Шавкат Мирзиёев Жаҳон банки делегациясини қабул қилди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 19 июл куни Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича вице-президенти Сирил Мюллер бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Мирзиёев меҳмонларни самимий қутлаб, Ўзбекистон ва Жаҳон банки ўртасидаги узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатларида юксак даражага эришилганини қайд этди.
Бугунги кунда Ўзбекистонда амалга оширилган ва давом этаётган лойиҳаларнинг портфели жами 5,2 миллиард доллардан ортган. Жорий йилнинг ўзида Жаҳон банки 850 миллион доллардан зиёд бўлган ҳамда тадбиркорлик, мактабгача таълимни ривожлантириш, аҳоли бандлигини ошириш каби йўналишларни қамраб олган янги кредитларни маъқуллади.
Шунингдек, қишлоқ хўжалиги ва коммунал инфратузилмани модернизация қилиш, “Обод қишлоқ” дастурини биргаликда молиялаштириш, рақамли иқтисодиётни ривожлантиришга доир лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.
Жаҳон банки 1944 йили АҚШда бўлиб ўтган Бреттон-Вудс конференциясида ташкил этилган бўлиб, Халқаро валюта фонди каби йирик молиявий ташкилотдир.
Бу ташкилот “учинчи олам” давлатларига кредит ва грантлар ажратиб, бу олинган маблағлар эвазига қарздор бўлган давлатлардан бир қатор шартларни бажаришликни талаб қилади, агар мазкур давлатлар бу шартларни бажармаса кўрсатиладиган ёрдам миқдорини камайтириш ёки бекор қилиш билан таҳдид қилиб, уларни ўз (АҚШ) измига солишликка ҳаракат қилади.
2001 йили ўтказилган тадқиқотга кўра, Жаҳон банки лойиҳаларининг 60 фоизи инқирозга юз тутган. Жаҳон банки қашшоқликка қарши курашни ўз олдига мақсад қилиб олган бўлишига қарамай, унинг ёрдам пакетларини олган мамлакатларда қашшоқлик камайиши ўрнига, аксинча ортиб борган. Бундан фарқли равишда Жаҳон банкидан ҳеч қандай ёрдам олмаган давлатлар бу соҳада мувафаққият қозонишгани, кўрсатиб ўтилган.
Чунки, Жаҳон банки гарчи кредит ва грантларни кам миқдордаги фоиз эвазига беришига қарамай, бу кредитни олган мамлакатлардан электр, коммунал хизматлар ва бошқа нарсаларни нархини оширишликни талаб қилади ва буни инвесторлик салоҳиятини оширишлик билан оқлашга ҳаракат қилади. Аммо, шундоқ ҳам қашшоқ давлатда иқтисодий қийинчиликлар гирдобида яшаётган халқ янада қашшоқлашиб бораверади.
Жаҳон банки ва Халқаро валюта фонди каби молиявий ташкилотлар “учинчи олам” давлатларини қарз ботқоғига ботириб, иқтисодий мустамлака қилиш учун йирик давлатлар, хусусан АҚШ манфаатларини рўёбга чиқариш учун ташкил этилган. Шунинг учун ҳам бу ташкилотлар билан алоқа қилишлик билиб туриб ўзини ҳалокатга ташлашлик билан баробардир.
Абдураҳмон Одилов