Саудия Россиядаги лойиҳаларга 10 миллиард доллар сармоя ажратгани айтилди
Расмий ташриф билан 14 октябрда Саудия Арабистонига борган Россия президенти Владимир Путин Ар-Риёдда валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон билан музокаралар ўтказди. Музокаралар натижасида икки давлат ўртасида бир неча миллиард долларлик шартномалар имзоланди.
Шартномалар сармоя, аэрокосмик саноат, маданият, соғлиқни сақлаш ва илғор технологиялар соҳасига оид экани айтилмоқда.
Кремль матбуот хизматининг билдиришича, Путин Муҳаммад Бин Салмон билан учрашув пайтида Саудия жамоат фонди Россиядаги турли лойиҳаларни амалга ошириш учун 10 миллиард доллар сармоя ажратганини билдирган.
Путин Саудияга ташрифи арафасида Al-Arabiya, Sky News Arabia ва RT Arabic телеканалларига берган интервьюсида қирол ва валиаҳд шаҳзода билан дўстона муносабатларда эканини билдирган эди.
Таҳлил: Бирор давлатнинг иккинчи бир давлатга сармоя (инвестиция, молиявий қарз) киритиши, ўша давлатни ўзига ва дунёқарашига ёки бошқа бирор манфаати томон тортиш мақсадида амалга оширилади. Шу асосдан келиб чиқиб, улар зайиф давлатларни доимий иқтисодий зайиф ва қарам ҳолда ушлашга ҳаракат қилишади. Шунинг учун заийф давлатлар йирик оламий таъсир қувватига эга бўлган мустамлакачи давлатлардан сармоя олиш ёки уларга ўз бойликларини таклиф қилиб, улардан инвестиция тортиш асосида ўз мамлакатининг иқтисодий режасини тузишади.
Лекин ядровий қурол ва бошқа кенг потенциалларга эга бўлган Россия, шу кунга келиб халқаро сиёсатда деярли таъсир қувватига эга бўлмаган, Саудия сармоясига муҳтож ҳолатга тушиб қолишининг сабаби нимада?! Россия ўн йил мобайнида ўзининг резерв фондидаги қарийб 4 триллион рублни сарфлаб юборди. Путиннинг сиёсати Россиянинг оғир саноатини деярли йўқ қилиб, мамлакатни Ғарб ва Хитой инвесторлари учун очиб беришга мажбур қилди. Путин режими ўз фуқороларининг яшаш даражасини аввал резерф фондидан ҳозирги ҳолатда ушлаб келди. Бир йил аввал резерв фонддаги пуллар деярли тугади. Оғир саноати, сўнг енгил саноати ҳам тўхтаб бораётган Россия, бошқа давлатлардан инвесторлар таклиф қилишга мажбур бўлди. Лекин бу ҳам мамлакат сарф харажатларини қоплай олмагач, у давлат ерлари, ўрмон ва табиий бойликларини узоқ муддатга Хитой компанияларига сота бошлади.
Россия ўз муаммоларини молиявий маблағ билан ҳал қила олмайди. Путин Россиянинг оғир саноатини деярли издан чиқариб юборди. Бунинг ортидан табиийки, енгил саноат ҳам чет эл инвесторларига тобе бўлиб қолди. Энди Путин ҳам, Қирғизистон президентлари сингари чет элдан маблағ йиға бошлади. Рус халқининг яшаш даражаси тубанлашиб боравериши билан, мамлакатга чет элдан халққа ёрдам кўрсатиш мақсадида грант берувчи компаниялар ва яна ҳар турли кредит банклар кириб келади. Бу эса, Россиянинг Ғарбга мустамлака бўлиб бораётганини англатади.
Россия бу ҳолдан қутилиш мақсадида Хитой ва Ҳиндистон томонга юзланишга ҳаракат қиляпти. Лекин улар ҳам Россияни бу иқтисодий ва сиёсий тангликдан сақлаб қола олмайди. Чунки Россия ўзининг иқтисодий системасини ва давомийлигининг кафолати бўлган иқтисод механизмини бузди. Ғарб Россияни синдиришга қаратилган мақсадига етишида Путиннинг хизмати жуда катта бўлди. Путин Россиядаги йирик хусусий компанияларни (нефт, газ завод, фабрика..) ва мулкларни миллийлаштириш билан давлатнинг оғир саноатини синдирди. Балки шунинг учун ҳокимиятдаги аксар олигархларнинг фарзандлари Ғарб мамлакатларида яшашади. Путин ва бошқа олигархларнинг кўчмас мулклари ва миллиардлаган пуллари ҳам, айнан Ғарб банкларида сақланади. Россиянинг аҳволи аянчли ҳолда тубанлашиб боряпти!
Абдураззоқ Мўъмин.