Россия Ўзбекистонга етказиб берадиган ҳарбий қуроллар маълум бўлди

927
0

Россия Ўзбекистонга етказиб берадиган ҳарбий қуроллар маълум бўлди

 Ўзбекистон ва Россия орасида ҳарбий ҳамкорлик ҳақида имзоланган шартномалардан яна 12таси кучга кирди. Бу ҳақда РИА “Новости” хабар қилмоқда.

 Ёз фаслининг бошида Россия ҳукумати Ўзбекистонга ушбу ҳарбий-техник ҳамкорлик соҳасида 12 та шартнома учун кредит ажратишга қарор қилганини маълум қилган эди.

  Ҳарбий ҳамкорлик бўйича Россия федерал техник хизмати хабарига кўра Ўзбекистон 12А6 “Сопка-2” – трассали радиолокация мажмуасини сотиб олиш истагини билдирди.

 Шу билан бирга “Печора-2М” (С-125) зенит ракета мажмуаси учун техник хизмат кўрсатиш устахонаси сотиб олиш борасида музокаралар олиб борилмоқда.

 Шунингдек, Ўзбекистон Россиядан БТР-82А – шахсий таркиб транспортери сотиб олиш борасида ҳам музокаралар олиб бормоқда. Бронетранспортерлар Ўзбекистон учун махсус комплектацияда жиҳозланади. Худди шундай машиналар Россия, Қозоғистон, Озарбайжон ва Сурия қуролли кучларига етказиб берилади.

 Ўзбекистоннинг энг йирик буюртмаси эса – Ми-35М жанговар транспорт вертолётлари бўлади. Шартномага мувофиқ Россия Ўзбекистонга 2019-2020 йиллар ичида 12 та ана шундай вертолёт етказиб беради.

 Ўзбекистон Россиядан Су-30СМ русумли ҳарбий қирувчи самолётлар сотиб олишни ҳам режалаштирмоқда. Ушбу самолётлар энг замонавий самолётлардан бири бўлиб, улар ўта манёврли (чаққон ҳаракат қилувчи),  бошқарув векторли двигател, фазали радиолокатор билан жиҳозланган. Самолётларда энг замонавий “ҳаво – ҳаво” ҳамда “ҳаво – ер” туркумидаги юқори аниқлик билан нишонга олувчи  қуроллар ўрнатиш мумкин.

Изоҳ: Путинни Россия ичида ҳам, ташқарисида ҳам ҳарбий қувватга суянишдан ўзга чораси қолмади. Нуфузи остидаги давлатларда ҳарбий иштирокини кучайтириш орқали ўз нуфузини сақлаб қолмоқчи бўлаётган бўлса, Россиянинг ўзида оддий халқни ҳарбий вазиятни кучайтириш орқали ушлаб туришга интилмоқда. Бу мақсадда бевосита Путинга бўйсунадиган Миллий гвардияни ташкил этилиши ҳам Россияда ҳарбий ҳолатни жорий этиш учун ташланган навбатдаги қадам бўлди. Миллий гвардияга кенг имкониятлар берилиб, оммавий норозиликларни куч билан бостириш, ҳарбий ва махсус техникалардан фойдаланиш салоҳияти берилди. Миллий гвардия ҳеч бир огоҳлантиришсиз жисмоний куч ёки қурол қўллаш ҳуқуқига ҳам эга бўлди.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here