Ижтимоий тармоқларда: Солтон-Сари
Ижтимоий тармоқларда “Солтон-Сари яйловида қўйлар ёппасига қирилиб кетаётгани” акс этган видеотасмалар тарқалди. Ветеринария ва фитосанитария хавфсизлиги бўйича инспекция қўйларни ҳеч бир сабабсиз ўлиб қолаётгани устида клиник текширув ўтказиб, юқумли касаллик аломатлари аниқланмаганини маълум қилди. Бироқ, ўлган чорва ҳайвонлари экспиртиза қилинганда унинг гўштида нитрат ва маргимуш мавжудлиги аниқланган. Мана шу сабаблар бўйича чорва ҳайвонлари заҳарланиб ўлаётгани бўйича тахминий ташхис қўйилди.
Бунга қадар, 15 май куни Норин туманидаги Эмгекчил қишлоғида юзлаб одам йиғилиб, “Солтон-Сари яйловида олтин комбинати қурилмасин” деган талаб қўйишган эди. Улар агар комбинат қуриладиган бўлса ундан чиққан чиқинди сув яйловдаги тоза сувга қўшилиши ва бу сувни заҳарлаши натижасида ундан ичаётган чорва ҳайвонлари ва ўша ердаги чўпонларнинг соғлиқларига жиддий зарар етишини айтишган эди.
Аммо, Jhong ji Mining” компанияси вакили Гулмира Ибраимова “комбинат атроф-муҳитга зарар етказмайди, махсус текширув, экспертиза ишлари олиб борилган” дея аҳоли талабларини рад этди.
Бироқ, компания амалга ошираётган портлатишларнинг ўзидан атроф-муҳитга қанчалик зарар етаётганини оддий кўз билан кўриш мумкин.
Шундай бўлса-да, кеча экотехинспекция сув ва тупроқни текширганидан сўнг тахлил натижаси тоза чиққанини билдирди. Бироқ, кейинчалик бу тахлил қўйлар захарланишига қадар олинган тахлил эканлиги маълум бўлди. Шунингдек, чорва ҳайвонларининг ўлим сабаби, қўзиларни даволаш учун чўпонлар томонидан берилган маргимуш бўлиши ҳам мумкин деган таҳмин кўтарилди. Бу эса ҳокимиятни компанияга адвокатлик қила бошлаганини англатади.
“Jhong ji Mining” компанияси 2012-йили Давлат геология агентлигидан Солтон-Сари конини қазиш ва тадқиқот ишларини олиб бориш учун лицензия олган ва шу асосда жорий йилда тоғ-кон комбинати қурилиши кўзда тутилган.
Шу сабабли, юқоридаги учрашувда ҳукуматнинг Нориндаги вакили Аманбай Кайипов комбинат нима бўлишидан қатъий назар қурилишини билдирди:
-“… кондан фойдаланиш бўйича лицензия олган компаниянинг лициензиясини қайтариб олиш мумкин эмас. Улар ҳам қонуний асосда Давлат геология агентлигидан олишган. Ҳозир халқ билан тушинтириш ишларини олиб боришдан бошқа чорамиз йўқ”, деди у.
Юқоридагиларидан маълум бўлганидек, мазкур компания Атамбаев президентлиги вақтида тузилган, Хитой экспансиясига йўл очган шартномалар доирасида фаолият олиб бормоқда. Жорий йилда эса Шанхай саммити арафасида президент Жээнбеков Хитой босқинчилигини кенгайтирадиган 19 ҳужжатга қўл қўйди. Айни вақтда имзоланган ҳужжатлар доирасида Қирғизистонда Шинжон ҳарбий округи ҳарбийлари делегацияси юрибди. Бу Хитойнинг ҳарбий жиҳатдан аста-секинлик билан кириб келиш услублари жумласидандир. Маълумки, Шинжонда мусулмонлар Хитой ҳукумати томонидан хўрланиб, қамоқларда оғир зулмларни бошларидан кечиришмоқда.
Абдулҳакийм Қорахоний