди. Қалбаки минбарлардан заҳри қотил фикрлар берила бошлади… Кейин, жуда хавфли бир фикрни кўтариб чиқиб, уни тарғиб қилди. Бу – диннинг сиёсат ва бошқарувга алоқаси йўқ, Уммат ибодатлар билан кифояланиши керак, деган фикр бўлди. Давлатлар Қуръонни ёдлаш ва шариат дарсларини ўрганиш, масжидлар қуриб, тўгараклар очиш ва Қуръон ҳофизлари анжуманлари ўтказиш каби ишларни қўллаб-қувватлашди. Улар илгари сурган умумий таклифлар таҳорат, никоҳ, талоқ каби ижтимоий муносабатлар ва исломий маросимларга оид аҳкомларидан нарига ўтмади. Уламолардан бирортаси мана шундай чизиб берган таълим йўлидан нарига ўтишга журъат қилгудек бўлса, ё қамалди ёки қатл қилинди ёхуд сургун этилди.

Уммат режимлар ва диндорлар қўлида кишанланиб қолди. Ҳукуматлар адаштирувчи тушунчалар бериш ва авлодларни бузғунчи дастурлар билан тарбиялаш орқали Умматга қарши мунтазам саводсизлаштириш сиёсатини олиб боришди. Мусулмонларни бирлаштирувчи диний алоқаларга зарба берилиб, уларнинг ўрнига миллатчилик ва ватанпарварлик, ҳатто уруғчилик алоқаларини ўрнатиш устида иш олиб борилди.

Бироқ, Ислом қалбларда чуқур илдиз отган эди. Хоссатан мусулмонларга қарши содир этилган шунча қилмишларга қарамай, Уммат қайта оёққа туриб, жонланишга ҳаракат қилди. Давлатлар эса, Умматга макр қилиб, унинг ҳаракати меваларини йиғиб олди ва Умматни қайта кул остига кўмиб қўйди. Ана шунда Аллоҳ Таолонинг изни ила қўзғолонлар бошланиб, кул остидаги чўғ аланга олди… Уммат йиқилган еридан қайта қўзғалди… Биз уни ўз ҳокимиятини қайта қўлга киритишга муштоқлик билан ҳаракат қилаётганини кўриб-кўзларимиз қувонди. Умматнинг роҳинга мусулмонлари масаласига қанчалар жон куйдираётганига, давлатлар қаршисида мард эр кишилар позициясида турганига бутун дунё гувоҳ бўлди. Шунингдек, Уммат Росулуллоҳ ﷺни ҳақоратловчи карикатураларга қарши намойишларга чиқди, мустабид режимларга қарши ер юзининг мағрибию машриқида бир-бирларига бирдамлик билдириб кўтарилганини барчамиз гувоҳи бўлдик… Бу йўлда Уммат қурбонликлар берди, қони ва молини сарфлади. Мусулмонлар тортиб олинган қарорларини қайтариб олиш сари кескин қадамлар ташладилар. Ислом Уммати ўзининг бирлигини намойиш қилиб, бутун оламга сабоқ берди. Қандай қилиб ўзининг масаласини ҳал қилишда бирдамлигини, сохта алоқаларни парчалаганини дунёга кўрсатди. Уммат ўз ишлари билан Аллоҳ у учун танлаган диний алоқани (робитани) ифода этди.

Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таоло бу Умматга улкан бир яхшиликни ирода қилган кўринади. Чунки мусулмон ўлкаларини бошқараётган режимларнинг малайлиги яққол очилиб қолди. Зотан, бу режимлар Умматнинг муаммолари қаршисида ҳақни эшитмайдиган карларга, тушунмайдиган гумроҳларга ва ҳақ йўлини, маслакини кўрмайдиган кўрларга айлангани яққол маълум бўлди.

Яқинда ҳукмдорлар Аллоҳ Таолога ва Умматга қарши журъатли позиция билан чиқишди. Бу илгари яширинча қилишган босқинчи яҳудийлар билан муносабатларни нормаллаштиришни энди очиқ-ошкор қилиш позицияси бўлди. Ўз одатларига кўра, сарой уламолари бу қилмишларни оқлашга киришишди. Уларнинг барчаси айни хатти-ҳаракатлари билан Умматга сен ўз қарорингга ҳам эга эмассан, қадр-қийматга ҳам, дейишди.

Бироқ уларнинг умидлари ва саъй-ҳаракатлари пуч бўлиб чиқди. Чунки Умматни Аллоҳнинг Китоби ва Росулининг суннати етиштирган, ушбу Китобу шариат ҳануз Уммат қўлидадир, агар у тўғри йўлдан юрса, Аллоҳнинг Китоби ва Росулининг суннати уни яна қайта юксалтиради.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Набий ﷺнинг бундай деганларини ривоят қилади:

«مَنْ خَافَ أَدْلَجَ، وَمَنْ أَدْلَجَ بَلَغَ الْمَنْزِلَ، أَلَا إِنَّ سِلْعَةَ اللَّهِ غَالِيَةٌ، أَلَا إِنَّ سِلْعَةَ اللَّهِ الْجَنَّةُ»

«Ким (қароқчи унга етиб олишидан) қўрқса суръат билан юради, ким суръат билан юрса, манзилга етади. Огоҳ бўлингизким, Аллоҳнинг моли қимматдир, огоҳ бўлингизким, Аллоҳнинг моли жаннатдир». (Термизий ривояти).

Ҳа, Аллоҳнинг моли қиммат, демак, унга эришишни истаган кишилар енгларини шимариб, Аллоҳ Таборака ва Таолога итоат қилишда жиддий ғайрат кўрсатсинлар. Пайғамбарлик минҳожи асосидаги Халифалик давлати соясида Аллоҳнинг изни ила ўзининг талабига ва паноҳига етишиш учун сустлашмасинлар ва заифлашмасинлар. Ушбу ортида туриб жанг қилинадиган ва у билан ҳимояланиладиган қалқон соясида Ислом Уммати давлат сифатида гавдаланиб, ўзининг улуғлигини ҳимоя қилади, номусини сақлайди, Роббиси шариатини татбиқ қилади. Бу Аллоҳга ҳаргиз мушкул эмас.

¹ Умурия (Аморий) – Кичик Осиёнинг Фригида вилоятидаги Византия шаҳарларидан бири. (Ҳозирда Туркиянинг Эскишеҳир, Кутаҳя ва Афйон вилоятларига тўғри келади).

Роя газетаси сайтидан олинди

NO COMMENTS