Мавсумий ёмғирлар Карачини ғарқ қилди
Бироқ, демократияда ҳокимият қисмларга бўлинган бўлгани учун бунга жавобгар кимса топилмади
Синд вилоятининг Карачи шаҳрида мусулмонлар ҳар йилги мавсумий ёмғирлардан кўп қийинчиликка учрайдилар. Йўллар анҳорларга айланади, электр таъминоти узилади, ток уриш ва чўкиш сабабли ўлим ҳодисалари юз беради, моддий зиён кўрилиб, ёрдамларнинг етиб келиши ҳам қийинлашади. Ҳар сафар одамларга вақтида тезкор ёрдам берилмагани учун айблов Карачи мэрияси, Синд вилояти ҳукумати ва Покистон федерал ҳукуматига қаратилади. Демократияда ҳокимият қисмларга бўлинганлиги учун федерал ҳокимият билан вилоят ва районлар ҳокимияти тинимсиз бир-бирини айблаб келади. Бир пайтнинг ўзида, ушбу мусулмон юртнинг энг катта шаҳридаги ишлар эътиборсиз ташлаб қўйилган, ахир, бу шаҳарда олтмиш йилдан зиёд вақтдан буён 20 миллион аҳоли истиқомат қилиб келади. Шу билан бирга, ахлатларни вақтида йиғиштириш ва электр тармоғи етказиб бериш каби асосий эҳтиёжлар билан таъминлаш ҳам қўл учида амалга оширилмоқда.
Савол туғилади: нима сабабдан 1300 йиллик Халифалик даврида бундай эътиборсизлик бўлмаган?! Нима учун халифа муовинлари, вилоятлар ҳокимлари ва шаҳар омил-раҳбарлари ўртасида маломат тошлари отилмаган?! Бунинг жавоби шуки, у пайтда ҳар ким ўз жавобгарлигини аниқ билган. Зеро, Исломдаги бошқарув низоми ягона-яхлит тизим бўлиб, ҳар бир ҳокимият шу ягона халифа ҳокимиятига таянади. Байъатнинг шарти халифа томонидан Қуръон ва суннатнинг татбиқ этилиши бўлиб, у Умматнинг ҳар бир ишидан жавобгар бўлади. Халифа Уммат дуч келадиган ҳар бир муаммога жавобгар ҳамда бунинг учун Аллоҳ Таолонинг ҳузурида ҳам ҳисоб беради. Росулуллоҳ ﷺ бундай дейдилар:
«مَا مِنْ أَمِيرٍ يَلِي أَمْرَ الْمُسْلِمِينَ ثُمَّ لاَ يَجْهَدُ لَهُمْ وَيَنْصَحُ إِلاَّ لَمْ يَدْخُلْ مَعَهُمُ الْجَنَّةَ»
«Бирор амир-раҳбар мусулмонлар ишини бошқарса-ю, сўнг уларга (манфаат келтирадиган ишни амалга оширишга) ҳаракат қилмаса ва уларга самимий муносабатда бўлмаса, улар билан биргаликда жаннатга кирмайди». (Имом Муслим ривояти).
Ҳамма ўз вазифасини бажариши учун вилоятларга волийлар, шаҳарларга омиллар тайинлаш халифанинг масъулиятига киради. Шунингдек, улар ўз вазифаларини адо эта олишлари учун халифа барчаларини ҳокимият ваколатлари ва маблағ билан таъминлайди.
Аммо бугунги демократия даврида вилоят ва шаҳарлар ўртасида масъулият ва маблағлар бўлишиб олинган. Оқибатда бошбошдоқлик-анархия келиб чиқмоқда, бир-бирига маломат тоши отиш тобора авж оляпти, барча имтиёзларни ҳокимиятдагилар эгаллашмоқда.
Бироқ Ислом бошқарувида агар вилоят мажлиси волийнинг вазифасини ёқтирмаётган бўлса, халифа бу волийни ишдан олади.
Халифага унинг доим Ислом билан ҳукм юритиши шарти билан умрининг охиригача бўлган муддатга байъат қилинади. У жамиятдаги кўпчиликни рози қилиш учун озчилик қатламнинг ҳуқуқини поймол этмайди. Бу нарса демократияда бор бўлиб, сайловда овозларини тўплашда шантаж ва порахўрликлар кенг қулоч ёйган. Юртдаги қашшоқликдан тортиб, то мустамлакачиларга қуллик қилиш устига қурилган ташқи сиёсатга қадар, барча-барчаси сабабли биз мана шу ғарбпараст элита татбиқ қилаётган ғарбча ҳазоратнинг заҳарли таъсирларидан азият чекмоқдамиз. Шунинг учун Покистондаги қатор кризислар кўплаб район ва вилоятларни ташкил қилиш билан ҳал этилмайди. Йўқ, бу муаммолар демократик тузумни бекор қилиб, Аллоҳ Таоло буюрганидек, унинг ўрнига Пайғамбарлик минҳожи асосидаги Халифаликда гавдаланувчи Ислом тузумини татбиқ қилиш билан ечилади.
أَلَا يَعْلَمُ مَنْ خَلَقَ وَهُوَ اللَّطِيفُ الْخَبِيرُ
«(Ҳамма нарсани йўқдан бор қилган) яратган зот (уларни ўзи) билмасми?! У меҳрибон ва (ҳар нарсадан) хабардор зотдир» [Мулк 14]