Америка ҳамда парчаланишнинг турли хил янги омиллари

453
0

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Америка ҳамда парчаланишнинг турли хил янги омиллари

(Иккинчи қисм)

Устоз Ҳамд Тобиб – Байтул Мақдис

Аввалги ҳалқамизда давлатларнинг таянчлари, уларнинг қудрати, давомати ва сақланиб туришининг сабаблари, кризисларни кўтариб, енгиб ўта олиши ҳақида сўз юритган эдик. Шунингдек, Американинг пайдо бўлиши тарихи, босиб ўтган айрим тарихий босқичлари, Совет Иттифоқи емирилишидан кейинги босқичи ҳамда АҚШнинг деярли яккаҳокимлиги ҳақида ҳам гапириб ўтдик.

Шу билан бирга, соғлом асосга бино бўлмаган давлатларнинг узоқ турмасликлари, сақланиб туриш даврида улар силкинишлар, мусибатлар ва машаққатлар исканжасида яшашлари, ҳеч қачон тинч барқарор бўлолмасликлари, бир кун келиб уларнинг бино пойдеворлари бузилиб, арконлари қулаб, ерга йиқилса, ҳаёт воқелигида қайта тикланолмасликлари, балки бутунлай чилпарчин бўлиб, абадий фаноликка юз тутишлари тўғрисида ҳам баён қилдик.

Ушбу ҳалқамизда Американинг пайдо бўлиш тарихига назар солиш ҳамда ҳозирги сиёсий, иқтисодий ҳолатини, федерал ва аҳоли жиҳатидан тузилишини ўрганиш орқали маълум омилларни баён қилиб ўтамиз. Зеро, бу омиллар Американинг вужудига зарба бериб силкитмоқда, биноси арконларини тебратиб, қулаш ёқасига олиб келиб қўймоқда ҳамда нафақат парча-парча штатларга, балки бир бири билан қирпичоқ бўлган штатларга бўлиб ташламоқда.

Американинг воқелигига ҳамда илдизини кемираётган омилларга келсак, ҳақиқатда бу ўргимчак тўридан ҳам нимжон федерациядир. Бунинг сабаблари Американинг сиёсий ўтмишига, пайдо бўлган тарихий муҳитига бориб тақалади. Шунингдек, бу давлатнинг элликта штати ўртасини боғловчи алоқага, ирқий келиб чиқиши, яъни, демографик тузилишига, у ердаги мавжуд турли динларга, бутун штатлар аҳолисидаги ҳукмрон моддий ўлчовга, штатлар ўртасидаги турмуш тарзи даражасидаги иқтисодий тафовутга ҳам боғлиқдир. Биз ушбу федерация танасини қуртдек кемираётган, уларни жамлаб турган алоқани заифлаштираётган ҳамда яқинда – Аллоҳнинг изни ила – бўлиниш, парчаланиш ва йиқилиш сари уни олиб кетаётган омилларга тўхталиб ўтамиз:

  1. Ушбу федерация даврида келиб чиққан қонли тарих, кўплаб ирқ ва динларнинг бўлиши, бу билан боғлиқ миллатчилик қарашлари ҳамда бунинг бўлиниш ва парчаланиш омилларга таъсири.

Америка бировнинг моли ва мулкини ўғирлаш асосида барпо бўлди. Одамларни, айниқса, қизил танлиларни қатл ва қирғин қилишга, юртларидан қувиб чиқаришга асосланди. Қулдорлик босқичини босиб ўтди. Бу тушунчалар америкалик халқлар миясида узун йиллар яшади ва ниҳоят, қулдорликдан озод бўлиш босқичи келди. Бироқ шунга қарамай, бу тушунчаларнинг таъсири жуда кўп америкаликларнинг ақлия ва нафсияларида мустаҳкам ўрнашиб қолди. Бу қора танлиларга нисбатан миллий назария, деб аталди. Америка шимол билан жануб ўртасида беш йил давом этган қирғинбарот урушларга қадар мана шундай аҳволда яшади. Бу урушлар америкалик халқлар ўртасида ҳамда шимолу жануб штатлари орасида миллатчилик ва ирқчилик қарашларини кучайтириб юборди. Бунинг устига, аввалги асл муҳожир аҳоли билан кейинги янги муҳожирлар ўртасидаги миллатчилик ва ирқчилик яна ҳам ошиб тушди. Биз Америкада бир неча ирқлар, ҳатто асл аҳоли мавжудлигини ҳам унутмайлик. Яъни, бу давлатда шундай бир ирқчилик иплари чувалашиб кетганки, уларни ажратиб фарқлашнинг имкони йўқ. Бунинг учун уларни айни ирқлардан кучлироқ бир ақида билан обдан тоблашга тўғри келади, холос. Бундан ташқари, Америкада кўплаб динлар бор бўлиб, улар аҳоли келиб жайлашган минтақаларга қараб ҳар хил. У ерда насронийлар, яҳудийлар, мусулмонлар, ҳиндулар ва синхлар бор. Кўплаб хилма-хил динлар мавжуд. Шунинг учун ушбу омил (яъни, ирқий ва диний турфа хиллик ҳамда жинслар ва штатлар ўртасидаги низо омили) шундай бир кучли омилки, бу нарса федерацияга бўлиниш, парчаланиш ва тугаш билан таҳдид солмоқда. Бу назария кундан-кунга кучаймоқда ва бутун америкалик халқни хавотирга солиб, ҳаловатини бузмоқда. Америкалик тадқиқотчи Жон Холл бундай дейди: «Ҳодисалар шуни кўрсатмоқдаки, америкаликлар ўз жамиятларининг нимжонлигини ҳис этишяпти. Уларга ирқий ва ахлоқий зиддиятлар, тўқнашувлар соя солаётганини, миллатчилик қамраб олганини тушунишяпти». Буни яқинда АҚШ мудофаа вазири Марк Эспернинг «Ирқий камситиш Қўшма Штатлардаги реал иллатдир», деган баёноти ҳам тасдиқлаб турибди. «Рейтер» ахборот агентлиги ўтказган сўровдан маълум бўлишича, «АҚШ аҳолисининг чорак қисми ўз штатларини Америка федерациясидан ажратиш ғоясини қўллаб-қувватлашмоқда. Ўтказилган сўров натижаларига кўра, Республикачилар ва қишлоқ хўжалигига ихтисослашган ғарбий штатлар аҳолиси айни ғояни энг кўпроқ ёқлашмоқда».

Дарҳақиқат, бундай тубан ғайриинсоний миллатчилик қараши Американи жуда кўп беқарорликларга гирифтор қилди. Уларнинг яқиндагиси шу йил Миннеаполис шаҳрида афроамерикалик Жорж Флойднинг ахлоқсиз, ғайриинсоний, ваҳший тарзда ўлдирилиши бўлди. Бир вақтнинг ўзида, бу қотилликдан қора танлилар жонининг таҳқирланаётгани ва уларга инсон сифатида муомала қилинмаётгани яққол кўриниб турибди.

1965 йил полиция кўчада текширув рейди ўтказаётиб қоратанли Маркет Фрай исмли йигитни тўхтатади ва унинг қариндошлари билан жанжаллашиб қолади… Жанжал Лос-Анжелесдаги Гето Уатс кўчасида исёнга айланади. Ушбу камбағал квартал олти кун ичида жанг майдонига айланади… Миллий гвардия патруллари ҳарбий «жип» машиналаридан туриб пулемётдан ўққа тутишади. Кейин комендантлик соати жорий қилинади. Ушбу йирик ҳодисада 34 киши ҳалок бўлади, 4 минг киши ҳибсга олинади, ўнлаб миллион зарар кўрилгани қайд қилинади.

1968 йил 4 апрелда Теннесси штатининг Мемфис шаҳрида Мартин Лютер Кинг жонига суиқасд қилиниши ортидан АҚШнинг 125 шаҳрида зўравонликлар келиб чиқади. Оқибатда камида 46 киши ҳалок бўлади, 2600 киши жароҳатланади.

1980 йил Флорида штатидаги Майами шаҳрида қора танлилар яшовчи Либерти Сити кварталида чиққан зўравонлик ҳодисасида 18 киши нобуд бўлади, 400дан зиёди жароҳатланади. Бу ҳодиса Тампа шаҳрида тўрт нафар оқ танли полиция ходимининг светофорга тўхтамаган афроамерикалик мотоциклчини ўлдириб, сўнг оқланишлари ортидан келиб чиқади.

1991 йил март ойида тўрт нафар оқ танли полиция ходими афроамерикалик ҳайдовчи Родни Кингни ўлдириш аблови билан 1992 йил 29 апрелда суд қилинади ва суддан оқланиб чиқишади. Бу Сан-Франциско, Лас-Вегас, Атланта ва Нью-Йорк штатларида тартибсизликлар келтириб чиқаради. Тўқнашувда 59 шахс нобуд бўлади, 2328 нафари яраланади.

1991 йил АҚШ норозиликлар ва зўравонликлар исканжасида қолади. Бунга ҳам Америка судининг қоратанли шахсни ноқонуний равишда қаттиқ калтаклаган Лос-Анжелес полиция зобитларини суд залидан озод этгани сабаб бўлади.

Ирқчилик ва миллатчилик қараши қоратанли америкаликлар учун фақат қатл ва ҳужумга сабаб бўлгани йўқ, балки уларни муҳтожлик, камбағаллик, ишсизлик ва камситишларга ҳам олиб келди. Масалан, улардан 24.7 фоизи қашшоқлик чегарасида яшайди. Бу дегани бутун АҚШ аҳолиси даражасида 12.7 фоиз деганидир.

Америкада миллатчилик бекор қилингани ва қулдорчилик йўқ қилингани каби баландпарвоз гаплар айтилган бўлса-да, бироқ АҚШ қонунларининг ўзида ҳам дискриминация ва ажратиш мавжуд, жамиятида айни қарашлар илдиз отган. Мисрлик ёзувчи Ризо Ҳилол ўзининг Америкада туриб ёзган «Американинг парчаланиши» номли китобида бундай дейди: «АҚШдаги конституциявий ўзгартишлардан ва суд ҳукмларидан оқ танлилар билан қора танлилар ўртасида тенгликни таъминлаш мақсад қилинган. Бироқ бу тенглик мақсади бўлиниш мақсади билан боғлиқ қилиб қўйилди ва бу 1896 Америка Олий судида яққол кўринди. Ўшанда суд қора танлилар ва оқ танлилар бўлинган алоҳида бўлишлари, аммо тенг бўлишлари керак, деган ҳукм чиқарди. Бу 1954 йилга қадар шундай давом этди. Ўша йили мактабларда ирқига қараб бўлиш бекор қилинди… Аммо Олий суднинг бу қарори мактабдан бошқа ҳамма ерларда кенг тарқалган бошқа ирқчилик иллатларига якун ясолмади, автобуслар, ресторанлар ва барларда қоратанли фуқарони ажратиш давом этди, улар жуда кўп ҳолларда мана шундай таҳқирлашга нишон бўлаверишди. Оқибатда Мартин Лютер Кинг етакчилигида фуқаролар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳаракатининг норозилик намойишлари бошланди. Намойишлар тобора кучайиб, ниҳоят 1968 йилда Америка фуқаролари ҳақ-ҳуқуқлари қонунини чиқаришга тўғри келди. Бу Мартин Лютер Кинг жонига суиқасд қилинган йил эди».

АҚШда ирқчилик қараши кўплаб қонунлар чиқарилишига, у ер, бу ерда ташкилотлар очилиб, тенг ҳуқуқлиликка чақирилишига қарамай, бу иллат сақланиб қолаверди. Унинг оқибатлари америкалик халқнинг заиф бирикмасига қаттиқ зарба беришда, жамиятда силкиниш ва беқарорликлар келтириб чиқаришда давом этди, штатлар ўртасини боғловчи алоқани бузди. Нафақат штатлар, балки битта штат, битта шаҳар ва битта квартал ўртасини ҳам бузди. Ушбу ирқий камситиш иллати барқарорликни издан чиқаришда ҳамда Америкадаги жамиятни боғловчи сиёсий ва асосий алоқага зарба беришда кучли омил ҳисобланади.

(Давоми бор)

Роя газетасининг 2020 йил 29 июл чоршанба кунги 297-сонидан

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here