Қирғизистон Хитойдан қарзларни тўлашда енгиллик берилишини илтимос қилди

792
0

Қирғизистон Хитойдан қарзларни тўлашда енгиллик берилишини илтимос қилди

 Қирғизистон ташқи ишлар вазири Чингиз Айдарбеков хитойлик ҳамкасби Ван И билан 26 майда телефон орқали қилган мулоқотида Хитойга қарзни тўлаш масаласини муҳокама қилди.

 “Чингиз Айдарбеков коронавируснинг Қирғизистон иқтисодиётига келтирган зарарини ҳисобга олган ҳолда, ҳамкасби Ван Ини Хитойдан олинган қарзларни тўлашда енгиллик бериш масаласига эътибор қаратишга чақирди”, – дейилади Ташқи ишлар вазирлиги маълумотида.

 Жорий йилнинг апрелида президент Сооронбай Жээнбеков ҳам Хитой раҳбари Си Цзиньпин билан телефон орқали суҳбатлашиб, Хитойдан олинган қарзларни тўлашда Қирғизистонга енгиллик берилишини илтимос қилган эди.

 Изоҳ: Расмий хабарларда айтилишича, Қирғизистоннинг ташқи қарзи 4 миллиард 700 миллион долларни ташкил қилади. Бу қарзнинг 1 миллиард 700 миллион доллари Хитойдан олинган. Молия вазирлигининг хабарига кўра, Қирғизистон жорий йилда ташқи қарзларни тўлаш учун 28 миллиард сом (350 миллион доллар) ажратиши зарур. Аввал Жээнбеков, эндиликда ташқи ишлар вазирининг Хитойдан қарзларни тўлашда енгиллик беришини илтимос қилишидан келиб чиқиладиган бўлса, тўланадиган ташқи қарзнинг катта қисми Хитойга берилиши керак бўлади. Аммо, Хитой ҳукумати ҳозирча Жээнбеков илтимосига ҳеч қандай муносабат билдирмади. Хитой берган қарзидан воз кечмаслиги аниқ, фақат тўлов муддатини кечиктириб туриш эҳтимоли бўлиши мумкин. Шунда ҳам Хитой Қирғизистондан эвазига бирон нарса талаб қилади. Масалан, ўз вақтида Қирғизистон Бирлашган миллатлар ташкилоти (БМТ)да Хитойнинг Шинжонда олиб бораётган сиёсатини қўллаб чиққан ва бу орқали ўзини Хитой олдида “тили қисиқлиги”ни ошкор этган эди.

 Маълумки, Хитой каби йирик давлатлар Қирғизистон сингари “учинчи дунё” давлатларига ҳеч қачон саноат ривожи учун қарз беришмайди. Чунки улар қарз беришдан аввал бериладиган маблағни санъат, маданият, ободонлаштириш ёки спорт мажмуалари каби давлатга даромад келтирмайдиган соҳаларга сарфлашни шарт қилиб қўяди. Натижада қарз муддати тугагач, олинган маблағ у ёқда турсин, ҳатто унинг устама фоизини тўлашдан ожиз бўлиб қолган мамлакат мустамлакачи давлатга қарам бўлиб қолаверади.

 Абдураҳмон Одилов

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here