АҚШ элчиси Ўзбекистоннинг ЕОИИга аъзолиги масаласига муносабат билдирди
АҚШнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дэниел Розенблюм Фейсбук ижтимоий тармоғи фойдаланувчилари билан қилган жонли мулоқотида Ўзбекистоннинг ЕОИИга аъзолиги масаласига муносабат билдирди.
“Аввало, биз ҳамиша Ўзбекистоннинг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашимизни таъкидлашни истар эдим. Суверенитет эса ҳар бир мамлакатнинг иқтисодий, сиёсий ва хавфсизлик масалаларини мустақил ҳал этмоғини англатади. Шу боис ҳам биз Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига (ЕОИИ) аъзолик масаласида қабул қилган ҳар қандай қарорини ҳурмат қиламиз. Айни чоқда, биз Ўзбекистон бу каби қарорларни қабул қилишда барча мусбат ва манфий жиҳатларни инобатга олишига хайрихоҳмиз. Негаки, бундай қарорлар келгусида суверенитет ва мустақилликка таъсир этиши мумкин. Бу борада очиқ баҳс-мунозара бўлгани маъқул.
Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) келсак, тўғри, айрим мамлакатлар икки тузилма (ҳам ЕОИИ, ҳам ЖСТ) аъзолигини кўзлаган. Аммо ЕОИИга аъзолик Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилиш жараёнини мураккаблаштириши ва узайтириши айни ҳақиқат. Қозоғистон ҳам, гарчи кейинчалик ЖСТга аъзо бўлган эса-да, айни шундай воқеликка рўбарў келди. Энг муҳими, Ўзбекистон ўз иқтисодий тараққиёти истиқболи борасида аниқ тўхтамга келмоғи зарур – мамлакат глобал ЯИМнинг 2 фоизига эгалик қилаётган, юқори ташқи тарифлар ўрнатилган иттифоқ таркибида бўладими ёки жаҳон иқтисодиётиннг 98 фоиз қисми билан бирга бўлишни маъқул кўрадими…»
Изоҳ: Ўзбекистон минтақада икки қудратли давлат Америка ва Россиянинг геосиёсий таъсир талашиш марказига айланиб бормоқда. Улар ўртасидаги кураш жорий йилнинг октябр ойи бошида Ўзбекистонга расмий ташриф билан келган Россия Федерация Кенгаши раиси Валентина Матвиенконинг президент Шавкат Мирзиёев билан музокаралар чоғида Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ)га қўшилиши “мавзусига бир неча маротаба қайтганликлари”ни маълум қилганидан сўнг очиқ босқичга ўтди.
“Ўзбекистон президенти бир қарорга келган ва Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий кенгашига қўшилиши масаласи кўриб чиқилмоқда”, – деган эди Матвиенко.
Матвиенконинг бу баёноти ортидан Америка Савдо вазири Уилбир Росс 22 октябр куни Ўзбекистонни айни дамда Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлиш оқибатларидан огоҳлантирди. Унинг сўзларига кўра, иттифоққа қўшилиш Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш муддатини чўзиб юборади. Унинг бу сўзлари Ўзбекистонга нисбатан ошкора босим сифатида талқин қилинди.
АҚШ вазирининг баёнотига нисбатан расмий Москва ҳам жавобни узоқ куттирмади. Муносабат 26 октябр куни Россия Бош вазири Дмитрий Медведев томонидан янгради. Россия ҳукумати раҳбари АҚШ Савдо вазири Уилбир Росснинг номи ва мақомини ҳам тилга олмай, “Ўзбекистонда бўлиб турган вазирлари”дан биттаси, дея муносабат билдирди.
“Айни ўринда нима ҳам дейиш мумкин. Бу аниқ рақобатбардош бўлмаган кураш усулларидан фойдаланишдир”, – деди Медведев.
Ўз навбатида ЕИ ҳам Ўзбекистонни ЖСТ киришига ёрдам беришини маълум қилди. 11 ноябр куни Брюссел шаҳрида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов ва Европа комиссиясининг Халқаро ҳамкорлик ва тараққиёт бўйича Бош директори Коэн Доэнс “Ўзбекистон Республикасининг Жаҳон савдо ташкилотига кириши” ва “Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп шериклик траст фондига Европа Иттифоқининг тараққиёт ҳиссаси” техник ёрдам лойиҳаларини молиялаштириш тўғрисида битимларни имзоладилар. Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилиши учун ажратиладиган грант маблағлари ҳажми 5 миллион еврони ташкил этади. Лойиҳа ушбу ташкилотга аъзо бўлиш жараёнида, шу жумладан зарур ҳужжатларни тайёрлаш, ўзбекистонлик мутахассисларнинг ЖСТ келишувлари ва халқаро савдо тизимига оид билимларини оширишда Ўзбекистонга кўмаклашишни назарда тутади.
Латвия ташқи ишлар вазири Эдгар Ринкевич ҳам Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиш борасидаги ҳаракатларига ёрдам бериш учун ваъда берди. Бу ҳақда у 14 ноябр куни Ўзбекистон элчиси Қадамбой Султонов билан учрашув чоғида айтиб ўтди…
АҚШ ва Россия Ўзбекистонни ЖСТ ёки ЕОИИга аъзо қилиш бўйича рақабат қилишаётган бўлсада Ўзбекистон бу икки ташкилотдан қай бирини танлаши ҳозирча аниқ эмас. Аслида Ўзбекистон ЖСТга қўшилиш учун 1994 йили ариза берган. Аммо орадан ўтган шунча йил давомида бу йўлда бирор жиддий қадам ташламади. Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўладими ёки ЕОИИга кирадими бундан қатъий назар улар томонидан қўйиладиган маълум шартларни қабул қилиш керак бўлади. Жумладан, Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлса, импорт автомобилларга қўлланилаётган бож ставкаси камида тўрт баробарга камайтирилади. Агар ЕОИИга аъзо бўлса, аксинча, иттифоқдан ташқаридан келадиган импортларга бож тўловини кўтариш керак бўлади.
Абдураҳмон Одилов