Американинг сиёсий ечими ундан қўлни ювиб покланмоқни тақозо этмоқда

424
0

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Американинг сиёсий ечими ундан қўлни ювиб покланмоқни тақозо этмоқда

Мунир Носир қаламига мансуб

Шом қўзғолонига тўққиз йўл ўтгандан сўнг бугун сиёсий ечим деган нарса жуда кўп тилга олинадиган, Сурияга дахлдор халқаро кучлар шу ечим атрофига тўпланадиган бўлиб қолди. Ҳатто қонхўр режим ва илмоний мухолафат ҳам шу ечимнинг татбиқ этилишини, унинг бандлари ижро этилишини талаб қилмоқда.

Хўш, бу қандай ечим? Барчанинг манфаати шу ечимга тақалиб қолдими? Альтернатива нима?

Шом қўзғолонини кузатиб келаётган киши Сурияга биринчи марта 2012 йил ёзида Женева конференцияси орқали аралашилганига гувоҳ бўлади. Ўша конференцияда, Суриядаги мавжуд вазият учун ечим сифатида, Америка танлаган сиёсий ечимга бандлар ишлаб чиқилди. Ундаги энг муҳим банд Асад режимининг ҳарбий ва хавфсизлик аппаратини сақлаб қолишдан иборат бўлди. Бу аппаратларнинг қўзғолонда ҳам, ундан аввал ҳам содир этган шунча жиноятлардан кўз юмилди. Яна бир муҳими «терроризм»га қарши кураш банди. У қўзғолонни жиноятчи режимни ағдариш курашидан чалғитиб, «терроризм»га қарши кураш томонга буришга қаратилган банддир. Мана шу «терроризм»га қарши кураш қўзғолончи гуруҳлар бўйнига қилич қилиб тақаладиган ва Американинг кўрсатмасига қарши чиққанларга шу дастак билан курашиладиган бўлди. Яна бир муҳим банд ўтиш даври ҳукумати бўлиб, унда қонхўр режим билан халқаро разведка йўлакларида тайёрланган илмоний мухолафат ҳамкорлик қилиши айтилди.

Биз Сурия масаласида ўтказилган барча конференцияларни, учрашувларни ва ҳатто халқаро ҳарбий аралашувларни кузатадиган бўлсак, уларнинг барчаси Американинг сиёсий ечимини амалга оширишга қаратилганига гувоҳ бўламиз. Мисол учун, 2015 йилдаги Россиянинг аралашувига қарайлик. Путин бундай деган: «Сурия кризисидаги ягона ечим ҳукумат муассасалари фаолиятини кучайтириш ва уларни терроризмга қарши курашдаги ролини қўллаб-қувватлашдан иборат. Бир вақтда, уларнинг ислоҳотлар ўтказиш талабларини қондириш ҳамда ақлирасо мухолафатни конструктив диалогга киришга рағбатлантириш ҳамдир». Туркия, Эрон ва Россия ҳар сафар учрашганда Суриядаги мавжуд кризиснинг сиёсий ечимига эришиш учун сиёсий музокара ўтказишга ва кенг кўламли оташкесимга эришишга келишишди.

Кўп бор таъкидлаб келганимиз ҳақиқат шуки, бу сиёсий ечимни чизиб, бандларини белгилаб берган Америка бўлди, бошқа давлатларга эса, мана шу ечимни ижро этиш ва амалга ошириш роли топширилди. Ҳалигача бу ечим бажарилмаган бўлса-да, бироқ ҳар бир босқичда уни татбиқ қилишга рози бўлувчи бир муҳит ва шароит яратишга уринилмоқда. Масалан, вақти-вақти билан қулоқларимизга конституциявий комиссия ва унинг фаолияти ҳақидаги гаплар чалинмоқда… Кейин бир зумда у ўчиб, ортидан музокараларнинг олий органи қаршимизга чиқиб, режим билан музокара ўтказиш ҳақида гапирмоқда. Кейин булар тўхтаб-тўхтамай, яна бошқа нарса айтиляпти… ва ҳоказо. Биз бу ишлардан мақсад, режим билан музокара қилиш ва у билан бир столда ўтиришга афкори оммани рози қилувчи муҳит яратишдан иборат эканини кўряпмиз.

Шуни англамоғимиз лозимки, Америка Женевада таъсис этган ва кейинги турли конференцияларда уни амалга оширишга тайёргарлик кўраётган ушбу сиёсий ечимдан қонхўр режимни сақлаб қолиш ва унинг бутун структурасини мустаҳкамлаш мақсад қилинган. Америка Россияни аралашишига ва жинояткор Асад режимини мудофаа қилишига ҳам азбаройи мана шу ечим учун рухсат берди. Айнан шу ечим учун Туркия билан Эронни киритиб, музокаралар ва конференциялар ўтказди. Бу эса, бизни бугунги аҳволимизга олиб келди. Масалан, шимолдаги қўзғолон ҳудудларида аянчли равишда мағлубиятга учраш, бепоён минтақаларни режимга – унинг заиф бўлишига қарамай – топшириш каби аҳволга солиб қўйди.

Сиёсий ечимнинг энг оз ёмонлиги эски жиноятчи режимни янги ном билан қайта тиклашдир. Мудом, бу ечимнинг воқелиги шу экан, демак, Шом қўзғолони фарзандлари унга қарши чиқмоқлари, ҳатто бундай улкан макрни муваффақиятсизликка учратиб, барбод этишга жиддий ҳаракат қилмоқлари даркор. Агар бу сиёсий ечим татбиқ қилинса, қўзғолон ниҳоясига етади ва у берган шунча йирик қурбонликлар беҳуда кетказилади. Бу ечимга қарши чиқиш учун, аввало унинг альтернативини очиқ лойиҳани қабул қилмоқ керак. Биз бошлаган қўзғолонимиздаги илк мақсадни маҳкам ушлаганимиз ҳолда ушбу лойиҳани амалга оширишга ҳаракат қилмоқдамиз, онгли равишда амалий қадамларни ташлаяпмиз. Чунки то жинояткор режимдан ва унинг қўллаб-қувватловчи давлатларию хўжайин давлатларидан қутулмоқ учун қўзғолон онгли равишда амалий қадамларни ташламоғи даркор.

Ҳақиқий альтернативани фақат анави халқаро тизимдан ташқаридан танламоқ лозим. Зеро, Шом ва унинг аҳлига қарши тил бириктирувчиларга ушбу халқаро тизимнинг ҳам аралашганлиги ўз исботини топди. Шу боис, воқеликка бугунги кундаги дунёдаги мавжуд давлатлар доираси ташқарисидан қарамоқ лозим. Чунки уларнинг ҳаммаси бизга қарши урушда ё бевосита иштирок этишяпти ёки бизни ёрдамсиз қолдиришяпти ёхуд бизга ўзларини дўст қилиб кўрсатиб, ортимиздан пичоқ санчияпти ва ҳалокат жарлигига етаклашяпти. Бундан ташқари, айни давлатларнинг арқонини ушлаш қандай оқибатларга олиб келганини, зиёнга киришиб, ҳаммалари ноумидликка тушишганини қўзғолончилар ўз тажрибаларидан ўтказишган.

Шундан келиб чиқиб, демак, ягона альтернатива сўзда ҳам амалда ҳам Аллоҳга мурожаат қилишдир. Бунинг учун аввало Аллоҳнинг арқонидан ўзга арқонларни узиб ташлаб, Унинг мустаҳкам арқонини маҳкам ушламоқ, Унинг буйруқларини бажариб, ҳар қандай шубҳали алоқалардан фориғ бўлмоқ, шунча саъй-ҳаракатни ва қурбонларни беҳуда кетказувчи барча конференцияларни рад этмоқ шарт. Шундан кейин кескин мақсад билан саф бирлаштирилади, Аллоҳга таваккал қилиниб, дўстлиги исботланган ва тарихи тўғри бўлган кишиларга итоат қилинади. Бу Роббул оламин ризосига олиб борадиган ва мусулмонлардан зулмни даф этадиган, уларни ютуқ ва куч-қудратга элтадиган лойиҳани қабул қилиш билан амалга ошади. Бу эса, Росулуллоҳ ﷺ

«ثُمَّ تَكُونُ خِلَافَةٌ عَلَى مِنْهَاجِ النُّبُوَّةِ»

«Кейин Пайғамбарлик минҳожи асосида Халифалик бўлади», дея башорат қилганларидек, Пайғамбарлик минҳожи асосидаги рошид Халифалик лойиҳасидир.

Роя газетаси сайтидан олинди

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here