Ҳукумат бўшаб қолган бюджетни тўлдиришни янги йўлларини изламоқда

821
0

Ҳукумат бўшаб қолган бюджетни тўлдиришни янги йўлларини изламоқда

 Қирғизистонда 300 минг сомдан ортиқ суммага мулк ёки бошқа нарса сотиб олган фуқароларнинг барчаси декларация топширишлари таклиф қилинмоқда. Солиқ кодексига шундай ўзгартириш киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси 22-январда Жогорку Кенешда муҳокама қилиниб, учинчи ўқишда овоз бериш учун жўнатилди.

 Иқтисодиёт вазири ўринбосари Достон Кадиров бундай чора даромад манбаини тозалигини текширишга ёрдам беради деб ҳисоблайди.

 “2021-йилдан бошлаб агар 300 минг сомдан зиёд сарф қилса шу одам декларация топшириши керак деяпмиз. Агар қиммат буюм ёки бошқа нарса сотиб олса – топширади. Маблағни қаёқдан топганини текширамиз”, – деди Кадиров.  

 Депутатлар муҳокама қилган қонун лойиҳасида “2021-йилдан бошлаб декларация бериш тўғрисидаги талаб ҳисоб кўрсаткичининг 3000 баробари миқдорида мулк ҳуқуқи ёки мулкка бўлган бошқа ҳуқуқни сотиб олиш бўйича бир марталик ҳаражат қилган якка шахсларга тааллуқли” деб ёзилган. 

 Изоҳ: Мамлакатда ишсизлик даражасининг юқорилиги ва иш ҳақининг озлиги сабабли 6 миллиондан ошиқроқ аҳолига эга Қирғизистон халқининг 1,5 миллионга яқини тирикчилик илинжида чет элга чиқиб иш излашга мажбур бўлмоқда. Улар чет элда, асосан, Россияда энг қора ва оғир ишларга ёлланиб, ҳар қандай ҳуқуқ ва имтиёзлардан маҳрум, керак бўлса 16-18 соатлаб ишлаб топган пулларини ватанларида қолган яқинларига жўнатиб келишади. Бугунги кунда Қирғизистонда якка шахслар қилаётган қурилиш, олишаётган машиналар асосан четда ишлаётган ўғил-қизлари жўнатаётган пуллари ҳисобига бўлаётгани ҳеч кимга сир эмас.

 Ҳукумат уларни ўз ватанларида иш билан таъминлашга қурби етмаётгани камлик қилганидек, энди улар оғир меҳнатлар эвазига топган пулларига ҳам кўз олайтирмоқда. 300 минг сом долларга ҳисоблаганда 4 300 бўлиб, меҳнат муҳожирлари йиллар давомида топган пулларига соладиган иморатлари, ёки йиллаб тўплаган пуларига сотиб олмоқчи бўлган иморатларини керак бўлса ўндан бирига ҳам баробар келмайди. Энди фуқаролар давлатнинг бирор ёрдамисиз хорижий юртларда кеча ва кундуз тиним билмай ишлаб топган пуллари учун ҳам давлатга солиқ тўлашга, даромадлари манбаи ва миқдорини тушинтиришга мажбур бўладилар. Одатдагидек, қабул қилинадиган бу қонун ҳам фақат оддий фуқаролар учун татбиқ қилинади. Давлат ишида ишлайдиган, 10-12 минг маош олишига қарамай 15-20 минг долларлик машиналарда юрадиган амалдорлар эса яна даврини суриб юраверади. Давлат солиқ қўмитасининг маълум қилишича, шу вақтга қадар ўтган йил учун декларация топширмаган давлат ва муниципал идоралари ходимларининг умумий сони 5106тани ташкил этади.

 Бундан ташқари янги қонун лойиҳаси шундоқ ҳам Қирғизистонда кенг қулоч ёйган коррупцияни янада гуллаб-яшнашига замин ҳозирлайди.

 Абдураҳмон Одилов

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here