АҚШ генерали: Кобул ҳукумати Толибон ҳужуми қаршисида дош беролмайди
АҚШ Марказий кучлари қўмондони генерал Жозеф Вотелнинг ўрнига тайинланган генерал-лейтенант Кеннет Маккензи АҚШ Сенатининг қуролли хизматлар қўмитасида сўзга чиқди. Маккензининг таъкидлашича, ҳозирча АҚШ кучларини Афғонистондан олиб чиқиш режаси йўқ, АҚШ армияси Кобул ҳукуматини қўллаб-қувватлашда давом этади.
Афғонистон ҳақида баёнот берган Маккензи АҚШ кучларинининг Афғонистонда қолиш жараёни қанча давом этишини билмаслигини қўшимча қилди.
АҚШ генерали АҚШ кучлари бўлмаса, Кобул ҳукуматининг хавфсизлик кучлари учун жуда қийин бўлишини ва агар улар чиқиб кетадиган бўлса, Кобул ҳукумати Толибон ҳужуми қаршисида дош беролмай бир лаҳзада қулашига алоҳида урғу берди. Шунга қарамай, Маккензи АҚШнинг Афғонистонда аскарлар сонини ошириш нияти йўқлигини таъкидлади.
АҚШда жойлашган «Стратфор» тадқиқот маркази Афғонистон бўйича 2019 йилги тахминларни ўз ичига олган янги ҳисобот эълон қилди. Стратфорнинг тахминича, 2019 йилда ҳам Америка Афғонистонда қолади, аммо музокара стратегиясини давом эттиради.
Америкаликларнинг Толибон ҳаракати билан бошлаган музокаралар жараёнида Афғонистондан чиқиб кетиши ҳақида аниқ бир қарор қабул қилинмаган.
АҚШнинг 2001 йилда Афғонистонга бошлаган босқинчилиги АҚШ иқтисодиётига камида 1 триллион доллар зиён келтиргани ва ўн минглаган аскарларнинг ўлими ёки мажруҳ бўлиб қолишига сабаб бўлгани айтилади. АҚШ масулларига кўра, 2018 йилнинг ўзида Афғонистон уруши учун АҚШ бюджетидан 45 миллиард доллардан ортиқ маблағ сарфланган.