БМТ Қирғизистонга “ёрдам” беради

0
881

БМТ Қирғизистонга “ёрдам” беради

 6-апрел куни Сооронбай Жээнбеков Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ)нинг Қирғизистондаги доимий координатори Озонниа Ожиело билан учрашиб, мамлакатдаги вазият, коронавирус тарқалишига қарши курашда ҳамкорликдаги қадамларни муҳокама қилди.

 Хабар қилинишича, томонлар мамлакатдаги соғлиқни сақлаш, таълим, озиқ-овқат хавфсизлиги, кичик ва ўрта тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш имкониятлари ҳақида суҳбатлашишди. БМТ координаторининг сўзларига кўра, ташкилот қирғиз ҳукумати билан саккиз устувор йўналиш бўйича иш олиб бормоқда. Озонниа Ожиело шунингдек, 2 миллиард долларлик глобал инсонпарварлик ёрдам дастури ва “COVID-19” билан курашни молиялаш учун иқтисодий фонд тузилганини айтиб ўтди.

Изоҳ: Шундоқ ҳам ночор бўлган Қирғизистон иқтисоди оламий ваҳимага айлантирилган коронавирус пандемияси сабабли янада абгор аҳволга тушиб бормоқда. Бош вазир ўринбосари Эркин Асрандиев 26-март куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида коронавирусга боғлиқ вазият туфайли жорий йил давлат бюджетига 27-28 миллиард сом тушмай қолиши мумкинлигини маълум қилган эди. Эндиликда қирғиз ҳукумати шу камомадни халқаро ташкилот ва банклардан қарз ва грандлар олиш эвазига ёпмоқчи ҳамда шусиз ҳам қарз ботқоғига ботиб бўлган давлатни (халқни) янада кўпроқ қарзга ботирмоқда.

 Бугунги кунга қадар Осиё тараққиёт банки Қирғизистонга коронавирусга қаршу кураш учун 200 минг доллар ажратди. Бундан ташқари Халқаро валюта фондидан 121 миллион доллар қарз олди, шунингдек, Жээнбеков Европа кенгаши раисига ёрдам ажратиш масаласини кўриб чиқиш бўйича мурожжат қилди.

 Барчага маълумки, халқаро ташкилот ва банклар мустамлакачи капиталистик тузумнинг қуроллари бўлиб, улар қашшоқ давлатларни янада кўпроқ қарз ботқоғига ботириш орқали тубан ва қарам аҳволда ушлаб туриш мақсадида ташкил этилган. Афсуски, бизнинг ҳукуматлар улардан қарз ва турли “ёрдамлар” олиш илинжида уларнинг тузоқларига тушишмоқда. Табиийки, улар қарз ва ёрдамларни ҳеч қачон эвазсиз беришмайди. Масалан, Осиё тараққиёт банки ёки Халқаро банк бугунга қадар қирғиз ҳукуматига берган қарзларни ўзимизда ишлаб чиқариладиган электр энергияси тарифини кўтариш шарти билан берган эди. Президент ва етакчи гуруҳ вакиллари ҳозирги вазиятдан қутулиш, ўз курсисин сақлаб қолиш ҳақида эмас, келажакда бу қарзлар халқ бошига яна қандай офатларни келтириши мумкинлиги ва буни олдини олиш йўллари ҳақида фикр юритишлари керак.

 Абдураҳмон Одилов

NO COMMENTS