БМТ Украинанинг Қрим бўйича резолюциясини қабул қилди

600
0

БМТ Украинанинг Қрим бўйича резолюциясини қабул қилди

 17 декабр куни БМТ Бош ассамблеясининг 73-сессиясида можароларга барҳам бериш бўйича кун тартиби банди доирасида Қримни милитаризациялаш, шунингдек Қора ва Азов денгизлари ҳудудлари тўғрисидаги резолюция қабул қилинди. Мазкур қарорга жавоб тариқасида Россия вакили “Қримнинг тегишлилик масаласи узил-кесил ва тамомила ҳал этилгани”ни маълум қилди, дея хабар берди БМТ янгиликлар маркази.

 Қримни милитаризациялаш (ҳарбийлаштириш) ҳамда Қора ва Азов денгизлари ҳудудлари тўғрисидаги резолюция Украина делегацияси томонидан бошқа 40 та давлат ҳаммуаллифлигида кўриб чиқиш учун киритилган эди. Украина ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Кислица резолюцияни тақдим этар экан, барча давлатларни резолюцияни қўллаб-қувватлаш, Россияни эса Қора денгизда эгалланган уч кема ва уларнинг 24 нафар экипаж аъзоларини озод қилишга чақирди.

 Резолюцияда Россия қўшинларининг Қримда мавжуд бўлиши Украина миллий суверенитети, сиёсий мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигига зид экани ҳамда қўшни мамлакатлар ва Европа минтақаси хавфсизлиги ва барқарорлигига рахна солиши таъкидланади. Унда “Россия Федерациясининг босиб олувчи мамлакат сифатида Қримни ҳарбийлаштиришни кучайтираётгани муносабати билан” жиддий хавотирлар акс эттирилган.

 Муаллифлар Қора денгизда қарама-қаршиликнинг зўрайиб бораётгани ҳамда Россия томонидан Украинага нисбатан куч ишлатилиши, жумладан 25 ноябрь куни Украина Ҳарбий-денгиз кучларига оид уч кеманинг эгалланишини оқлаб бўлмаслигини таъкидлайди.

 БМТ Бош ассамблеяси Россияни кемаларни ҳамда уларнинг экипажлари ва ускуналарини шартларсиз, зудлик билан озод қилиш, шунингдек Украинанинг Қора ва Азов денгизлари, Керч бўғозидаги навигацион ҳуқуқ ва эркинликларига тўсқинлик қилмасликка чақирди. Ҳужжатда Россиянинг Керчь бўғози орқали “Россия Федерацияси ва вақтинча босиб олинган Қрим ўртасида” кўприк қураётгани ҳам қораланган.

 “Бош ассамблея Россия Федерациясини босиб олувчи мамлакат сифатида ўз қуролли кучларини Қримдан олиб чиқиб кетиш ва Украина ҳудудини вақтинча истило қилишга барҳам беришга чақиради”,- дейилади қабул қилинган резолюцияда.

 Резолюцияни 66 мамлакат қўллаб-қувватлади, 19 давлат қарши чиқди. 72 делегация овоз беришдан тийилди. Қарши овоз берган давлатлар қаторида Арманистон, Беларус ва Ўзбекистон ҳам бор. Қозоғистон ва Қирғизистон делегацияси овоз беришдан тийилган бўлса, Озарбайжон, Тожикистон, Туркманистон вакиллари иштирок этмади.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here