Айдарбеков: Бишкек ва Пекин муносабатлари бузилмайди

989
0

Айдарбеков: Бишкек ва Пекин муносабатлари бузилмайди

 Қирғизистонда хитойлик ноқонуний меҳнат муҳожирларига қарши кайфият Бишкек билан Пекиннинг алоқаларига зарар етказмайди. Бу ҳақида Ташқи ишлар вазири Чингиз Айдарбеков 4-февралда Бишкекда бўлиб ўтган матбуот анжуманида шу тўғрисидаги саволга жавоб бера туриб айтиб ўтди.

 Вазир Хитой Қирғизистонга ҳар доим ёрдам бериб келгани, қўшни давлат ёрдамини Бишкек муносиб баҳолашини билдирди. У Хитойга қарши кайфият иғвогар кучлар томонидан уюштирилган бўлиб, шахсий характерга эга эканлигини ва икки давлат муносабатларига таъсир кўрсатмаслигини таъкидлаб ўтди.

 “Хитой бу – дунёдаги энг йирик иқтисодлардан биридир. Хитой – бизнинг яхши ниятли қўшнимиз. Хитой бу – катта товар айланиши, Хитой бу – қирғиз иқтисоди учун улкан сармоя. Хитой – инфратузилмавий йирик қўшма лойиҳалар. Буларнинг барчаси барқарор ривожланиш, иш ўринларини яратишга қаратилган. Шу сабабли иғволарга алданмаслик керак. Қирғизистон билан Хитойнинг муносабатлари жадал ривожланмоқда”, – деди Чингиз Айдарбеков.

 Туркистон:

Қирғизистон молия вазирлигининг 2018-йил 31 июл куни эълон қилган маълумотига кўра, Қирғизистоннинг давлат қарзи 4 миллиард 415 миллион долларни ташкил қилади. Қирғизистон Хитойнинг Экспорт-импорт банкидан энг кўп қарздор бўлиб, бу қарз 1 миллиар 700 миллион доллардан зиёд.

 Маълумки, Хитой ҳукумати бошқа давлатларга берган қарзларини пул кўринишида эмас, балки ер ва табиий бойликлар ҳисобидан қайтариб олишдан манфаатдор. Тожикистон ҳам Хитой олдидаги қарзини тўлашдан ожиз бўлиб қолгани сабабли Тоғли Бадахшондаги табиий қазилма бойликларга эга бўлган ерини бир қисмини Хитойга беришга мажбур бўлди. Қирғизистон ҳам 2024-йилдан бошлаб Хитойга бўлган қарзини тўлашни бошлаши зарур. Аммо Қирғизистоннинг бугунги иқтисодий аҳволи ва бюджетдаги танқислик бу ишни уддасидан чиқа олмаслигига далолат қилиб турибди. Шу сабабли ҳам Қирғизистон ҳукумати Хитой компанияларига ўз ерларидаги олтин ва бошқа конлардан фойдаланиш ҳуқуқини бериб, шу йўл билан ўз қарзини енгиллатишга ҳаракат қилмоқда.

  Қирғизистон қонунчилигига кўра, бошқа давлат иштирокида тузилган қўшма кархонада ишчилар сонининг 20 фоизи четдан келган ишчиларни, қолган 80 фоизи маҳаллий аҳолидан иборат бўлиши керак. Аммо амалда буни акси бўлиб, Хитой билан ҳамкорликда очилган қўшма кархоналар ишчиларининг аксари Хитой фуқароларидан иборат. Қирғизистон ҳукумати Хитой сармоядорлари ва ишчиларига кенг ҳуқуқ ва имкониятлар бериши ортидан хитойлик ишчилар маҳаллий аҳолига нисбатан босимлар ўтказиб, улар билан тузилган келишувларга риоя қилмай гўёки улардан худди қул қаби фойдаланиш йўлига ўтиб олди. Ҳатто хитойлик бир сармоядор ўз корхонасидаги маҳаллий қирғиз ишчиларини тушлик вақтида овқатни тик туриб ейишга мажбурлаб, уларга қарши куч ишлатди. Бишкекдаги ресторанлардан бирида хитой фуқароси ўзини ножўя тутгани сабабли танбеҳ берган қирғиз аёлларини ҳақорат қилиб, “мен депутатга қўнғироқ қиламан” дея таҳдид қилишгача бориб етди.

 Хитойга қарши кайфият  – расмий ҳукумат иддао қилганидек – “учунчи кучлар” тарафидан эмас, балки халқни Хитой босқини аста-секинлик билан бўлсада амалга ошиб келаётганини ҳис қилиши натижасида пайдо бўлди ва “Хитой босқинчилигига қаршимиз” деб номланган акция кенг омма қўлловига эга бўлди. Бу эса ўз навбатида расмий ҳукуматга жиддий муаммолар туғдира бошлади. Чунки, қирғиз иқтисоди асосан четда, хусусан, Россияда меҳнат қилаётган Қирғизистон фуқаролари ватанига жўнатаётган пуллар ва Хитой каби давлатлардан оладиган кредит ва ёрдамларга боғланиб қолган. Шу сабабли ҳам расмий ҳукумат халқнинг фикрини ўзгартириш ва ўзлари учун Хитой билан алоқаларни янада кучайтиришга ҳаракат қилмоқда.

 Аслида босқинчиликка қарши кураш, иқтисодий манфаатларга қарши кураш эмас, балки бу – Қирғизистонни иқтисодий заифлигидан фойдаланган ҳолда иқтисодий манфаатларни ўзига қурол қилиб, мамлакатларни қарзга ботириш йўли билан босқинчиликни мақсад қилиб кириб келаётган Хитой агрессиясиясига қарши фикрий курашдир!

 Абдураҳмон

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here