Жээнбеков: Қирғизистон лотин ёзувига ўтмайди

0
792

Жээнбеков: Қирғизистон лотин ёзувига ўтмайди

 Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков ТАСС ахборот агентлигига берган интервьюсида Россия билан муносабатлари, мамлакатда рус тилининг ҳолати ва бошқа масалаларда ўз фикрини билдирди.

 “Қирғизистон Конституциясида рус тили расмий тил сифатида белгиланган. Унинг мақоми шундай қолади ва ўзгармайди”, – деди президент.

 ТАСС журналистининг: “Баъзи қўшни давлатлар кириллдан лотин ёзувига ўтишди ёки ўтишмоқда. Қирғизистонда ҳам бу масала кун тартибидами?”,  деган саволига Сооронбай Жээнбеков:

 “Билишимча, бу масала бизда мустақилликнинг илк йилларида кўтарилган. Ўшандаёқ биз лотинга ўтмай тўғри иш қилганмиз. Ҳозир лотинга ўтишга ҳеч қандай эҳтиёж йўқ. Республикамиз эришган фан ва маданият соҳасидаги ютуқлар кирилл ёзуви орқали халқимизга тарқаб бўлди”, -деб жавоб берди.

Изоҳ: Қирғизистон собиқ Советлар иттифоқи мустамлакалари ичида Россиянинг сақофий таъсири остидаги давлатларнинг олдинги сафида туради. Лекин қирғиз ҳукумати Россиянинг сақофий мустамлакасидан халос бўлиш йўлида бирор қадам ҳам ташламади.

 Қирғизистонда лотин алифбосига ўтиш бўйича ташаббуси “мустақиллик”ка эришган йиллардан бери пайдар-пай кўтарилиб келади. Чунки, алифбо мустамлакачи давлат сақофатининг ёйишда муҳим рол ўйнайди. Масалан, социалистик тузум келгач Марказий Осиё мусулмонлар минг йилдан ошиқ вақт мобайнида фойдаланиб келган араб алифбосини бекор қилиб, ўз сақофатини кирилл алифбоси орқали ёйишни бошлади. Бу орқали босқинчи рус ҳукумати “бир ўқ билан икки қуённи овлади”. Биринчидан араб алифбосини бекор қилиш орқали минтақа мусулмонлар минг йиллар давомида ўрганиб, ўзлаштириб келган Ислом сақофати, Ислом тарихидан узиб ташлаган бўлса, иккинчидан, маҳаллий аҳоли орасида “саводсизликни” тугатиш баҳонаси билан худосиз коммунистик мафкурани тарғиб қилди.

 Бугунги кунда капиталистик тузум вакиллари бўлган Ғарб давлатлари лотин алфибосидан фойдаланишади. Шу сабабли, улар учун ҳар бир мамлакат мазкур алифбодан фойдаланиши аҳамиятли. Улар бу мақсадларига етиш учун “туркийзабон халқлар бирлиги”ни баҳона қилишади. Шунингдек, таълим соҳасига грантлар ажратиш орқали ўз таъсирини кенгайтириб боради. Масалан, Европа Иттифоқи Қирғизистон таълим соҳасига 37,5 миллион евро ажратишга қарор қилди. Табиийки, ажратилган бу маблағ билан ўсиб келаётган ёш авлодга ғарбча дунёқарашни сингдириш ҳам бирга кириб келади. Агар ЕИнинг бу мақсади амалга ошадиган бўлса яқин келажакда Европача қадриятлар, жумладан “бир жинсли никоҳ” оддий ҳол бўлиб қолади.

 АҚШ ва Ғарб давлатлари қўллаган санкциялар ва Путиннинг мустабид сиёсати натижасида Россия жарлик томон қулаб боряпти. У ўзи билан барча сақофий, ҳарбий, сиёсий ва иқтисодий мустамлакаларини қўшиб тортиб кетиши мумкин. Мустамлаканинг бу тўртала тури ҳам, аввал сақофий мустамлака ўрнатиш ортидан кириб боради. Шунингдек, бу мустамлакаларнинг барчасидан қутулишда ҳам, мустамлакачининг сақофий таъсири остидан чиқиб олиш асосий ва муҳим ўринни эгаллайди.

 Абдураҳмон Одилов

NO COMMENTS