Россия Қантдаги базада учувчисиз авиация бўлинмаси ташкил этди

713
0

Россия Қантдаги базада учувчисиз авиация бўлинмаси ташкил этди

 Россиянинг Қантдаги ҳарбий базасида қисқа ва ўрта масофали учувчисиз аппаратлар бўлинмаси ташкил этилди. Бу ҳақда Россия Марказий ҳарбий округи қўмондони Александр Лапинга таяниб рус ОАВлари хабар қилмоқда.

 Хабарга кўра, мазкур бўлинмада ўрта масофага зарба берувчи “Форпост” ва қисқа масофага мўлжалланган “Орлар-10” учувчисиз аппаратлар жойлаштирилган.

 Лапин бу комплекслар Россиянинг Суриядаги ҳарбий амалиётларида қўлланилгани ва яхши натижага эришганини маълум қилган.

 Қирғизистон Қуролли кучлари Бош штаби бу масала бўйича изоҳ бергани йўқ.

 Изоҳ: Феврал ойи бошида РФ мудофаа вазирининг ўринбосари Николай ПанковРоссия Қирғизистондаги ўзининг ҳарбий базасига Ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимини жойлаштирмоқчи эканлигини ва “Мазкур иш доирасида яқин истиқболда учувчисиз аппаратлар бўлинмасини жорий қилиш ва Россия Бирлашган ҳарбий базаси таркибига киритишни режалаштираяпмиз”, – деган эди.

 У бу ҳақда Давлат Думасида Россия Бирлашган ҳарбий базасининг ҚР ҳудудида бўлиш мақоми ва тартиблари тўғрисида РФ ва Қирғизистон ўртасида эришилган протоколни ратификация қилиш мавзусида сўзлаган нутқида айтиб ўтганди.

  Маълумки, жорий йилнинг феврал ойи бошида АҚШ давлат котиби Помпео Қозоғистон ва Ўзбекистонга келиб кетганидан сўнг АҚШ Давлат Департаменти янги дастурини эълон қилди. Дастурга кўра, Европа, Евросиё ва Марказий Осиёда Россиянинг дезинформацияси ва ташвиқотига қарши туриш, унинг зарарли таъсиридан ҳимояланиш учун 763,8 миллион доллар миқдорида хорижий ёрдам ва 24 миллион доллар миқдорида аниқ мақсадларда молиялаш (турли ахборот нашрлари қўллаб-қувватлаш тарзида кўмак бериш) кўзда тутилган. 

 Помпеонинг бу ташрифидан сўнг АҚШ ва Россия ўртасидаги минтақа устидаги нуфуз талашиш янги босқичга чиқди. Авваллари АҚШ асосан нодавлат ташкилотларни қўллаш орқали рус нуфузига қарши курашиб келган бўлса, эндиликда расмий ҳукуматларни ошкора Россияга қарши йўналтиришга ўтди.

 Мазкур ташрифи чоғида Помпео, “…Улар Хитой ва Россия таъсири бор минтақада жойлашган. Биз улар бажаришини хоҳлаётган, Америка бу ерда қилаётган иш уларнинг тўғри қарорлар қабул қилиш қобилиятини, қонунлар асосида шаффоф бошқарувга эришишини қўллаб-қувватлашдир”,- деганди. 

 АҚШнинг Марказий Осиёга қаратаётган бундай жиддий эътибори Россияни қарши чоралар кўришга ундаши табиий. Шу сабабли ҳам у минтақада ўзининг ҳарбий иштирокни янада кучайтиришга интилмоқда. Бунинг учун энг қулай йўл Қирғизистон ва Тожикистондаги ҳарбий базаларини кучайтириш ва ўзини минтақадаги тинчлик гарови сифатида кўрсатишдан иборат. 

 Абдураҳмон Одилов

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here