بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Нурафшон тарихимизнинг илк дамларини қайтаринг
Немис тарихчиси Зигрид Хунке ўзининг «Араб қуёшининг нури Ғарбгача таралди» номли китобида Европадаги шифохоналар аҳволи билан Халифалик давлатидаги ҳолатни ўзаро таққослаб бундай дейди:
«Франклар мамлакатида биринчи бор қурилган касалхоналардан энг яхшиси «Hotel Dieu» касалхонаси бўлган.
У ерда беморлар тиқилинч бўлгани ва сомонлар солиб берилиб, ерларда ётишлари кишини ҳайрон қолдиради… Ҳақиқатдан ҳам шундай бўлган.
Озиқ-овқат миқдорига келсак, жуда оз бериларди… Беморлар даволанадиган шундай бир бино зараркунанда ҳашаротларга тўла эди. Устига устак, бино ичкарисидаги ҳаво шу даражада қўланса эдики, чидаб бўлмасди. Ҳатто у ерда ишловчилар ҳам ичкарига оғиз-бурунларига намланган латта тутиб киришарди. Беморлардан ўлганлар жасади у ердан бошқа ерга кўчирилгунга қадар йигирма тўрт соат, баъзан ундан ҳам кўпроқ вақт қолдирилар, бошқа касаллар ўликлар ётган ерларни тарк этишга мажбур бўлишарди».
Бунинг муқобили ўлароқ, ёзувчи Қуртубадаги бир француз беморнинг Франциядаги отасига ёзган мактубидан иқтибос келтиради: «Севикли отажон, пул керак бўлса мендан сўрайвер. Шуни айтмоқчиманки, шифохонадан соғайиб чиқсам, менга янги кийимлар билан бешта олтин танга беришар экан, токи бу ердан чиқибоқ ишлашга мажбур бўлмаслигим учун. Шундай экан, энди ҳайвонларингдан бирортасини сотишинга ҳожат қолмади. Фақат мени кўрмоқчи бўлсанг, тезроқ кел, мен ҳозир суяк жарроҳлиги (травматология) бўлимида ётибман. Шифохонанинг катта дарвозасидан кирганингда ташқи жанубий залдан ўтасан, у ер поликлиника маркази экан, мени йиқилганимда биринчи ўша ерга олиб келишди. У ерда ҳар бир бемор шифокорлар ва уларнинг тиббий ёрдамчиларининг илк кўригидан ўтади. Кимларининг ҳолати касалхонада ётиб даволанишига зарурат туғдирмайдиган бўлса, уларнинг уйда даволаниши учун дори-дармон ёзиб берилади ва ўша ҳужжатга биноан дорихонадан дори олади.
Аммо менга тиббий ёрдам кўрсатганларидан сўнг исмимни касалхонага қайд этиб, бош шифокор кўригига топширдилар, сўнг мени тиббий ходимлар кўтариб, эркаклар ётадиган бўлимга олиб келишди. Аввал иссиқ ҳаммом қилишди ва шифохонанинг тоза кийимини кийдиришди…
Бу ерга келганингда чап тарафда катта бинони кўрасан, у ердаги кенг залда бош шифокор тиббий талабаларга нутқ ўқиркан. Орқа томонга қарасанг, йўлак кўрасан, у аёллар бўлимига олиб боради. Шунинг учун ўнг тарафга қараб юришинг керак. У ерда ички залга ва йўлакка дуч келасан, йўлак бўйлаб юрсанг бизнинг жарроҳлик бўлимимиз бор. У ерда бир залдан мусиқа овозини эшитсанг, ўша залга кириб қара, ичкарида мени топасан. Биз ширин мусиқалар эшитиб ётамиз, вақтимизни фойдали китоб ўқиш билан ўтказамиз… Бугун эрталаб, одатдагидек кўпгина ёрдамчилари ҳамроҳлигида бош шифокор кирди. Мени текширувдан ўтказгач, бўлимимиз шифокорига бир нарсаларни айтиб ёздирди, тушунолмадим. У чиқиб кетгач, шифокор менга тушунтириб, эрталабда ўрнимдан туришим мумкинлигини, яқинда шифохонадан соғ-саломат чиқиб кетишимни айтди. Худо ҳаққи, бу ердан чиқишни истамаяпман. Чунки бу ерда ҳамма нарса яхши ва жуда тоза… Масалан, юмшоқ крават, устига оппоқ ипакдек мулойим чойшаб ва ёпинчиқлар тўшалган, пар ёстиқлар қўйилган. Касалхонанинг ҳар бир хонасида ичимлик суви оқиб туради, мазза қилиб симирасан. Кечқурунлари салқинда хона эшиклари ёпиб қўйилади. Овқатларни айтмайсанми… ҳар куни товуқ гўштидан тортиб, чорва гўштларигача берилади, қорнинг тўйгунича ейсан… Шунинг учун, тезроқ кел отажон…».
Роя газетасининг 2020 йил 22 апрел чоршанба кунги 283-сонидан