Захарова: АҚШ Россия-Хитой муносабатларини зайифлаштириш учун ҳаракат қилмоқда
Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова Вашингтон маъмурияти Россиянинг Хитой билан бўлган муносабатларини зайифлаштириш учун ҳар қандай ишни қилишга тайёр турганлигини даъво қилди. Захарованинг таъкидлашича, Қўшма Штатлар бу мақсадга эришиш йўлида ўз режаларини амалга оширмоқда.
“Улар (АҚШ) Москва ва Пекин ўртасидаги мавжуд ҳамкорликни ҳеч бўлмаганда заифлаштириш учун ҳар қандай ишни қилишга ҳаракат қиладилар. Улар бу ишни аллақачон бошланганлар. Ҳозирда бу борада дастур ва режалар амалга оширилмоқда”, деди рус телевидениясига интервью берган Захарова.
У ғарбликларнинг Россия ва Хитой ўртасида ривожланиб бораётган алоқалардан “жуда қўрқиб кетган”лигини ҳам қўшимча қилди.
Ўтган чоршанба куни уч кунлик расмий ташриф билан Россияга келган Хитой раҳбари Си Цзиньпин Россия президенти Владимир Путин билан учрашди ва ундан сўнг Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумининг меҳмони бўлди.
Форумда Си Цзиньпин Россия ва Хитой ўртасидаги муносабатлар барқарор тарзда тобора кенгайиб бораётгани ва ривожланишнинг энг яхши даврига ўтганига эътибор қаратар экан, Москва ва Пекин бир-бирини қўллаб-қувватлаб, асосий манфаатларини ўзаро ҳимоя қилиб келаётганини таъкидлаб ўтди.