АҚШ Хитой билан “технологик уруш” бошламоқчи
АҚШнинг Хитойга қарши савдо уруши асосий рақиб билан «технологик урушни» бошлаш учун фақатгина баҳонадир. Бу ҳақда Фудань Шанхай университети сиёсатшуноси Вэн Ян айтиб ўтди. Бу ҳақида “kun.uz” хабар қилмоқда.
Унинг сўзларига кўра, Американинг тактикаси ZTE ва “Fujian Jinhua Integrated Circuit Company” йирик технология компаниялари билан боғлиқ ҳодисалар, шунингдек, декабр ойида “Huawei” компанияси билан юз берган воқеа туфайли ошкор бўлди. Вэн Яннинг фикрича, Қўшма Штатлар Хитойнинг инновацион корхоналарини нишонга олган. Аввалроқ Канадада АҚШнинг илтимоси бўйича “Huawei” молиявий директори Мэн Ваньчжоу ҳибсга олинди. Бу ҳафта Канададаги суд уни гаров эвазига озод этишга қарор қилди.
Яннинг ишонч билдиришича, “Huawei” америкаликлар нишонига айланган сўнгги компания эмас. Унинг қўшимча қилишича, АҚШ, катта эҳтимол билан, бундай кампанияни ўтказиш режасини тайёрлаб қўйган бўлиши мумкин, аммо Хитой ҳали ҳам аксилчоралар имкониятини кўриб чиқмоқда ҳамда бу масалада алоҳида вазминликни кўрсатяпти. Экспертнинг таъкидлашича, Хитой ҳукумати ХХРдаги Америка компанияларига қарши ҳеч қачон бундай тарзда ҳаракат қилмаган.
Пекин мамлакат манфаатларини ҳимоя қилиш учун самарали, аммо тажовузкор бўлмаган қарши ҳужумларни ишлаб чиқиши ва АҚШ томонининг келгуси ҳужумига тайёргарлик кўриши лозим, дея ҳисоблайди Вэн Ян. Шунга қарамай, эксперт Хитой аксилчораларга боришга тайёр эканига шубҳа билан қарамоқда. Унинг қўшимча қилишича, расмийлар, катта эҳтимол билан, АҚШнинг глобал етакчилигига эътироз билдирмоқчи эмаслар ва “ҳар доим сулҳ ҳақида келишишга тайёрлар”, анъанавий стратегик вазминлик амалиётини давом эттирадилар.