Москва ва Душанбе Толибонга ҳужум уюштирганлик даъвосини рад этди
Россия ва Тожикистон Афғонистоннинг шимолий-шарқида жойлашган Тахор вилоятида Толибон харакатига ҳаво ҳужуми уюштирганлик даъвосини рад этди. Бундан бир-икки кун аввал афғон ҳукуматининг икки масъули “Рейтерс” ахборот агентлигига берган интервьюсида, русларга ёки тожикларга қарашли ҳарбий самолётлар чегара ҳудудидаги қуролли ҳаракатга ҳаводан ҳужум уюштирганлигини маълум қилган эди.
Икки афғон масъулига кўра, мазкур ҳужумда Толибон ҳаракатига қарашли олти қуролли шахс ҳалок бўлган. Яна икки нафари тўқнашув чоғида ўлдирилган.
Бироқ Россия мудофаа вазирлиги тарафидан берилган баёнотда Афғон ҳукуматининг бу даъволари рад этилди. Баёнотга кўра, Россия самолётлари минтақада бирон бир жанговар амалиётларни амалга оширган эмас ва бу борада оммавий ахборот воситаларида тарқатилган хабарлар асоссиздир.
Тожикистон Мудофаа вазирлиги Миллий хавфсизлик қўмитасига қарашли манба ҳам тожик кучлари томонидан амалга оширилганлиги ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга зидлигини таъкидлади. Манбага кўра, Тожикистон миллий хавфсизлик қўмитаси Вазирлик билан батафсил маслаҳатлашиб, бу борада қарор қабул қилмас экан, Тожик кучлари ўз ҳудудидан ташқарида ҳарбий ужумларни амалга ошириш ваколатига эга эмас.
Ўз навбатида, Тожикистон чегара қўшинларининг расмий вакили “Интерфакс” ахборот агентлигига 10-12 кишидан ташкил топган қуролли гуруҳ Афғонистондан Тожикистон ҳудудига яширинча кирганлигини таъкидлади. Расмийга кўра, улар бир автомобилга ҳужум қилиши оқибатида икки киши ҳалок бўлган. Ҳозирда чегара назоратчилари ҳужумчиларни топиш учун амалиёт ўтказмоқда.