بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Сисий Муборакни хоинлиги ва жиноятлари учун тақдирламоқда
Устоз Ҳомид Абдулазиз қаламига мансуб
Ҳусни Муборак 2020 йил 25 февралда ўлди. Миср маҳкамаси унга президентлик маъмурияти маблағларини ўғирлаш билан боғлиқ шарафни бузиш бўйича якуний ҳукм чиқарган. Бироқ шунга қарамай, Сисий Муборак учун ҳарбий дафн маросими ташкиллаштирди ва уч кунлик мотам эълон қилди, Миср аҳлининг ҳис-туйғуларини писанд қилмади. Ваҳоланки, бу халқ Муборакнинг темир ва олов билан бошқарган ўттиз йиллик ҳукмронлигидан азоб-уқубатлар чекиши ортидан унга қарши қўзғалиб, уни тахтдан ағдарган эди. Шубҳасиз, Сисийнинг тоғут Муборакни мана шундай ҳурматлаши, уни Американинг минтақадаги катта даллоли ва умр бўйи Америкага хизмат қилган хоин ва малай бўлгани учун мукофотлаш ҳисобланади. У Умматнинг ҳис-туйғусини менсимай, шон-шарафини таҳқирлади, иродасини синдиришга уринди. Кўпчилик одамлар ҳайратдан ёқа ушлаб, табиий савол беришяпти: Нега Муборак расман ҳарбий маросим билан ҳурматланиб дафн қилинади, ҳолбуки, Мурсий роҳимаҳуллоҳ қатл қилиниб, махфий равишда кўмилди, Мурсий оиласи унинг дафнига ярим кечада кучайтирилган соқчилар билан судраб келинди, тарафдорларидан ҳеч кимни маййитни тупроққа топширишга қўйилмади, аксинча, таҳқирланди, ахир, Мурсий Муборак каби жиноятчи эмасди-ку?!
Сиз яҳудий вужуди бош вазири Нетаньяхунинг Ҳусни Муборак ўлимига таъзия изҳор қилиб, унга «ўз халқини тинчлик сари етаклаган ва шахсан менинг дўстим бўлган», дея баҳолар берганини эшитсангиз, бу кимсанинг яҳудий вужуди наздида қанчалар қадрли бўлганига амин бўласиз. Бундай мартаба Муборакдан Сисийга мерос қолди. Сисий ҳарбий тўнтариш орқали қудратга келиб, ўша эски тузумни қайта тиклади. Кейин йигирма бешинчи январ қўзғолонини бостириб, ўнлаб йиллар давомида Миср танасига зулукдек ёпишиб келган коррупциячилар тизимини ўзгартиришга бўлган одамлар умидини чилпарчин қилди.
Дарҳақиқат, Муборак ҳукмронлиги даврида минглаб бегуноҳ инсонлар репрессия, коррупция ва лоқайдлик оқибатида қурбон бўлган. Бу ҳол 2011 йил 25 январдаги Муборак бошқарувига қарши йирик халқ қўзғолони тўлқини бошланиши билан якун топган эди. 2011 йилнинг 25 январ кунидан Муборак тахтдан ағдарилган 11 феврал кунига қадар 1000га яқин мисрлик нобуд бўлди. Чунки ўшанда Муборак билан ички ишлар вазири Ҳабиб Одил намойишчи мусулмонларга қарата ўт очишга буйруқ беришган.
Ҳусни Муборак даврида 20 миллиондан зиёд мисрлик қашшоқ, 8 миллиони ишсиз, 12 миллиони харобаларда яшаб, 22 миллиони саводсизликда яшади. Устига-устак, давлатнинг ички ва ташқи қарзлари 800 миллиард фунтга тенг бўлди. Одамлар бундай жинояткор режимга қарши қўзғалиб, унинг бошини олишгач, қўзғолон кўчалари босими остида Муборак судга топширилди. Бироқ у сохта суд билан ўзига қўйилган барча айбловлардан оқланди, фақат битта айблов, яъни ўзи ва икки ўғлига қўйилган президентлик саройи молларини суиистеъмол қилиш айблови билан уч йилга қамалди, холос. Бу нарса учовлонни сиёсий саҳнадан четлатиш учун қилинди. Зеро, Сисий Ҳусни Муборакнинг ўғли Жамол Муборакни ўзи учун кучли рақиб ўлароқ қарар эди.
Америка Муборакнинг разведка раиси Абдулфаттоҳ Сисийни олиб келиш орқали иккинчи муборак етиштириб чиқаришга муваффақ бўлди. Чунки Америка мўътадил ислом ўйинини хавфли, деб ҳисоблаб, бу ўйинда ишлар тизгини қўлдан чиқиб, Уммат фарзандлари орасидаги холис қўлларга ўтиши мумкинлигидан чўчиди. Бу холис кишилар Халифалик тузумидан бошқа тузумга рози бўлмасликларини ва Ғарб билан бўлаётган тил бириктирувларга сукут қилмасликларини, аксинча, Ғарб режаларини фош этиб, уни мусулмон юртларидан чиқариб ташлаб, нуфузларига ҳам барҳам бериш учун кунларини тунларига улаб ҳаракат қилаётганларини билди.
Дарҳақиқат, Сисий Муборакни мана шундай ҳарбий маросим шаклида дафн қилиш билан 25 январдаги ҳодисани қўзғолон бўлган эмас, дея ўзига ҳам, бошқаларга ҳам таъкидламоқчи. Ваҳоланки, бу қўзғолон ўтган йиллар давомида қўзғолон дея расман эътироф этиб келинган. Бироқ, шунга қарамай, ушбу қўзғолон айблов қафасидан сиртга чиқмади, айниқса, Муборак тарафдорлари томонидан шундай айбланиб келди. Масалан, 2018 йил октябрда Сисий телевидениеда чиқиб, Миср 7-8 йилдан олдинги вақтга асло қайтмайди, 2011 йилги ҳодиса хатокор шахсларнинг хато ечими бўлган, деди. Уч йилдан бери Сисий 25 январдаги полиция байрамини нишонлаб келяпти, бу кундаги ҳодисага салбий баҳо бериш орқали ундан қасддан кўз юмяпти. Зеро, Сисий «2011 йилда – хоҳ армия билан полиция, хоҳ армия билан халқ ўртасида бўлсин – бўлиниш пайдо қилишга уринилган. Мақсад, мисрликларни бўлиш ва бир-бирларига қарши қўйиш эди», деди. Бу кимсанинг қўзғолонга нисбатан қараши мана шундай. Қўзғолон эса, мисрликларга очлик ва даҳшат ҳаётини яшатиб келган золим тоғутларни ағдарган эди. Сисий қудратга келгандан бошлаб, ўзининг зулму зўравонлигига қарши чиқадиган ва тахтидан ағдариши мумкин бўлган ҳар қандай ҳаракат ва мухолафатни бостириб келяпти.
Миср режимининг Муборак замонида қатор жиноят ва хиёнатлар содир этганлиги, одамларни уни ағдариш сари ҳаракатни давом эттиришга ундамоқда. Аммо шундай бўлса-да, Сисий режими жиноят ва хиёнат бобида Муборак режимини ортда қолдирди. Масалан, Сисий режими Наҳза тўғони муаммосига нисбатан хоинлик позициясини эгаллаётгани, Нил сувларидан воз кечиш билан Мисрни қурғоқчилик ва ташналик сари етаклаётгани каттаю кичикка яхши маълум. Шунингдек, Тиран ва Санофир оролларини Саудия учун воз кечди ва буни Тиран бўғозини халқаро сувга айлантирган яҳудий вужуди учун текин хизмат сифатида қилди. Сисий режими Миср учун жуда муҳим бўлган чегараларни Кипр билан делимитация қилди. Бу эса, Юнонистон билан Кипр манфаатига хизмат қилиб, Мисрнинг иқтисодий сувларидаги жуда катта бойлик ва нефтни йўқотишига олиб келди. Синай аҳолисини эвакуация қилиб, у ердаги реал ривожланишни бўғгани ва бу ҳам босқинчи яҳудийлар манфаатига хизмат қилгани ҳақида гапирмасак ҳам бўлади. Биз Сисий ва унинг режими содир этган хато-гуноҳларни бирма-бир санайдиган бўлсак, улкан журнал керак бўлади, унинг шармандали варақлари Умматнинг сара фарзандларини қатл қилиш, ўғирлаб кетиш, ноқонуний қамоққа олиш, иқтисодий бузилиш ва тобора кўпайиб бораётган давлат қарзлари… каби саноқсиз жиноятлари билан тўлиб тошмоқда. Зотан, бу қарзларни ўташ келаси авлод бўйнига тушади.
Демак, бугунги Сисий режимини ағдариш учун туртки ва ҳаракат, кечаги Муборак режимини ағдариш учун керак бўлган туртки ва ундовдан бир мунча муҳимроқдир. Чунки Сисий юртни Умматнинг ашаддий душмани Америкага қўш-қўллаб топшириб қўйди… Ўз кўппакларини Уммат танасини тилкапора қилгани қўйиб юборди… Исломга тил текказиб, унинг аҳкомларига ҳужум қилди, масалан, диний хитобни ривожлантириш, деган иддао остида динга, унинг фикр ва тушунчаларига қарши нопок кампания бошлади!
Бироқ ким ушбу бузуқ воқеликни ўзгартиришга сидқидилдан ҳаракат қилаётган бўлса, шуни билиб қўймоғи лозимки, ўзгартиришнинг энг муҳим шарти бор, у ҳам бўлса, шаръий тариқатдир. Бинобарин, кўзланаётган ўзгариш ушбу шаръий тариқат билангина содир бўлади. Уммат – Аллоҳнинг мадади ила – ҳаргиз итоат қилмайди, тиз чўкмайди. Кечаги 2011 йил 25 январда қилган ҳаракати, ўзгартиришнинг аниқ манҳажисиз бўлса ҳам, Муборак ва унинг айрим гумашталарини ағдарган экан, демак, келаси ҳаракатида у Сисий режими калласини олиш билангина кифояланмайди. Йўқ, энди у Аллоҳнинг изни ила режимни таг-туги билан қўпориб ташлайди. Негаки, Уммат ўз Исломини ҳам, Ислом низомини ғолиб қилувчи ҳақиқий ўзгариш тариқатини ҳам ҳар қачонгидан кўпроқ ва онглироқ тарзда тушунажак. Зотан, Ислом низоми Пайғамбарлик минҳожи асосидаги рошид Халифалик давлатида гавдаланади. Бу Аллоҳга ҳаргиз мушкул эмас.
Роя газетасининг 2020 йил 4 март чоршанба кунги 276-сонидан