Каратаев: Шаҳарларга фавқулодда ҳолат режими қайтарилиши мумкин

0
749

Каратаев: Шаҳарларга фавқулодда ҳолат режими қайтарилиши мумкин

 Қирғизистонда коронавирус яна авж ола бошлагани туфайли ҳукумат яна бир неча вилоят ва шаҳарларда фавқулодда ҳолат режимини жорий этиши кутилмоқда. Бу ҳақда мамлакат соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Мадамин Қоратаев маълум қилди.

 “Айни вақтда Чуй вилоятида, Бишкекда, Ўш вилояти ва Ўш шаҳрида вазият жуда кескинлашди. Бугун республика штаби йиғилишида фавқулодда ҳолат режимини қайтариш масаласи муҳокама қилинади ва барча омиллардан келиб чиққан ҳолда қарор қабул қилинади”, – деди Каратаев махсус брифингда.

 У шунингдек, “Бугун нафақат президент администрациясида, балки бошқа давлат муассасаларида ҳам касалланиш ҳолатлари аниқланди. Шунинг учун давлат хизматчилари масофадан ишлаш режимига ўтишади. Оқ уй ёпилиши масаласи ҳам кўриб чиқилади”, – деди.

 Изоҳ: Бош вазир Кубатбек Боронов 20-июн куни бўлиб ўтган республика тезкор штаби йиғилишида, “Коронавирус билан касалланганлар сони кун сайин ортиб бормоқда. Айниқса Бишкек, Ўш шаҳарлари ва Чуй вилоятида вазият жиддий. Ҳудудларда вазият назорати бўйича тўлақонли ишлар олиб борилмаяпти”, -деган эди. Бишкек мэри ўринбосари Татьяна Кузнецова ҳам “Бишкекда коронавирусга чалиниш хавфи юқорилигича қолаётгани”ни маълум қилган эди.

 Расмий ҳукумат октябр ойига белгиланган парламент сайловлари олдидан коронавирус ваҳимасини яна кучайтира бошлади. Чунки, парламент сайлови арафасида амалдаги ҳукумат ҳам, етакчи гуруҳ ҳам етарли сиёсий қувват тўплай олмади. Энди унинг сиёсий қувват тўплаб олишга ва сиёсий электоратни бошқариб кетишига деярли имконияти йўқ. Шу сабабли ҳукумат мамлакатни яна қайта карантинга олиш учун тайёргарлик кўрмоқда.

 Абдураҳмон Одилов

NO COMMENTS