Россия АҚШнинг Суриядаги “террорчи”ларни Афғонистонга олиб ўтишидан хавотирда

667
0

Россия АҚШнинг Суриядаги “террорчи”ларни Афғонистонга олиб ўтишидан хавотирда

Россия Хавфсизлик Кенгаши Котиби Николай Патрушев Сурия ва Ироқда юз берган инқирозлар Афғонистонда қайта такрорланишидан огоҳлантирди. Унинг таъкидлашича, Вашингтон ва унинг айрим иттифоқчилари “террорчи” гуруҳларни Сурия ва Ироқдан Афғонистонга олиб ўтиши жиддий хатарларга сабаб бўлиши мумкин. Патрушев бу ҳақида пайшанба куни Теҳронда Эрон Миллий хавфсизлик Олий Кенгашининг котиби Али Шамхони билан учрашув чоғида айтиб ўтди.

“Америка Қўшма Штатлари ва унинг айрим иттифоқчилари террористик гуруҳларни Сурия ва Ироқдан Афғонистонга олиб ўтиши туфайли минтақа хавф-хатар остида қолиши мумкин”, деди Патрушев.

“АҚШ маъмурияти минтақада ўз мақсадларига эришиш учун терроризмдан қурол сифатида фойдаланмоқда. У хавфсизлик ва барқарорлик қайтишининг олдини олишга интилмоқда”, дея қўшимча қилди Россия Хавфсизлик Кенгаши Котиби.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ҳам жума куни ташкил қилинган матбуот анжуманида худди шу масалага тўхталди. Сергей Лавров Идлибдан чиқарилаётган мухолиф жангчи гуруҳлар ҳақида гапирар экан, “Уларнинг Афғонистон каби уруш алангаланаётган бошқа нуқталарга юборилиши ҳақида шубҳалар мавжуд. Бундай ҳаракатлар қабул қилиниши асло мумкин эмас, террорчилар йўқ қилиниши керак”, дея таъкидлади.

Россия президентининг Афғонистон бўйича вакили Замир Қобулов эса, “arabic.rt.com” ахборот агентлигининг мухбирига берган интервюсида Суриядан минглаб жангчилар Афғонистонга олиб ўтилаётганини даъво қилди. Қабуловга кўра, бу ҳаракат Марказий Осиёда беқарорликни вужудга келтириш мақсадида амалга оширилмоқда.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here